Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатини тингладим. Унда Президентнинг қайта сайланиш муддатларини ноллаштириш ҳақида гап кетади. Буни Конституцияга ўзгартириш киритиш орқали амалга ошириш мумкин. Хўш, бу қанчалик аҳамиятли? Қайси давлатларда бу амалиёт қай даражада синаб кўрилган?
Дарҳақиқат, интервьюда Содиқ Сафоев тўғри фикрларни билдирган. Бу биринчи навбатда давлат раҳбарининг ислоҳотларда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ адо этилишини назорат қилишига имкон беради. Хусусан ўтган 5 йил фаолият даври мобайнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқ фаровонлигига хизмат қиладиган жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар бошлаб юборилган. Энг аввало бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтиш жараёни ўзининг кульминацион нуқтасига яқинлашиб турибди. Албатта бугунги кунда бу лойиҳалар ўзининг самараларини ҳам бера бошлади. Аммо барча лойиҳаларнинг мантиқий якуни 2030 йилга белгилаб қўйилган. Яъни бу мамлакатдаги барча соҳаларни рақамлаштириш масаласида ҳам, аҳоли даромадларини юқори даражага кўтариш масаласида ҳам, камбағалликка тўлиқ барҳам бериш масаласида ҳам, энергоресурслар билан мамлакат аҳолисини тўлиқ таъминлаш масаласида ҳам, шунингдек Орол муаммосини ҳал қилиш, таълим-тарбияни юқори босқичга кўтариш ва бошқа қатор масалаларда ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилиш билан ўз мантиқий ечимини топади.
Бу ислоҳотларни кутилган натижадорлик билан якунига етказиш учун президентликка сайланиш муддатини нолга тенглаштириш, менимча, ҳар томонлама тўғри бўлади. Чунки бошлаган лойиҳаларини ўзлари самарали якунланишини назорат қилишлари керак. Шахсан менга ортиқча маблағ ва вақт сарфлаб қайсидир номзодни сайлаш ва шунча бошланган ишларнинг муваффақиятли якунланишини пайсалга солишда мантиқ кўринмаяпти. Қолаверса, шу ишларга тиш-тирноғи билан киришиб, Президентнинг ўзидан яхшироқ бошқара олишига кафолат бўлган номзодни ҳам кўра олмаяпман.
Бундан ташқари, жамиятда радикаллашув, фанатизм шунчалик кучлики, тез орада муҳолифат партия майдонга чиқиб, биронта соқолли президент сайланишидан хавотир ҳам йўқ эмас.
Тўғри, бу таклиф оммалашган ҳолатда қарама-қарши баҳслар кўпаяди. Чунки онгли қатламнинг асосий қисми жим қолишни афзал кўрадиганлар, онгсиз қатлам онгига эса афсуски, таъсир қилиб бўлинган. Айрим манфаатдор кимсалар томонидан ижтимоий тармоқларда ҳукуматни обрўсизлантириш давом этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси сайлов Кодексига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти беш йил муддатга сайланади ва бир шахс икки мартадан кўп кетма-кет Ўзбекистон Республикаси президенти бўлиши мумкин эмас.
Президент муддатларини ноллаштириш — бу конституцион чекловларни қайта кўриб чиқиш амалиёти. Унга кўра давлат раҳбарига ўз лавозимида максимал муддатгача қолишга имкон берилади. Ана шунда бу лидер ўзи бошлаган ислоҳотларни давом эттириши ва кутилган маррага етказиши мумкин. Бу амалиёт конституцияга маълум ўзгартиришларни киритиш билан асосланади.
Бундай тажриба Россияда, ундан олдин МДҲнинг бошқа давлатларида, Жанубий Америка ҳамда Африкада тажрибадан ўтказилган.
1996 йилда бу имконият Беларус раҳбари Александр Лукашенкога нисбатан амалга оширилган. У ҳамон ўз лавозимида фаолиятини давом эттириб келмоқда.
Ўзбекистоннинг собиқ Президенти Ислом Каримов 2007 йилгача 16 йил давомида давлат раҳбари бўлган эди. 1995 йилда эса икки президентлик муддатига қадар лавозим муддатини чўзиш расман сайловсиз белгиланди. Конституцияга кўра учинчи муддатга сайланиш мумкин эмасди, лекин 2002 йилги референдум ўтказилиб, президентлик муддатлари чўзилди. Ва конституция янгиланиши натижасида 2007 йилги сайловлар Ислом Каримов учун биринчи “муддат” сифатида қайд этилди.
Шу ўринда Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон мисолида ҳам 1994 йилда биринчи президентлик сайлови ўтказилган. 2006 йилда эса президентлик муддати ноллаштирилишидан кейин яна “биринчи” сайлов бўлиб ўтган.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев эса ўзининг илк ғалабасига 1991 йилдаги сайловларда эришган. У ўшанда президентликка ягона номзод бўлган эди. Тўрт йил ўтиб, 2000 йилги референдумда унинг президентлик муддати яна тўрт йилга узайтирилди. 2000 йилда эса Қозоғистоннинг янги конституциясига мувофиқ “биринчи” сайлов амалга оширилди.
Биз пандемия даврида, бутун дунёда инқироз чуқурлашган кунларда, қолаверса табиий ва техноген офатлар исканжасида ҳам бир ёқадан бош чиқариб, қаддимизни тиклаб олдик. Бу офатлардан олиб чиқишда Президентимизнинг роли катта бўлди.
Содиқ Сафоев таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда Конституцияни ўзгартириш зарурлиги ва долзарблигини ўз-ўзидан давр тақозо этмоқда. Ҳозирги таҳликали замонда бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган лидер Ўзбекистонни жипслаштириб, барча қатламларни ҳукумат билан биргаликда кўзланган манзилга олиб боришига имкон бериш керак.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист