Ҳозирги вақтда гени ўзгартирилган маҳсулотлар ҳақида кўп эшитяпмиз. Хўш, улар нимага керак ва нимаси билан хавфли? Бу саволларга мутахассислар ёрдамида жавоб топишга ҳаракат қилдик.
ГЎМлар ҳаётимизга суқилиб кирганига бир неча ўн йилликлар бўлди. ГЎМлар, яъни трансген организмлар бошқа биологик объектларнинг гени кўчириб ўтказилган ўсимликлар, жониворлар, шу жумладан микроблар ҳам бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда трансген ўсимликлар борган сари кўпроқ оммалашмоқда. Гени ўзгартирилган маҳсулотларнинг дастлабки вакиллари –Монсанто компанияси томонидан яратилиб илк бор 1994 йилда АҚШ да истеъмолга чиқарилишга руҳсат этилган помидорлардир. Шундан буён гени ўзгартирилган мева-сабзавот турлари 400 тадан ошиб кетди.
Гени ўзгартирилган ўсимлик ва ҳайвонларнинг кўпайиши дунё экологлари эътиборидан четда қолмади.
Ўсимликларнинг генини ўзгартириш ишлаб чиқарувчилар учун фойдали бўлиши мумкин лекин инсонлар учун, биохилма-хиллик учун катта зиёндир.
Афсуски, ҳозирда мамлакатимизда хориждан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини текшириб, гени ўзгартирилганми ёки йўқлигини аниқлайдиган махсус лабораториялар мавжуд эмас. Шу сабабдан улардан эҳтиёт бўлиш ҳозирча ҳар бир фуқаронинг ўз масъулиятидир.
Ичида қаттиқ ўзаги бор помидор, пўсти қалин, пластмасса каби олмаларни кўргандирсиз? Улар узоқ шаҳарларга ташишда эзилиб кетмайди, 3-4 кунда айниб қолмайди дўконда тез сотилмаса ҳам энди бандидан узилгандай бўлиб, ялтираб тураверади. Уларнинг аксарияти гени ўзгартирилган маҳсулотлар бўлиши мумкин.
“Бегона” ген ёрдамида зараркунанда ҳашаротларга ва ноқулай иқлим шароитларига чидамли, ҳосилдорлиги юқори, хона ҳароратида узоқ сақланадиган турлар пайдо бўлади.
Масалан, барчамиз яхши кўриб истеъмол қиладиган картошка, помидор ёки қулупнай генига бошқа бир совуққа чидамли, ҳашаротларни жалб қилмайдиган ўсимлик ёки жонзотнинг гени қўшилади. Бунинг натижасида помидорни шимолнинг энг олис бурчакларида ҳам етиштириш мумкин, картошка ҳосили эса Колорадо қўнғизидан жабр кўрмайди.
Тадқиқот
Гени ўзгартирилган маҳсулотлар жониворлар учун ҳам хавфли. Инглиз олимлари ўтказган тажрибага кўра, тадқиқотчилар каламушларни маълум вақт давомида гени ўзгартирилган картошка билан боқишган. Шундан сўнг каламушлар организмида ғайриодатий ўзгаришлар, жигар, буйрак ва бош мия касалликлари пайдо бўлган. Чунки гени ўзгартирилган озиқ-маҳсулотлар ҳужайралар мутациясига замин яратади. Айнан ҳужайралар мутацияси саратон ривожланишига олиб келиши мумкин.
Демак, ортиқча муаммоларга дуч келмаслик учун озиқ-овқатларни танлашда эҳтиёткор бўлиш керак.
Ўзбекистонда маҳсулотларнинг гени ўзгартирилмайди. Шунингдек хориждан келтирилган маҳсулотларда ГЎМ борлигини текшириш ва рухсат беришда ҳам аниқ хулосалар эълон қилинмайди. Биз юртимиздан экспорт қилинадиган мева ёки сабзавотларнинг “яроқсиз” дея баъзан қайтариб юборилганини хабарларда кузатамиз. Аммо ҳозирда бу борада бизнинг имкониятларимиз чекланган.
ГЎМ маҳсулотларнинг зиёни
Маъмура РУСТАМОВА, валеолог:
–Дўконларда чиройли қадоқларда сотиладиган маҳсулотлар кўзни қувонтиради. Аммо, минг афсуски, улар орасида инсон ва жониворлар организмига зарарли бўлган ГЎМлар ҳам мавжуд. Олиб борилган тадқиқотларда ГЎМ озиқларни истеъмол қилиш жиддий аллергик реакцияларга, энг ёмони иммун тизими ишдан чиқишига олиб келиши тасдиқланди. Бундай маҳсулотларни доимий тарзда истеъмол қилиш оқибатида ошқозон шиллиқ пардаси жиддий зарарланади, натижада тузалмайдиган яра пайдо бўлиши мумкин. Шунингдек, улар таъсирида ичаклардаги микробларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошади.
Текширишлар шуни кўрсатдики, гени ўзгартирилган маҳсулотлар аёл ва эркакларда наслсизлик (бепуштлик) муаммосини келтириб чиқариши ҳам мумкин экан. Айниқса гени ўзгартирилган турли гўшт маҳсулотларида аёллар репродуктив тизимига салбий таъсир кўрсатадиган фитоэстроген моддалар мавжудлиги аниқланган.
Ёш болаларни гени ўзгартирилган соядан тайёрланган маҳсулотлар билан озиқлантириш эса уларда қалқонсимон без (умуман эндокрин без муаммолари) ҳамда онкологик хасталикларга замин яратиши аниқланган. Шунинг учун маҳсулотларни сотиб олганда эътиборли бўлишни маслаҳат берамиз. Импорт маҳсулотларнинг қадоқларидаги ёзувларда “таркибида генетик ўзгартирилган соя ёки бошқа қўшимча бор” деган ёзувга кўзингиз тушса, уларни сотиб олманг.
Умид МУРОДОВ, инфекционист-гепатолог:
–Бундай маҳсулотларнинг ҳужайраларга таъсир кўрсатишини ҳисобга олсак, улар наслга, ирсиятга салбий таъсир қилиши мумкин.
Генетик ўзгартирилган организмлар таннархи пастроқ, атроф-муҳитдаги омилларга чидамлироқ ва ҳосили кўпроқ бўлиши учун ишлаб чиқилади. Бу орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаслиги муаммосини ҳал этиш унинг ижобий жиҳати бўлса, аммо биохилма-хилликка таҳдид солиши, истеъмол бозорларига тўлиқ назоратдан ўтмаган уруғлар ҳамда маҳсулотлар кириб келиши каби салбий томонларидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Аммо айни пайтда келиб чиқиши аниқланмаган хавфли ўсма касалликлари, мутацияга учраган ҳужайраларда уларнинг ҳам иштироки бўлиши мумкин. Амалиётимизда айрим беморларда таҳлил натижаларида ҳеч қандай инфекция чиқмайди, аммо ўсимта ёки тўқималарнинг емирилиш жараёни кузатилади. Албатта, танадаги моддалар алмашинувининг бузилишида ва организмга ҳар хил ҳазм бўлмайдиган моддаларнинг тўпланишида нотабиий озиқ-маҳсулотларнинг ҳиссаси бор, деб ўйлайман.
Абдумалик РУСТАМОВ,
Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш маркази бўлим бошлиғи, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди:
–Генетик ўзгартирилган экинларни яратиш борасидаги тажрибалар ўтган асрнинг 60-йилларида бошланган. Трансген маҳсулотнинг биринчи намунаси, таркибига камбала балиғининг гени киритилган помидор бўлган. Янги помидорга камбаланинг совуққа чидамлилик хусусияти ўтганлиги сабабли музлаганда нобуд бўлмайди, аксинча совуқда ҳам ривожланаверади. Унинг асосий хусусияти касалликлар, зараркунандалар ва бошқа ноқулай табиий шароитларга ўта чидамлилигининг ошиб кетишидир. Шунинг учун гени ўзгартирилган экинларни касаллик ва зараркунандаларга қарши чидамлилигини таъминлаш учун пестицидлар билан ишлашга умуман ҳожат қолмайди. Пестицидларнинг кам қўлланилиши натижасида қишлоқ хўжалигида зараркунандалар кўпайиши ва табиий трансген бўлмаган навларнинг қрилиб кетишига олиб келиши мумкин. Гени ўзгартирилган ўсимликларнинг биохилма-хилликка салбий таъсири мана шунда кўринади.
Айни кунларда дунёда буғдой, шоли, соя, ғўза каби экинларнинг трансген турлари тарқалмоқда. Олимлар бундай маҳсулотларнинг одам саломатлигига, инсоният наслига таъсир қилиши эҳтимолидан ташвишланишмоқда. Улар ген кўчишлари ва мутацияланиш кўринишида улар келажакда одамларда инсонийлик қиёфаси йўқолишига олиб келиши мумкинлигини ўйлаб хавотирда.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Аксариятимиз қимматбаҳо супермаркетлардаги пластмассага ўхшаш мева ва сабзавотлардан олиб, фарзандларимизга едирамиз. Азиз меҳмон келганда ҳам пулни аямай, чиройли аммо таъми сал ғалатироқ импорт егуликларни дастурхонга қўйишга ошиқамиз. Уларнинг организмга зарарини ўйламаймиз. Лекин аслида қуртлаган ёки ғадир-будир бўлса ҳам ўзимизнинг мева ва сабзавотлар табиий, хавфсиз ва соф бўлишини мутахассислар кўп марта такрорлаган.
Жаҳон статистикасига кўра, озиқ-овқатдан келадиган касалликлар туфайли йилига салкам 600 миллион киши касалланади, 420 минг киши вафот этади. Бу истеъмолчиларга тақдим этилаётган озиқ-маҳсулотлар сифати ва таркибига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини, табиий биохилма-хилликни асраш ниҳоятда муҳимлигини англатади.
Манзура БЕКЖОНОВА
.