Фарғона вилоятида ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича намунали ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишга қўшимча куч сифатида жалб этилган янги тизим – ҳоким ёрдамчилари фаолияти самарасини ўрганиш мақсадида ОАВ вакилларидан иборат пресс-тур ташкил этилди. Мазкур икки кунлик тадбир Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимияти ҳамкорлигида ўтказилди.
Пресс-турнинг биринчи кунида журналистлар Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига бориб, ушбу даврга қадар амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар. Бу ерда сартарошлик, пайвандчилик, сантехниклик, маиший техникаларни таъмирлаш, умумий қурилиш, тикувчилик, болалар энагаси, ҳисобчилик, косметолог каби 26 турдги касб-ҳунарлар ўргатилади.
–Марказимизга асосан бандлик марказлари орқали йўналтирилган ишсиз фуқаролар мурожаат қилади. Уларнинг аксарияти аёллар бўлиб, ўзи танлаган йўналишда бепул ўқитилади. Ўқиш муддати айрим касблар учун 2 ой, айримлари учун 3 ой. Битказганларга сертификат берилади. Ўқиш харажатлари бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. Ўқув курсларини муваффақиятли битказганларга тадбиркорликни бошлаш учун имтиёзли микрокредит ажратиш бўйича банкларга тавсияномалар берилади. Мономарказимиз қошида 5 та хорижий тилларни ўрганиш бўйича курслар ҳам бор, хорижга кетиб ишлаш ниятида бўлганлар бу курсларда ўқишлари мумкин, – дейди моно марказ директори Бекзод Мамажонов.
Журналистлар мономарказдаги тикувчи дизайнерлар дарс жараёнини кузатишди. Уларга фақат тикиш-бичишмас, параллел равишда тадбиркорлик дарслари ҳам олиб борилади.
Биз бу ерда ўқиган мутахассисларни ўз касбининг устаси қилиб чиқаришга ҳаракат қиламиз. Масалан тикувчи аёллар нафақат буюртма маҳсулотлар, балки замонавий урфдаги кўйлаклар, кастюм-шимлар тикишни ҳам ўрганишади. 3 ой ўқигандан сўнг ўқувчиларни амалиётга жўнатамиз. Маслалан, ўқувчиларимиз маълум қўшма корхоналарда амалиёт ўташса, ойлик ҳам олишади. Энг асосийси бу курслар иқтисодий танг аҳволдаги аёлларнинг иқтисодини кўтариш учун жуда қулай. Ўқиш 3 ой бўлса: 2 ой назарий, 1 ой амалий. Шу билан бирга тадбиркорлик дарслари, шартномавий мижозлар учун хорижий тиллар ҳам ўргатилади, – дейди мономарказнинг дизайнер ўқитувчиси Дониёр Отахонов.
Мутахассисларнинг айтишича ушбу мономарказда сартарошлик, косметология, тикувчилик, пайвандчилик каби йўналишларда ўқишга талаб кучли. Бу ерга вилоятнинг турли туманлари ва қишлоқларидан келиб ўқишади. Маҳаллалардаги ишсиз ёшларни ўқув-амалий марказга йўналтиришда ва уларнинг банкдан кредит олиб, ўз фаолиятини бошлашларида ҳоким ёрдамчилари бевосита кўмакчи бўлишмоқда. 2022 йилнинг ўтган даврида биргина “Шодиёна” маҳалласидан 20 нафар янги иш бошлаган тадбиркорларга кредит олиб берилди.
Манзура БЕКЖОНОВА, Фарғона-Тошкент
Фото: Манзура Бекжонова
Ўхшаш хабарлар
-
Америкалик муҳандис Темурийлар даврини виртуал реалликда яратмоқчи
-
КИБЕР ЖИНОЯТЧИЛИК ҲУЖУМИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ
-
МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ ДОИРАСИДА ҚУРЪОН КУНИ БЎЛИБ ЎТДИ
-
Гендер тенгликни таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда
-
Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона ва тўғри йўли