Ислом қадриятлари: кеча ва бугун

Ислом ҳаққоният ва инсонийлик динидир. У поклик, хушҳулқлик, ҳаё, инсоф, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик каби инсоний фазилатларга йўналтиради.

Юртимизга ташриф буюрган хорижлик журналист билан суҳбат жараёнида Ғарб давлатларида Ислом цивилизацияси, Ислом эътиқодидаги одамлар ҳақида, аксарият ҳолатларда, салбий муносабат шаклланганлигини эшитиб ҳайрон  бўлгандим. Тошкент шаҳри азалдан Ислом маданияти марказларидан бири  сифатида эътироф этилгани учун лондонлик мутахассисни Ҳазрати Имом мажмуасига олиб бориб, диний идорамиз вакили билан суҳбатга чорладим. Олимнинг кенг дунёқараши, ҳам дунёвий, ҳам диний билимларга эга эканлиги,  бемалол инглиз тилида суҳбат қура олиши меҳмонимизни яхши маънода ҳайратлантирди. Интервью чоғида юртимизда Ислом маданияти, қадриятлари, урф-одатлари, аҳлоқий меъёрлари ҳақидаги мазмунли суҳбат   англиялик тажрибали журналистнинг юртимиз маданияти ҳақидаги тасаввурини  янада кенгайтирди. Тасвирга олиш жараёни ва унинг натижасидан  кўнглим тўлган бўлса-да,  мавзуни кенгроқ ёритишга эҳтиёж, талаб, шу билан бирга ечимини кутаётган муаммолар борлигини тушундим.

Мавзуга чуқурроқ ёндашиш учун, кўпмиллатли, турфа дин ва эътиқод вакиллари истиқомат қиладиган  юртимизда Мустақиллигимизнинг илк йилларида   чоп этилган “Ислом дини  нима” рисоласига мурожаат қилайлик. “Ислом ҳаққоният ва инсонийлик динидир. У поклик, хушҳулқлик, ҳаё, инсоф, меҳр – оқибат ва ватанпарварлик каби инсоний фазилатларга чақиради. Ислом оқкўнгил, тоза виждонли, ҳақиқий инсонни яратишда тарбиянинг икки воситасини қўллайди: илмга асосланган эътиқод ва ибодат”[1]. Рисола муқаддимасининг илк сатрлариданоқ инсоний тарбия, гўзал фазилатларни шакллантириш ҳақида сўз кетган.  Яъни, Ислом дини негизида инсонийлик, маънавий  камолот мавжуд. Ислом динининг ана шундай эзгу асослари мана неча асрлардан бери халқимизнинг миллий маданияти, қадриятлари, урф-одатлари, аҳлоқий мезонлари, оилавий муносабатларда, ҳатто, илмий йўналишларда  ўз аксини топиб келмоқда. Масалан, мумтоз адабиётимизни  тушуниш учун  тасаввуфни англаш, ҳис қилиш, ҳеч бўлмаганда, бу борада маълум бир маълумотга эга бўлиш керак. Тарихга назар солсак, Ислом илмини дунёга танитган муҳаддис олимларнинг аксарияти юртимизда вояга етиб тарбияланганига гувоҳ бўламиз. Имом Ал Бухорий, Ат Термизий, Ал Марғиноний каби маънавиятимиз дарғалари қаторида  аниқ фанлар  тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган Абу Али Ибн Сино, Ал Беруний, Ал Хоразмий каби тафаккур соҳибларининг дунё тамаддунида тутган ўрнини ёдга олиш зарур. Бир неча йўналишда изланишлар олиб борган ушбу файласуф олимлар Ислом илми тараққиётига ҳам ўз хиссаларини қўшганлар. Минтақанинг бир неча давлатларида яшаб  араб ва форс  тилларида ижод қилганлар. Бундай тарихий мисоллар орқали биз  Ислом динида  маънавий поклик,  илмга интилиш борлигини тушунамиз. Бугунги кунда юртимизда Ислом цивилизацияси  маркази  қад ростламоқда, Ислом академияси фаолият кўрсатмоқда, Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган олимларнинг руҳига ҳурмат бажо келтирилмоқда – бу каби  ижобий ишларнинг саноғини яна узоқ давом эттириш мумкин.    Аммо бугунги кунда Исломни ниқоб қилиб олганлар бу каби тарихий фактларни ё билишмайди, ёки билишни исташмайди.

Маълумки, жаҳонда дин ниқоби остида  турли тажовузкор ғояларни тарғиб қилиб, миллатлараро зиддиятларни келтириб чиқараётган кучлар турли низоларга сабаб бўлмоқда. Диний экстремистик оқимлар фаолияти, террорчилик ҳаракатлари кимларнингдир манфаатлари учун бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда, содда инсонларни йўлдан адаштирмоқда. Ачинарлиси  бу каби оқимларга билиб-билмай қўшилиб қолган одамларнинг оила аъзолари, норасида болалари бир умрлик руҳий зарбага дучор бўлишмоқда. Тинч-осойишта ҳаётга раҳна солинмоқда.  Шу билан бирга,  бошқа дин вакилларида Ислом дини ҳақида салбий тушунча ҳосил бўлишига ҳам  олиб келмоқда. Узоқ тарихий негиз, инсонларнинг онг ости даражасидаги  эътиқодидан  фойдаланганлар, динни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг қандайдир сиёсий, иқтисодий манфаатларида фойдаланишмоқда.  Диний илмдан бехабар инсонлар уларнинг тузоғига тез илинишмоқда.  Мисол учун Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судидан олинган маълумотларга кўра  2018 йилда пойтахтимизда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш билан боғлиқ жами 28 та жиноий иш кўрилиб чиқилиб, уларда 36 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Статистик маълумотларга кўра уларнинг 4 нафари аёл киши бўлган.  20 нафар  шахсга озодликни чеклаш, 14 нафарига эса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Улар орасида шартли ҳукм чиқарилганлар ҳамда аҳлоқ тузатиш ишларига юборилганлар ҳам бор.  Шу билан бирга жамоат ҳавфсизлиги ва  тартибига таҳдид соладиган   материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш билан боғлиқ   14 та жиноий кўрилиб чиқилиб,  8 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган, икки нафари озодликдан чекланган бўлиб, жиноятчилардан биттаси аёл киши экан.   Албатта, бундай статистик маълумотларни яна кўплаб давом эттириш мумкин. Ҳар бир рақам остида бир бахтсиз оила, завол бўлган умр, адашган қалб бор. Сабаби эса, оддий-билимсизлик… Тўғри йўлдан адашишлик.  Ислом арконлари, ҳукмларини ўзининг шахсий манфаатлари йўлида нотўғри талқин қилган кимсалар сўзларига ишониш, динимизнинг асл моҳиятини билмаслик…. Ислом илми аслида,  фақат эзгуликка, фақат покликка етаклайдиган муқаддас илмдир.  Сўзларимиз исботи учун илмий адабиётга мурожаат қилдик. ““Аҳкоми аҳлиз-зимма (“мусулмонлар зиммасидаги ҳукмлар”) деган қонунлар йиғиндиси китобида (муаллифи Ибн ал-Қаййим ал-Жавзийя): “Мусулмон билан  бирга уларнинг ҳимоясида яшовчи ғайридинлар барча тегишли ҳуқуқларга эгадурлар”, дейдилар. Уларни камситув оғир гуноҳлардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда равшан баён этади (…) Яъни, “Аллоҳ сизларни сизга қарши дин учун қурол ишлатмаган ва юртингиздан ҳайдаб чиқаришга уринмаган ғайридинлар билан эзгуликда яшаш, уларга инсоф қилишдан сизларни манъ қилмайди. Батаққақ Аллоҳ адолатли кишиларни яхши кўради  (….) Шу даъватларга мувофиқ  ҳар бир мусулмон киши ўзи билан бир жойда яшаётган ва ишлаётган ғайридинлар билан тинч-тотув яшашга, унга адолат ва инсоф билан муомалада бўлишга даъват қилинган. Уларга умумий раҳмдилик ва шафқат назари билан қараш, ҳаётининг барча соҳаларида ҳамкорлик қилиш буюрилган”[2].  Ислом динининг ана шундай умуминсоний пок асоси туфайли неча асрлардан бери   турли дин вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда келишиб яшаб келишмоқда.   “Масалан,  (…) Сурия ва Мисрда миллионлаб насронийлар, Ироқда Собинлар, Бухоро ва Самарқандда кўплаб яҳудийлар минг йил давомида яшаб келмоқдалар. Мусулмонлар уларни тазйиқ остига олинганлари ва мажбуран  ислом динига киргизиш учун ҳаракат қилмаганлари тарихда аёндир” [3].  Хўш, нима учун сўнгги ярим асрлик давр ичида диний кесимдаги зиддиятлар дунёдаги нотинчликка сабаб бўлмоқда?  Нима учун одамлар ўз ихтиёрлари билан бундай оқимларга қўшилиб қолишмоқда? Нима учун ота-оналар  ҳеч қандай педагогик, тиббий  талабларларга жавоб бермайдиган, малакали мутахассислар жалб қилинмаган ҳужраларда фарзандларига дин асосларидан сабоқ олишига йўл қўйиб беришмоқда?  Ечилмаган муаммолар, жавобини кутаётган саволлар бисёр…. Биргина мақола, ҳужжатли фильмни тайёрлаш орқали уларни ҳал қилиб бўлмайди. Неча асрлардан бери маънавий камолотга етаклаган Ислом дини бугунги кунда бузғунчи ғояларга қурол бўлаётгани  кишини ҳайратлантиради.

Илм-фан тараққий этган бугунги ахборот асрида инсон   психологияси, физиологияси  ўзгармаган. Барча физиологик эҳтиёжлари билан бирга ҳар бир одамда руҳий, маънавий эҳтиёжлари  ҳам мавжуд. Ишониш, эътиқод қилиш шулар жумласидандир.  Эътиқодларига кўра маълум бир билим, маърифатга эга бўлиш ҳар бир инсоннинг табиий эҳтиёжидир. Балки ёмон ниятда эмас, ана шундай ота-боболардан мерос бўлиб келаётган диний маърифатни  ўрганишни мақсад қилиб туриб, баъзилар йўлдан адашаётгандир?  Соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган махсус билим юртларида Ислом илмини ўргатиш баробарида, оддий одамларга бу борада маълум  билимларга эга бўлиш учун шароит қилиб бериш – бугунги кунда давр талаби бўлмадимикан?…  Бу борада соҳа мутахассислари  билан бирга  мутасадди раҳбарларнинг  зарур қарорларни чиқаришларини  кутиб қоламиз.

Мақола муқаддимасидаги ҳолатга қайтадиган бўлсак, сўнгги йилларда   бутун дунёда Ислом динига бўлган салбий муносабат шаклланган. Бу эса, нафақат сиёсий, ижтимоий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Балки, иқтисодиёт ривожига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Мисол учун, юртимизнинг туристик салоҳияти, туризми йўналишида инвестиция киритиш имконияти ниҳоятда юқори.  Ташриф буюраётган  хорижлик меҳмону мутахассисларни, бой- бадавалат ишбилармонларни миллий маданиятимиз, тарихимиз, динимиз ҳақидаги тасаввурини бойитсак уларнинг сони янада ортади.

Ҳозирда  маънавий инқирозга юз тутиб, эътиқодсиз қолган жаҳон оммасига Ислом цивилизациясининг асл тарихий моҳиятини тушунтириш вақти келмадикан? Бунинг учун, аввало,  ўзлигимизни ўзимиз тушунишимиз, англашимиз, пок динимиз, покиза  эътиқодимиздан фаҳрланишимиз керак.

Юлдуз   Ортиқова, филология фанлари номзоди

[1] Раҳматуллоҳ Расулжон ўғли.  Ислом дини нима. Т. : Мадина. 1992 й. -4 б.

[2] Абдуғани Абдулла ўғли. Мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари. Т.Адолат.1993 й.-39-40 б.

[3] Абдуғани Абдулла ўғли. Мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқлари ва вазифалари. Т.: Адолат.1993 й.- 40 б.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: