Президентимиз ўтган йили Қашқадарё вилоятига қилган ташрифи чоғида Шаҳрисабзни фестиваллар шаҳрига айлантириш, ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Олимжоновнинг маълум қилишича, кейинги вақтда ҳудудда эътироф қилишга арзигулик ишлар амалга оширилди. Мавжуд меҳмонхоналар замон талаблари асосида модернизация қилинди, ўнлаб янги меҳмонхоналар, юзга яқин меҳмон уйлари ташкил этилди. Шаҳрисабзга қўйилган “Афросиёб” тезюрар поезди сайёҳлар қатновини қулайлаштиртирмоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида журналистлар ва туроператорлар иштирокида Шаҳрисабзга ташкил этилган “Инфо-тур”да ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтириш, уни фестиваллар шаҳрига айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумот берилди.
Маълумот учун: Шаҳрисабзда 2019-2020 йилларда соҳада қиймати 299,3 млрд сўм (тадбиркорларнинг ўз маблағлари 206,6 млрд сўм, банк кредити 92,7 млрд сўм)ўзлаштириш ҳисобига 72 та лойиҳалар амалга оширилади.
Жумладан, меҳмонхоналар ташкил қилиш бўйича 148,5 млрд сўм маблағ ҳисобига 15 та меҳмонхона, 1,8 млрд сўм маблағ ҳисобига 40 та меҳмон уйлари, ўтов уйлар ва дам олиш уйларини ташкил этиш лойиҳалари, 72 млрд сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 4 та аҳоли дам олиш масканлари барпо этилади.
Ҳудуднинг табиий қулайликлари кенг. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, экотуризм, этнотуризм, зиёрат ва экстремал туризм каби янги йўналишлар ривожига ҳисса қўшувчи лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Бугунги кун янгиликларидан яна бири интернет тармоғида воҳада туризм тарғиботи бўйича янги веб-сайт ҳамда инвестицион портал лойиҳаси ишлаб чиқилиб тасдиқланди.
Шаҳрисабз бу йилги фестиваллар мавсумини 20 март санасида Миллий либослар фестивали билан бошлаб беради. Миллий подиум минбарида жаҳоннинг йирик фестивалларида бетакрор ижод намуналари билан қатнашиб, юксак эътирофга сазовор бўлган модельер ва ҳунармандлар иштирок этади. Шаҳардаги Амир Темур хиёбони ва “Оқ сарой” мажмуаси хиёбони миллий безаклар билан безатилиб, ҳар бир шаҳар ва туманларнинг миллий либослари, урф-одатлари, таомлари намойиш этилади.
Матбуот анжуманида моҳир ҳунармандлар ўз режалари, фестиваль олди тайёргарликлари ҳақида сўзлаб беришди, Миллий либослар фестивалининг тарғибот ролиги намойиш этилди.
Илк бор Аэронавтика фестивали бўлиб ўтади
Жорий йилнинг апрель ойида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз ва Китоб туманларида халқаро миқёсда ҳаво шарлари фестивали ўтказилади. Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси раиси Тоҳир Солиевнинг айтишича, ҳозирда туризм индустрияси ривожланган мамлакатларда сайёҳларни ҳаво шарларида сайр қилдириш кўнгилочар дастурлар рўйхатига киритилган. Китоб ва Шаҳрисабзнинг гўзаллигини, ажойиб табиати ҳамда тарихий обидаларини қуш парвози баландлигидан томоша қилиш одамга ўзгача завқ бағишлайди. Бизда туризмнинг бу соҳасини ривожлантиришга имкониятлар етарли. Ҳозирда ҳаво шарлари чет элдан сотиб олиняпти, сифатли, хавфсизлиги кафолатланган энг яхши брендлардан олиб келинади. Мавжуд аэростатлар етарли бўлса-да, кўп сонли иштиёқмандларга хизмат кўрсатиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан аэронавтика бизнесменлари таклиф этилади. Улар ўзларининг ранг-баранг ҳаво шарлари билан келиб, юртимиз аҳолиси ва меҳмонларига хизмат қилади.
–Асл касбим шифокор, бир неча йил болалар шифохонасида ишлаганман. Аэронавтика билан шуғулланишимга ёшлигимдан учувчиликка қизиқишим сабаб бўлган, – дейди федерация раиси. – Америкада бўлганимда у ерда ўтган аэронавтика фестивалини кўрган эдим. Кейин юртимизда ҳам ҳаво шарлари фестивалини ўтказиш ғояси туғилди.
Ҳукуматимиз ва Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти бўлими саъй-ҳаракатлари билан орзуларимиз амалга ошяпти.Сўнгги йилларда федерация томонидан республикамизнинг диққатга сазовор жойларида ички ва ташқи сайёҳлар учун ҳаво аэростатларида унутилмас саёҳатлар ташкил қилинмоқда. Биринчи аэронавтика халқаро фестивали шу йилнинг 25 апрель санасига мўлжалланган ва ҳар йили ўтказилиши кўзда тутилган.
Манзура БЕКЖОНОВА, Шаҳрисабз