Тан олиш керак, ҳозирги ахборот-технологиялар даврида кўплар қатори журналистларнинг ҳам ҳаракат фаоллиги чекланиб қоляпти. Интернет қулайликлари бизни креслога “михлаб” қўйган, ўз қобиғимизга ўралиб қолганмиз. Ахборот олишнинг осон йўлларини ўрганиб олдик, бизга маълумотлар асл манбадан эмас, воситалар орқали етиб келяпти. Бу жараённи бозордаги экологик тоза маҳсулот ўрнига, яқин супермаркетдан таркиби номаълум консервантни олиб, истеъмол қилишга ўхшатиш мумкин. Хуллас, дарахтдан узилган мева сервитамин, сифатли масаллиқдан тайёрланган таом ширин бўлади. Демак, ёзиладиган мавзуни жойида ўрганиб, қалам тебратишнинг гашти бўлакча.
Шу мақсадда Ўзбектуризм давлат қўмитаси “ҳайт” дедию, биз ҳам сафар халтамизни олиб йўлга чиқдик. Бу инфо-тур нафақат воҳа туристик салоҳиятини тарғиб қилиш, балки биз – ижод аҳлининг ҳам “миямизни шамоллатиш” имконияти эди.
«Қулоқчинни олиб кетинг!»
Тошкент вокзалидан Тошкент-Шаҳрисабз йўналишидаги Афросиёб – “учар поезд”ига чиқдик. Ҳамкасбларим жойлашибоқ хабар ёзишга киришиб кетишди. Мен эса, тезюрар Афросиёбга биринчи чиқишим, беихтиёр унинг афзалликларини одатдаги поезд билан солиштира бошладим. Мақтаганларича бор экан, вагонлар топ-тоза, икки ёнда ўриндиқлар: бир кишилик ва икки кишилик, йўлак кенг. Столда газета ва журналлар, телевизор, унда йўловчиларга поезд, қулайликлардан фойдаланиш тартиби ҳақида маълумотлар берилади. Ўриндиқнинг олдида – овқатланиш, планшет ёки ноутбук қўйиб ишлаш учун столча. Тепасида – багаж учун токча. Телефонингизнинг қуввати тугаб қолса – шундоқ ўриндиқ тагида – «розетка». Чиройли йигит-қизлар “Чой ёки қаҳва?” деб атрофингизда гирдикапалак бўлишади, бир қарасанг “мусиқа эшитасизми” деб қулоқчин бериб кетишади. Поезд бошлиғининг айтишича бу “наушник” ўз-ўзингизга экан. Яъни, тушаётганда олиб кетишингиз мумкин. Асосийси – «темир от» кўзлаган манзилингизга бир зумда элтиб қўяди.
“Афросиёб”нинг яна қандай афзалликлари бор?” деб сўрагандим, поезд бошлиғи Темур Тагаев унинг қулай жиҳатларини бир бошдан санаб берди:
– “Афросиёб” поезди 2011 йилда Тошкент-Самарқанд йўналишида ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирги кунда Тошкент-Шаҳрисабз, Тошкент-Бухоро йўналишларида йўловчи ташимоқда. Тез орада Хивага ҳам етиб боради. Поездимиз учта класс (бизнес, вип, эконом) тоифадаги вагонларга бўлинган. Эконом классда бир марта енгил нонушта берилади, кейин чой ёки қаҳва. Булар бепул, ҳаммаси билетнинг ичида бўлади. Бизнес классда эрталаб бўтқа ёки бошқа турли иссиқ овқат беришади. Сўрасангиз, ишлатишга планшет ҳам бериб туришади. Бир марталик қулоқчинлар ҳаммага текин, пассажирлар бемалол хоҳлаган радио, телеканалини танлаб, мусиқа тинглаши мумкин.
Поездда йўловчиларнинг хавфсизлиги таъминланган. Ёнғинга қарши мосламалар ва бошқа барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Тезлик катта бўлса ҳам вагоннинг ичида бу сезилмайди, кучли шовқин эшитилмайди, бир маромда юради ҳатто пиёладаги чой ҳам тўкилмайди.
Яна бир имконияти шуки, бу поездда ногиронлар учун ҳам қулайликлар яратилган, улар учун аравача чиқадиган алоҳида вагон мавжуд, махсус трап орқали уни салонга киритиш мумкин. Демак, аравачали саёҳатчилар ҳам бемалол “Афросиёб”га чипта олиб, қадимий шаҳарларни томоша қилишлари мумкин.
Хўжасизликка темир ҳам дош беролмайди
Поезд бошлиғи Ўзбекистон жаҳон тиллари университетида ўқиган ёшгина йигит экан, бир неча тилларни биларкан. Албатта, менга ўхшаб, ҳар бир минган йўловчи сўроққа тутаверса, айниқса чет эллик меҳмонлар жуда қизиқувчан бўлади, ҳар бири билан тил топиша олиши керак.
“Афросиёб” нинг чиптаси бироз қиммат, лекин вақтингизни тежайди, кўз очиб-юмгунча олиб келиб қўяди, яратилган шарт-шароитлар сарфлаган пулингизга арзийди. Фақат йўловчилар ҳам катта маблағлар эвазига Испаниядай мамлакатдан олиб келинган бу темир уловнинг қадрига етиб, авайлаб-асраши керак. Шунда узоқроқ халқ хизматига ярайди.
…Қараб турсам, бир амаки вагон эшигини очолмаяпти. Қаттиқ итарди, тутқични тополмай тепди, кейин тепадаги мурватларни боса бошлади… Эшик эса қайсарлиги тутиб, баттар зич ёпилиб қолди.
«Вой, нима қиляпсиз, бу автомат-ку, ёнига келсангиз ўзи очилади», деди кимдир. У одам орқага тисарилиб, қайтиб келган эди, эшик очилиб кетди…
Учқур поезддан тушганимизда виқорли тоғлар, зилол булоқлар, ям-яшил боғлар маскани Шаҳри Кешнинг мусаффо ҳавоси келиб кўксимизга урилди.
Вокзалда карнай-сурнай – мусиқа садоларини эшитиб, биронта ҳурматли меҳмон келибдими, деб ўйладик. Билсак, бу иззат-икром биз учун экан! Гўзал Кеш ҳар бир қадам ранжида қилган зиёратчини шундай кутиб олади. Соҳибқирон Амир Темур юрти ана шундай сахий ва меҳмондўст.
(Навбатдаги мақолаларда Қашқадарё воҳасида сайёҳлик инфратузилмасини яхшилаш, хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш бўйича жорий этилган янгиликлар ҳақида ҳикоя қиламиз).
Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Шаҳрисабз