“Соғинчлардан юксалган тоғлар лола ҳадя этар кўнглимга…”

Дилафрўз ЧОРИЕВА

1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини ва ЎзМУ қошидаги Олий адабиёт курсини тамомлаган. “Қалбим сурати”, “Сарҳад билмас соғинчлар”, “Ўзимни излаб” номли китоблари нашр этилган. Шеърлари “Ёшлар китоби”, “Олтин кўприк”, “Биз Истиқлол фарзандларимиз” сингари баёзларга киритилган.

 

Юрт ишқи

Тангрим, юрагимга бергин бир шиддат,

Ғофилни уйғотиб ҳайқирай сергак.

Ватан, пойингда тиз чўкай бир муддат,

Улуғ маёқ тутдим дуойинг – тиргак.

 

Бул шиддат қонимда шеър бўлиб оқсин,

Ҳар лаҳза нафасни  ҳалоллаб олай.

Қалбни ёқса улуғ юрт ишқи ёқсин,

Минг айланиб бори дардини олай.

 

Ўстиряпман юртнинг мард ўғлонини –

Шунчаки айтмайман, яшайман ёна!

Кўтаролмасам гар миллат шонини,

Қандай фарзанд бўлдим, ё қандай она?!

***

Қанот ёйган бургут қоялар,

Киндик қоним тўкилган замин.

Соғинч солди дилга соялар,

Тирикликка келтириб амин.

 

Кўксига йўл солинмас тикка,

Салобатли тоғларда сукут.

Сарҳадлари  туташган кўкка,

Елкасида – оқ ҳарир булут .

 

Соғинчлардан юксалган тоғлар

Лола ҳадя этар кўнглимга.

Эриб барча дилдаги қорлар,

Қучоқ очай интиқ элимга.

 

Тоғда

“Мафтункор тоғ гўзаллигини

Кўзим ютди, қалбим симирди”.

Шамолларнинг қўлидан тутиб,

Юксакларга қалбим югурди.

 

Тошларида унган гиёҳни

Гулдастадай ҳидладим, ўпдим.

Ҳар чўққиси ҳар бир қоясин

Пир билдиму муриддай чўкдим.

 

Бургут каби ёздим қанотим,

Тоғда тоғдек юксалди руҳим.

Қандай яхши баландда яшаш,

Парчаланиб кетар андуҳим…

 

Соғинганда…

Пешвоз чиқар оғамдай

Азим тоғлар қаршимга.

Юрагимда ўт ёнар,

Юз ювади ёшимга.

 

Авайларди ҳилолдай

Бошларида шул тоғлар.

Мафтун этди не билан

Қадри баланд бул боғлар.

 

Тошлар йиғлар қотовда,

Изларимга гул экиб.

Қолган эди ўтовда

Болалигим энтикиб.

 

Соғинганда сел бўлдим,

Синголмадим бағринга.

Юра-юра йўл бўлдим,

Қайтолмадим боврингга.

 

Ўкинмагин, она юрт,

Тонг насими – нафасим.

Шудрингларда мени кут,

Олтин бешик – ҳавасим.

 

Қўл узатса етгулик

Осмонингни соғиндим.

Юлдуз мисол учгандим,

Армонимни соғиндим.

 

Изладим мен ўзимни,

Ўзлигимни қайлардан.

Насиб этсин парча ер,

Шул муқаддас жойлардан.

 

Минг уруғли элларда

 

Тоғни ютган селлардан

Омон чиққан жойим бор.

Минг уруғли элларда

Киршак деган сойим бор.

 

Ул сойдаги сувлар билан

Йўл кесишмас эгачман.

Қўнғиротдан саройга

Келин бўлган бекачман.

 

Тўсиқман ҳар балога,

Ғов бўлгувчи дилим бор.

Минг шукурки, суянсам,

Тов бўлгувчи элим бор.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: