Қадим-қадимдан кишилар туш таъбирига қизиқиб келишгани ҳам бежиз эмас. Шарқ мамлакатларида ҳукмдорлар саройида тушларни шарҳ қилувчи махсус мулозимлар – муаббирлар хизмат қилгани тарихдан яхши маълум. Зеро, тушнинг ўнгидан келиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳар биримиз ўз ҳаётимиздан кўплаб мисоллар қидириб топишимиз мумкин.
Туш таъбири ҳақидаги дастлабки ёзма асар милодий иккинчи асрда Римда яратилган эди. Туркий қавмлар ҳам азадан бу масалага жиддий қизиққанлар. Шарқий Туркистоннинг Дуньхуань мавзесидан топилган “Ирқ битиги” ёдгорлиги энг қадимий туркий адабиёт намуналаридан ва қадимий туш таъбирномаларидан бири саналади. Унга олтмишдан зиёд туш таъбири киритилган.
Муқаддас динимизда ҳам туш ҳақида ўзига хос қарашлар мавжуд. Қуръоннинг Юсуф сурасида Канъон ҳукмдори Яъқуб (а.с.) пайғамбарнинг ўғли Юсуф (а.с.)нинг ҳаёти тўла-тўкис ёритилган. “Энг гўзал қисса” сифатида эътироф этилган Юсуф пайғамбарнинг Қуръонда зикр этилган саргузаштлари ҳам айнан унинг туши билан бошланади.
“Юсуф бир куни отаси (Яъқуб)га: “Отажон! Тушимда ўн битта юлдуз, қуёш ва ойни кўрдим – уларни менга “сажда” қилаётганини кўрдим”, деди. (Шунда Яъқуб) айтдики: “Болагинам! Тушингни акаларинга айтма. Айтсанг, сенга (ножўя) режа тузиб қўяди. Албатта, шайтон инсонга очиқ душмандир”. (Юсуф сураси, 4-5 оятлар)
Бу воқеа исломдан аввалги насроний ва яҳудий манбаларида ҳам яққол акс этган. Кўпгина Ғарб тасвирий санъати намуналарида бу илоҳий ҳолат ифодаланган сувратларни кўрамиз.
Бу туш Юсуф порлоқ келажак, айни пайтда пайғамбарлик даракчиси эди. Мазкур қиссада зикр қилинганидек, зиндонда ётган Юсуфнинг озодликка чиқиши ва буюк мартабага эришувида ҳам Миср маликининг туши сабаб бўлади. Унинг тушида еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еб қўйганди. Бу тушнинг таъбирини фақат Юсуфгина айтиб бера оларди. Яъни, “мамлакатда аввал етти йил тўқчилик бўлади, кейин етти йил очарчилик бошланади”…
Диний манбаларнинг шаҳодатига кўра, Иброҳим (а.с.)га ҳам ўғиллари Исмоил (а.с.)ни қурбон қилиш тушларида амр этилган эди. Бу мисолларнинг ўзиёқ туш бевосита илоҳий синоат эканини англашимизга асос бўлади олади.
Тарихда жуда кўп алломаларнинг камолотида ана шундай илоҳий тушлар катта ўрин тутган. Маноқибларда келтирилишича, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) ўз тушларида Хожа Абдлухолиқ Ғиждувонийни кўриб, ҳақиқат ва тариқат илмининг ул зотдар ўрганганлар. Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, тушдаги устоз-шогирдлик аввалдан маълумдир, ва уларни “Увайсий” деб атайдилар.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий (1441-1501) маълуки, ўз “Ҳамса”сини машҳур Озарбойжон шоири Низомий Ганжавий бошлаган анъанага мувофиқ яратган эди. Шу боис, “Ҳамса”нинг ҳар бири достонида Низомий ва ундан кейин бу анъанани давом эттирган Хусрав Деҳлавий ва Абдурраҳмон Жомийга бўлган буюк эҳтиромини айтиб ўтган. Мазкур бешлик ниҳоясида улуғ аллома ҳар учала устозини тушида кўрганини қайд этиб ўтган.
“Ҳамса”нинг тўртинчи достони анъанага кўра, қадимий Эрон ҳукмдорларидан бири Баҳроми Гўр (Варахран) ҳаёти ва саргузаштларига бағишланган. Достон воқеалари овга чиққан сархуш Баҳромнинг жуда кўп жониворларга қирғин солиши, бунинг натижаси ўлароқ, уни ва барча навкарларини “ер ютиши” билан якун топади. “Сабъаи сайёр” хотимасида муаллиф шоҳ Баҳромни ўз тушида кўрганини ёзади. Тушида Баҳром шоирдан миннатдор эканини айтади. Шунингдек, адолат, эзгулик, лутфу марҳамат ҳақида ўз тавсияларини беради.
Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзини Нақшбандия тариқатининг буюк намояндаларидан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг ғойибона муридларидан бири деб билган. “Бобурнома”да саркарда ўз пирини икки маротаба тушида кўрганини ёзади. Бобурнинг эътирофига кўра, Хожа энг мушкул вазиятларда Бобурнинг тушига кириб, унга далда берган, тўғри йўл-йўриқ кўрсатган.
Бобур айнан кўрган тушидан илҳомланиб, Хожа Аҳрор Валийнинг (1404-1490)“Рисолаи Волидия” асарини форсчадан ўзбек тилига таржима қилади.
Туш билан боғлиқ ажойиб-ғаройиб ҳодисалар Европа тарихида ҳам кўплаб учрайди. Масалан Европа уйғониш даврининг буюк мутафаккири Алигьери Дантенинг (1265-1321) машҳур “Илоҳий комедия”сидаги воқеа-ҳодисалар ҳам асосан шоирнинг тушида кечади.
Шу ўринда “Илоҳий комедия”га тааллуқли яна бир ғаройиб ҳодиса хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Муаллиф вафотидан кейин достоннинг “Жаннат” қисмидаги ўн учинчи шеър йўқолиб қолгани маълум бўлади. Унинг фарзандлари, издошлари йўқолган парчани излашга тушадилар. Ана шундай кунларнинг бирида Дантенинг ўғли Якобо туш кўради. Тушида отаси унга ўша йўқолган парчани қаердан топиш мумкинлигини айтади. Чиндан ўн учинчи шеър матни худди тушда аён этилган жойдан, Данте вафот этган уй токчасида чанг босиб ётган эски қоғозлар орасидан топилади.
Жуда кўп олимлар ўзларининг оламшумул ихтиро ва кашфиётларини амалга оширишда ўз тушларига таянганлари ҳам тарихдан яхши маълум. Машҳур француз файласуфи ва математиги Рене Декарт (1596-1650) ҳам ўз қарашлари айнан тушида шаклланганини эътироф этган.
Бугун ҳар биримизнинг хонадонимизда мавжуд бўлган тикув машинаси 1755 йилда таниқли инглиз механиги Ч.Вейзенталь томонидан ихтиро қилинганини кўпчилик билса керак. Айрим маълумотларга қараганда, ихтирочи машина игнасининг шакл-шамойили ҳақида узоқ бош қотиради. Ниҳоят кунларнинг бирида у тушида учида махсус тешик очилган найзаларда ов қилиб юрган ҳиндулар қабиласини кўради ва шу тариқа ўзини анчадан бери ўйлантириб келаётган муаммога жавоб топади.
XVIII асрда яшаган машҳур итальян бастакори Алессандри Феличе (1747-1798) ўзининг машҳур “Тароналар” асари оҳангларини ҳам илк маротаба тушида эшитган, уйғонгач уни дарҳол куйга солган. Кейинчалик яқин сафдошларининг шаҳодат беришича, бу мусиқий асар бастакор ижодининг гултожи бўлиб қолади.
Франциянинг буюк императори Наполеон Бонапартнинг (1769-1821) Ватерлоо яқинидаги мағлубияти ҳам сал илгари кўрган тушида маълум бўлган экан. Тарихчиларнинг ёзишича, унинг тушида қўлида шон-шуҳрат рамзларини кўтариб ўтаётган музаффар аёллар сиймоси намоён бўлади. Энг охирида оёқларига банд урилган, қонга беланган бир аёл уларга эргашиб келарди. Бу дастлабки жангларда эришилган ғалабалар ва тез орада кутилаётган мағлубият нишонаси эди. Бу туш нечоғлиқ ўнгидан келгани бугун барчамизга равшан.
Туш инсонларни келажакда рўй беражак воқеа-ҳодисалардан хабардор қилиш баробарида уни турли бало-қазолар, офатлардан огоҳ этгани хусусида қизиқарли мисоллар мавжуд. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида буюк Британиянинг Франциядаги элчиси лавозимида фаолият юритган лорд Дюфферинг ҳаётида ҳам худди шундай ҳодиса рўй берган.
Кунларнинг бирида лорд тушида елкасида тобут кўтариб кетаётган бир кишини кўриб қолади. Тобутнинг ичида ётган киши ўз жасади эканини кўрган лорд даҳшат ичида уйғониб кетади. Бир неча кун ана шу тушнинг таъсири остида юради. Орадан анча вақт ўтиб, Париждаги нуфузли бир зиёфатга ташриф буюрган элчи лифт эшиги олдида турган лифтёрни кўриб, тошдек қотиб қолади. Бу тушида кўргани — тобут кўтарган нотаниш одамнинг ўзгинаси эди. Шунда у лифтга кирмасдан ортига чекинади. Лифт тепага кўтарилади ва зум ўтмай кучли гумбурлаган овоз эшитилади. Маълум бўлишича, техник носозлик туфайли, лифт узилиб кетган ва ундаги барча одамлар нобуд бўлган эди…
Рустам ЖАББОРОВ тайёрлади.