Таниқли ёзувчи Абдуқаюм Йўлдош қаламига мансуб “Пуанкарэ” асари 2012 йилда ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилгач, нафақат китобхонлар, балки адабиётшунослар, ёзувчилар, ҳатто санъат аҳли ҳам ўз фикрларини матбуот орқали билдира бошлади. Бунга сабаб эса асарнинг мулоҳазага чорлаши, ўзини зиёли санаган ҳар бир инсоннинг юзига ойна тутиб бериши сабаб бўлди.
Адабиётшунос Саъдулла Қуронов асар ҳақида “Адиб “Пуанкарэ” ҳикояси воситасида асли бу дунёнинг ўзи улкан гипотезани текшириб кўриш учун қўйилган теорема, унда ҳар биримиз ўша теоремага ечим излаётган “математик” эканлигимизни уқтираётгандай бўлади”, деб ёзади.
Бу фикр ҳаётга тийрак кўз билан боқувчи ҳикояни мутолаа қилган ҳар бир ўқувчини хаёлига турли шаклларда келган бўлиши шубҳасиз. Чунки асар мутоаласидан сўнг ўзингизга яна бир қур назар ташлашга, ҳаракатларингиз, туйғуларингиз, мақсадларингиз, ўй-хаёлларингизни тафтиш қилишга тушиб кетасиз, ҳайратларингизни яширолмайсиз. Ўзгаларга ҳам бу ҳайратларингиз юқишини истаб қоласиз. Назаримда, ана шу истак 2013 йилда Ўзбек драма театрида асарнинг саҳналаштирилишига туртки берди.
Истеъдодли режиссёр ва актёр Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган асар “Ҳаёт формуласи” (Даҳо) номи билан саҳна юзини кўрди. Спектакль ўзига хос (камерный) услубда яратилган бўлиб, томошабин саҳнада роль ўйнаётган актёрлар билан ёнма-ён ўтиради. Режиссёр асар моҳиятидан келиб чиқиб, шу услубни танлагани таҳсинга сазовор. Чунки бу услуб томошабинни асар қаҳрамони бўлмиш математик олимнинг ҳаётига яқиндан разм солишга, воқеалар ичида у билан бирга яшашга мажбур этади.
Режиссёр ҳикоядаги воқеликларни спектаклда кетма-кет бермайди, у ҳикоянинг асл ғояси ва мазмунини сақлаб қолган ҳолда ўзининг вариантларини ўртага ташлайди. Ҳикоянинг бир жойида шоир Усмон Азимни томошабинга қайта-қайта эслатади. Бу билан у томошабинга мутолаадан узоқлашиб моддиятга сингиб кетаётган халқнинг юзига кўзгу тутади. Шоирнинг шеъридан фойдаланган ҳолда спектакль воқеаларини ҳиссиётлар билан кучайтириб, баланд тонда ушлаб туришга ҳаракат қилади, қаҳрамоннинг руҳий ҳолатини янаям ёрқинроқ кўрсатишнинг уддасидан чиқади.
Шоирнинг “Бу дунёга бир қўшиқ ёзиб бергин шоирим, ўликлар уйғонсинлар, ухлолмасин тириклар” мисраларини қаҳрамон тилидан ўқитиб, ҳар бир кўнгилда яратиш иштиёқини ёқмоқчи бўлади. Режиссёр шу икки мисра шеър ёрдамида бир томондан маиший заруратлар, моддий қийинчиликлар ичида иложсиз қолган олимни ҳаракат қилишга чорлаб, спектакль воқейликларини ривожлантирса, иккинчи томондан, томошабинга ҳам дунё фақат қорин ғамидан иборат эмаслигини, инсон ҳаётини катта мақсадларга тикиши лозимлигини эслатиб ўтади. Бир сўз билан айтганда, бир ўқ билан икки қуённи урмоқчи бўлади ва бунинг уддасидан чиқади ҳам.
Режиссёр спектаклга образларни танлаётганда қаҳрамонлар характерининг асл моҳиятини йўқотмаган ҳолда шаклларини ўзгартиради. Мисол учун, ҳикояда ёш олим уйланган қиз сарғишдан келган, новчароқ, дея таърифланади. Спектаклда эса қош-кўзлари қора, тўладан келган актриса танланган. Режиссёр бошқа образларни ҳам танлашни катта маҳорат билан амалга оширадики, бу фақат томошанинг томошавийлигини оширишига хизмат қилган. Бироқ шунга қарамай худди ҳикоядагидек олимнинг ўзи спектаклда ҳам асосий қаҳрамон. Бутун бошли воқеалар олим иштирокида юз беради.
1 соату 20 дақиқа давом этадиган томоша давомида бош қаҳрамон бир сония бўлсин томошабиннинг нигоҳидан узоқлашмайди. Чироқлар ёниб, ҳамманинг нигоҳи саҳнага қаратилганида, худди у ерда актёр эмас чиндан ҳам матемактик олим пайдо бўлади. У худди ҳикоядагидек илк гапини “Вақт..”, дея бошлайди ва ўзининг ҳикоясининг ичига томошабинни ҳам реалликдан юлиб олиб кириб кетади. Спектаклни томоша қилар экансиз, саҳнада сиз роль ижро этаётган актёрни эмас, чиндан ҳам моддий-маиший муаммолар гирдобида қолиб кетган, аммо бутун ўй-хаёли Пуанкарэ гипотезаси билан банд бўлган олимни кўрасиз. У билан бирга яшайсиз, азоб чекасиз, ўкинасиз, севинасиз. Беихтиёр унинг елкасига қўл ташлагингиз, суягингиз, унга мадад бўлгингиз келади. Чунки сиз унга ишонасиз. Бу ҳам бўлса бош қаҳрамон ролига танланган актёр Самидхон Лутфуллаевнинг маҳоратидан дарак беради.
Актёр гўёки ўзининг актёрлигини унутади. У олим, оддий олимгина эмас, умрини, орини, шонини илмга тиккан олим. Унинг нафақат сўзлари, ҳаракатлари, балки ҳар бир қарашида “мен олимман” деган таъкид яққол кўриниб тургандек бўлади. Бу каби табиий жараён эса доим юз берадиган ҳолат эмас.
Спектакль якуни ҳикоядан фарқли равишда ўзгача якун топади. Асар маиший ҳаёт, рўзғор ташвишлари, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар туфайли Пуанкарэ гипотезасини ечишга кеч қолган, қилган ҳаракатларига қарамай охирида мағлуб бўлган, абгор, буюк даҳо бўлишига қарамай жамият чиқитга чиқарган инсон тақдирининг фожеали якуни билан тугайди.
Спектакль режиссёри эса бошқа қувончли ечим танлайди. У «томошабиннинг умидини ўлдириш эмас, улғайтириш лозим» деган, фикрни илгари суради. Олимни Пуанкарэ гипотезасини ечган, дунё тан олган буюклар қаторидан жой олган инсон сифатида томошабинга тақдим этади. Бироқ у асарнинг асл мағзини, ғоясини аслидай қолдиришга эришди. Бунга у спектакль сўнггида қаҳрамон тилидан айтилган ушбу сўзлар билан нуқта қўяди. “Дунёда ечимини топмаган масалалар жуда кўп. Ҳаммага етади. Ортибам қолади Инсон учун энг катта фожеа мана шуларнинг биронтасини ечмай ўтиб кетишда”.
Спектакль 2013 йилда саҳналаштирилган бўлиб то 2022 йилга қадар Ўзбек драма театри саҳнасидан тушмади, кўплаб томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. 2022 йилга келиб, номаълум сабабларга кўра, репертуардан олиб ташланди. Ваҳоланки, бу саҳна асари бугунги кун учун жуда долзарбдир.
Гўзалой МАТЁҚУБОВА.