Унда Евроосиё минтақасининг 13 та давлати – Россия, Қозоғистон, Украина, Ўзбекистон, Беларус, Озарбайжон, Қирғизистон, Грузия, Арманистон, Тожикистон, Туркманистон, Молдова ва Мўғулистон давлатларидан келган фармацевтика компаниялари делегациялари, халқаро миқёсдаги экспертлар ҳамда йирик ва тартибга солувчи органларнинг вакиллари вакиллари иштирок этишди.
Саммит дастури асосида давра суҳбатлари, муҳокамалар, шунингдек, дистрибютор ва дорихона тармоқлари мутахассислари билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди. Уларда жаҳон дори-дармон бозорларининг ривожланиш тенденциялари муҳокама килинди.
Минтақадаги бошқа давлатлар билан зиддиятлар йўқлиги, бозор ҳажмининг ўсиши ва географик ўрни қулай бўлгани сабабли ушбу анжуманни ўтказиш учун Ўзбекистон танланди.
Бу саммит иккинчи бор юртимизда ўтказилди, илк бор 2021 йилда ўтказилган эди. Саммитнинг айнан Ўзбекистонда ташкил қилиниши турли давлатлардан кенг миқёсдаги иштирокчиларни бирлаштириш, уларнинг ўртасида самарали мулоқот ҳамда тажриба алмашиш учун ажойиб имкониятлар яратиш имконини берди.
– Тошкентда анъанавий Халқаро фармацевтика саммити бўлиб ўтди. Анъанавий дейишимизга сабаб у олдин Россияда ўтказиб келинарди. Бу Тошкентдаги иккинчи саммит. Ўтган йили ҳам худди шундай анжуман мамлакатимизда ўтказилганди. Форумда 200 дан ортиқ фарм компаниялар, 400 дан ортиқ соҳа мутахассислари ўртасида соҳанинг долзарб муаммолари, фирмалар ўртасидаги, давлатлар ўртасидаги мулоқотлар тўғрисида баҳс-мунозаралар олиб борилди.
Саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши бежизмас, бугунги таҳликали пайтда, мисол учун, ковиддан кейинги даврда бир қатор давлатларда умуман иқтисодиётнинг, дори воситалар билан таъминланишнинг пасайиш кузатилган бўлса, Ўзбекистонда аксинча, соҳада 6-7 фоизга ўсиш кузатилди.
Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган саммитда соҳа вакиллари ўзларини қийнаётган кўплаб саволларга жавоб топдилар. Жумладан, “Дори воситалари портфелини кенгайтириш учун қандай тартибга солиш стратегиясини ишлаб чиқиш керак”, “Евроосиё минтақаси давлатларининг давлат ва тижорат сегментларида савдо ўсишини таъминлаш масалалари”, “Янги воқеликда дистрибюторлар ва дорихона тармоқлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини қандай ошириш мумкин” ва ҳ.к.
Иштирокчилар дори воситаларини рўйхатга олиш сиёсати, нарх ва ёрлиқ, давлат харидлари, тижоратда улгуржи ва чакана савдо ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар.
Саммитда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар, дистрибьюторлар, дорихоналар тармоқлари ва фармацевтика соҳасига хизмат кўрсатувчи компаниялар вакиллари ҳам фаол иштирок этдилар.
–Мазкур саммитда фармацевтика ва тиббиёт олимлари йиғилди ва жуда қўп муҳим масалаларни кўриб чиқишди. Хусусан, фармацевтика воситаларини дунё бозоридаги аҳамияти, уларга нарх белгилаш, реклама қилиш, дориларни рецепт асосида ҳамда рецептсиз сотиш ва бошқа қизиқ мавзуларда суҳбатлар бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик соҳа вакиллари ҳам ўз маърузалари билан қатнашди. Анжуманда йиғилган экспертлар Ўзбекистонда келгусида жуда катта ривожланиш бўлишини ва фармацевтика соҳаси, хусусан дори таъминоти бўйича ҳам янада юксалиш бўлишини таҳмин қилишмоқда.
Ҳозирги пайтда Европа фармацевтлари олдида дори воситаларини дистрибьюция қилиш, яъни экспорт масаласи долзарб муаммо бўлиб турибди. Мамлакатимизда ҳар томонлама тинчлик ва бизнес юритиш учун қулай шароит бўлганлиги сабабли улар ўз бозорини кенгайтириш мақсадида ҳудудимизга дори-воситаларини олиб киришни мўлжаллашяпти. Лекин бизнинг сиёсатимиз Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни кўпайтиришга, ривожланган дори компаниялари билан ҳамкорликда заводларни олиб келиб, шу ерда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек бизда импорт дори-воситаларга рухсат бериш бўйича алоҳида миллий сертификатлаш тизими бор. Ва бу тизим кириб келаётган ва ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг сифатли ва хавфсиз бўлишини назорат қилади. Албатта, шулар асосида биз хорижий компанияларнинг айрим таклифларини ҳам кўриб чиқамиз.
–Бизнинг холдинг компаниямиз Ўзбекистон фармацевтика бозорида кўп йиллик тажрибага эга, соҳада дори воситаларини ишлаб чиқариш, ритейл, промоция ҳамда дистрибьюторлик бўйича кўп қиррали фаолият олиб боради. Мазкур йирик ва аҳамиятли тадбирда қатнашганимиздан жуда хурсандмиз. Форум бизга ўзаро мулоқот қилишга, янги алоқаларни ўрнатишга, манфаатли ҳамкорларни топишга, бир-биримизга ўзимизни қизиқтирган саволларни беришга ва жавоб олишга ёрдам берди. Бизни асосан рақамли маркировка бўйича ва янги қабул қилинган ҳужжатлар, фармацевтика бозорини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик билан яқиндан танишиш, бугунги кунда ўз манзилини ўзгартиришни кўзлаётган дори компаниялари билан контактларни боғлаш ва шартнома тузиш масалалари қизиқтиради. Айнан шу йўналишларда саммит бизга қулай шароит яратиб берди.
Саммит давомида тартибга солиш, стратегия, сотиш, маркетинг ва ишлаб чиқариш мавзулари бўйича 20 дан ортиқ сессиялар бўлиб ўтди.
Форум доирасида минтақанинг 13 мамлакатидаги етакчи фармацевтика ишлаб чиқарувчи компаниялар, дистрибьютор ва дорихона тармоқлари бўйича Eurasian Pharma Awards танлови ғолиблари тақдирланди.
Манзура БЕКЖОНОВА, журналист
Фото: М.БЕКЖОНОВА