Бу касаллик пайдо бўлганида асосан марказий нерв системасининг оғир шикастланиши, нерв толалари, мушаклар фалажига олиб келади.
Ботулизм билан хасталанган беморга ўз вақтида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаса, оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Ботулизм қўзғатувчилари ноқулай шароитга тушиб қолганда ташқи муҳитга чидамли махсус қобиққа ўралади (спора ҳосил қилади) ва улар кўп йилларгача ташқи муҳитда сақланади.
Ботулизм қўзғатувчи микроблар кислородсиз (анаэроб) шароитда ўсиб, кўпаяди ва заҳарли ботулотоксин ажратади. Токсин овқат билан одам организмига тушганда нерв системасини қаттиқ заҳарлайди ва ботулизм касаллигини келтириб чиқаради.
Касалликнинг асосий манбалари ўтхўр ҳайвонлар, кемирувчилар, айрим қушлар ҳамда совуққонли ҳайвонлар – балиқ, қисқичбақасимонлар ва шиллиқ қуртлар ҳисобланади. Ботулизм таёқчалари мазкур ҳайвонлар ичагида кўпаяди ва ахлат билан ташқарига тушиб, тупроқни, ўт ўланларни, сувни ва улар орқали полиз экинларини зарарлайди. Улар бу шароитда споралар ҳосил қилади.
— дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотлари, сабзавот ва мева консервалари ёки маринадлари ботулизм билан хасталаниш омили бўлиши мумкин. Мол сўйиш технологиясини бузиш натижасида мол ичагидаги ёки тупроқдаги ботулизм таёқчалари гўштга ўтиб, уни зарарлайди. Худди шундай ҳолат дудланган балиқ тайёрлашда ҳам рўй бериши мумкин.
— ботулизм споралари сабзавотларга, меваларга, қўзиқоринларга ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига тупроқдан юққан бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, консерва тайёрлаш технологик жароёни бузилганда, сабзавот ва мева, қўзиқорин, гўшт ва балиқ консервалари кўпинча ботулизм касаллигига сабаб бўлади. Шуни айтиш жоизки, айниқса уй бекалари консервалар тайёрлаш технологик жараёнига риоя қилмасликлари натижасида, бу консерва маҳсулотларида ботулизм қўзғатувчилари ўсиб, кўпаяди ва улар консерва маҳсулотларига захарли бўлган ботулотоксин ажратади. Ботулизм қўзғатувчилари кўпайиб, токсинлар ажратиши натижасида консерва банкасининг қопқоғи шишиб кўтарилиши, баъзан эса консерва қопқоғи кўтарилмаслиги ва маҳсулотнинг ташқи кўриниши, таъми ва хиди ўзгармаган бўлиши ҳам мумкин. Консерва тайёрлаш жараёнида санитария-гигиена қоидаларига пухта риоя қилиш керак.
Ботулизм касаллиги одамдан одамга юқмайди, факат ботулизм таёқчалари билан зарарланган ва уларнинг заҳари сингиган озиқ-овқат маҳсулотларини (сабзавотли ва бошқа консервалардан, колбаса, қўзиқорин, дудланган балиқ) истеъмол қилинганда вужудга келади.
Ботулизм дастлаб яширин кечади. Бу давр микроб юққан овқат истеъмол қилингандан, то касаллик аломатлари бошлангунга қадар ўтган вақт ҳисобланади. Бу муддатмаҳсулот таркибидаги ботулотоксиннинг миқдори ва турига қараб, 6-24 соатдан 8-10 кунгача чўзилиши мумкин.
Одатда касаллик тўсатдан бошланади, бемор касаллик бошланган вақтни аниқ айтиши мумкин. Беморда аввал тўш остида оғриқ пайдо кўнгли айнийди, қайт қилади, меъдада оғирлик сезади ва 1-2 маротаба ичи суюқ кетиши мумкин, кейин қабзият юзага келади, беморнинг оғзи қурийди, ҳолсизланади, лекин тана ҳарорати кўтарилмайди.
Бемор кўпинча кўзининг хиралашиб қолаётгани, кўз олдида туман ёки тўр парда пайдо бўлганидан ва буюмлар қўшалоқ бўлиб кўринаётганидан шикоят қилади. Беморда ғилайлик, кўз қорачиғининг кенгайиши, ютинишнинг қийинлашуви, нафас олишнинг тезлашиши кузатилади ҳамда унинг гапига тушуниш қийин бўлади.
Бундай касаллик белгилари бошланганда зудлик билан шифокорга мурожаат этиш лозим. Касаллик қанчалик тез аниқланса ва беморга малакали тиббий ёрдам ўз вақтида кўрсатилса, бемор шунчалик тез соғайиши мумкин.
Бу ҳавфли касалликнинг олдини олиш ўзимизнинг қўлимизда. Бунинг учун озиқ-овқат маҳсулотларини ва масаллиқларни қайта ишлашда, ташишда, сақлашда ва улардан овқат тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш шарт. Мева, сабзавотларни яхшилаб ювиш, консерва тайёрлаш технологик жараёни қоидаларига риоя этиш талаб этилади.
Консерваларни янги узилган, сифатли, зарарланмаган ва яхшилаб тозаланган хўл мевалардан тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Сабзавот ва меваларни водопровод сувида яхшилаб ювиш, шиша банкаларни ва тайёр маҳсулотларни ёпишдан олдин стерилизация қилиш керак.
Шаҳар деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум тўпланадиган жойларда фуқаролар томонидан ноқонуний равишда сотилаётган уй шароитида тайёрланган, сифатига кафолат йўқ, мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган, ёрлиқсиз консерва ҳамда дудланган гўшт ва балиқ маҳсулотларини асло харид қилманг.
Савдодаги сабзавотли ва қўзиқоринли консервалар, дудланган балиқ, колбаса маҳсулотларини харид килишдан олдин уларнинг сифатини кафолатловчи ҳужжатларини талаб қилишга ҳақлидирсиз.
Гулбаҳор ЗУБАЙДУЛЛАЕВА, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Олмазор тумани эпидемиология бўлими мудири