Ҳужумни амалга оширган шахс қочишга уринган, бироқ Истанбулда буни қилиш унчалик осон бўлмаган – шаҳарда ўрнатилган кўп сонли видеокузатув камераларининг ёрдами билан босқинчи фош этилган. Камераларда унинг Истиқлол кўчасидаги гулзор ёнидаги скамейкада узоқ вақт ўтиргани, кейин ўрнидан туриб кетгани ва орадан кўп ўтмай портлаш содир бўлганини тасвири бўлган. Туркия Адлия вазири Бекир Бўздағнинг сўзларига кўра, унинг сумкасида ё ўзини-ўзи портлатиш механизми бўлган ёки портловчи қурилма масофадан бошқариш пулти ёрдамида портлатилган. Терактни содир этган аёл ҳибсга олинди.
Истиқлол пиёдалар учун қайта очилган бўлса-да, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўриндиқлар кўчадан олиб ташланган.
Шу куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон воқеа ҳақида гапириб, воқеа катта эҳтимол билан теракт бўлганини таъкидлади.
Дастлаб ОАВ портлаш ортида курдлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, ПКК адвокати Жиян Тосун тургани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ қўлга олинган шахс Сурия фуқароси, 1999 йилда туғилган Аҳлам Албашир бўлиб, Курдистон ишчилар партияси жангарилари томонидан тайёргарликдан ўтган ва зобитлик даражасига кўтарилишга муваффақ бўлганлиги маълум бўлди.
Аёл Туркия ҳудудига ноқонуний равишда, чегарадаги Африн-Идлиб шаҳарчаси орқали кириб келган. У сўроқ пайтида партия билан алоқаси борлигини тан олган. Портлашдан сўнг террорчилар Грецияда яширинишлари мумкинлигини тахмин қилишган, бироқ полиция тезроқ ҳаракат қилиб, уларнинг қочишига тўсқинлик қилган.
Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу АҚШ элчихонаси томонидан билдирилган ҳамдардликларга ноаниқ муносабат билдириб, портлаш буйруғини курд жангарилари берганини, аммо бунда Вашингтоннинг роли бўлганини, шунинг учун Америка томонининг баёнотлари ўринсиз эканини айтди.
Сулаймон Сойлу: “Албатта, Кобани ва бошқа террор зоналарини Сенат маблағларидан озиқлантириб келаётган давлат билан иттифоқимизни муҳокама қилишимиз керак. Шу тарзда Туркиядаги тинчликни бузишга ҳаракат қилмоқда. Ҳаммаси жуда аниқ».
Маълум қилинишича, Анқара ПККни террорчи ташкилот деб билади. АҚШ ҳарбийлари Суриядаги можаро пайтида курд қўшинларига ёрдам кўрсатган.Туркиянинг муносабатига Вашингтон ҳозирча изоҳ бермаган.