Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси ва Беларус Республикаси Президенти кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг бош қароргоҳида бўлиб ўтмоқда. У 25 ноябргача давом этади.
Кўргазмада Ўрта Осиё ўрта аср олимлари ва мутафаккирларининг нодир қўлёзма асарларидан иллюстрацияли китоб-альбомлар, ўзбек халқининг декоратив-амалий санъати намуналари, миниатюра нусхалари намойиш этилмоқда. Шунингдек, меҳмонлар дунёнинг турли музейларида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар ҳақидаги видеороликларни томоша қилишлари мумкин.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси мамлакатимиз маданий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган. Унинг доирасида жамоат, давлат ва халқаро ташкилотлар, йирик музей ва кутубхоналар ҳамкорлик қилади. Лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва кўмагида амалга оширилмоқда.
Қилинаётган ишлар асосан юртимизда турли тарихий даврларда яратилган, аммо ҳозирда хорижда бир қатор мамлакатлардаги шахсий коллекциялар ва музейларда сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналарини каталоглаштиришдан иборат. Улар орасида археологик ашёлар, ноёб миниатюралар, қўлёзмалар, амалий санъат буюмлари бор.
Китобларнинг ҳар бири алоҳида мамлакатдаги коллекция ёки тўпламлардаги Ўзбекистондан келтирилган ашёларга бағишланган. Уларда халқаро миқёсда тан олинган дурдона асарлар ҳам, унча маълум бўлмаган манбалар ҳам нашр этилади. Матн уч тилда – ўзбек, инглиз ва рус тилларида ёзилган.
Китоблар кенгайтирилган имкониятлардан фойдаланади. Хоҳловчилар смартфон ёки планшетда объектнинг 3Д моделини ва видеони кўриш учун махсус белгиларни сканерлаши мумкин.
Лойиҳада Россия музейлари, жумладан, Эрмитаж, Третяков галереяси, Россия этнография музейи ва бошқалар фаол иштирок этди. Кўргазма МДҲ Ижроия қўмитаси ходимлари ва унинг меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси девони раҳбари ўринбосари – Ижрочи котиби Виктор Гуминский:
– Назаримда, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини дунё миқёсида намойиш этиш қуйидаги муҳим маъноларга эга. Биринчиси, когнитив, яъни туризмни ривожлантириш учун имкон қадар кўпроқ одамларни давлатнинг бой тарихи билан таништириш. Бошқа томондан, бу ўзбек халқининг қадимий тарихга эгалиги, давлатчилик, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ соҳасида бой тажрибага эга эканлигидан далолат берадики, улар бугунги кунда халқаро ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, янги Ўзбекистон қуриш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”.
Ўзбекистонда мамлакатимизнинг бой меросини бутун дунёга намойиш этиш борасида кўплаб ташаббуслар амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Парижда иккита кўргазма очилади, улардан бири Луврда намойиш этилади.