Юриш – саломатлик учун фойдли

9-март – Ўзбекистонда Юриш куни деб эълон қилинди, Барча тиббиёт муассасалари ва маҳаллалар фаоллари бошчилигида аҳоли вакиллари жам бўлиб, юриш тадбирларига чиқишди. Навбатдаги оммавий юриш – 16-мартда. Шу куни республика бўйича юриш марафони ўтказилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, юқумли бўлмаган касалликлар, хусусан юрак қон-томир, саратон, қандли диабет ва сурункали ўпка касалликлари бутун дунёда аҳоли саломатлигига жиддий хавф солмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мазкур хасталиклар носоғлом турмуш тарзи: нотўғри овқатланиш, жисмоний камҳаракатлик, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш сабабли келиб чиқади. Шу боис мамлакатда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, бу борадаги ишларни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Ўтган 2018 йилнинг 20-сентябрь куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда корхоналар, таълим муассасалари, истироҳат боғларида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиш эътибордан четда қолаётганини эътибор қаратилиб, муҳим вазифалар белгиланди. 2018 йил 18 декабрда давлат раҳбарининг “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2019-2022 йилларда юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллиги даражасини ошириш концепцияси ҳамда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда барча ҳамкор ташкилотлар масъул сифатида бириктирилди.

Ушбу йўналишдаги вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 9-март куни республикада Юриш куни деб эълон қилинди.

Шу куни барча даражадаги тиббиёт муассасаларида, шаҳар ва туманларнинг марказий хиёбонлари, маҳалла гузарларида оммавий юриш тадбирлари ўтказилди. Бунда қатор идора ва ташкилотлар вакиллари, турли ёшдаги аҳоли оммавий юришга жалб қилинди. Аҳоли гавжум жойларда, маҳаллаларда юришнинг инсон организмига ижобий таъсири тўғрисида мутахассис суҳбатлари ташкил этилди.

Шифокорларнинг таъкидлашича, одам ҳафтасига камида 8 километр пиёдалаб йўл босса юрак қон-томир касалликлари хавфи 31 фоизга, ўлим хавфи 32 фоизга қисқарар экан.  Шу билан бирга, пиёда юриш кўкрак бези саратонига чалиниш ва қандли диабет хавфидан асрайди. Бундан ташқари, суяк ва мушакларни мустаҳкамлаб, артериал босим ва қондаги холестерин миқдорини туширади, уйқуни яхшилайди.

Ҳар бир қадам энергия сарфланиши, гормонлар ишлаб чиқилиши, мушаклардаги қон таъминотининг яхшиланиши эвазига уларнинг кислород билан бойишига ҳисса қўшади. Натижада организмнинг умумий ҳолати яхшиланади.

Биласизми, ҳар куни маълум вақтини пиёда юриш билан ўтказувчи инсонлар ҳар дақиқада 5 калория сарфлайдилар. Ўтирганда эса бир дақиқада 1 калория сарф бўлади. Тана оғирлиги қанча кўп бўлса, энергия шунча кўп сарфланади. Мисол учун, 72 килограмм оғирликдаги инсон 1,5 километр юрганда 105 калория, 100 килограмм оғирликдаги катта ёшли одам 135 калория йўқотади. Бу, албатта унинг соғлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда давом эттириб, барчани ушбу лойиҳада иштирок этишга чақиради.

Навбатдаги оммавий юриш тадбирлари:

16  март куни – республика миқёсида юриш бўйича марафон ўтказилади.

23 март куни – “Қувноқ стартлар” мусобақаси

30 март куни – Велосипедда сайр куни.

Саломат бўлишни истасангиз, ҳудингизда бўлиб ўтадиган юриш тадбирларида юртдошларингиз сафига қўшилинг!

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: