Зиғир уруғи жинсий қувватни оширади

Табобат султони Ибн Сино балғамли йўталда, сийдик йўлларининг ярали касалликларида зиғир уруғини қовуриб ейишни буюрган. Агар мижозини бирон хашарот чаққан бўлса зиғир уруғини майдалаб, ун ҳолатига келтириб, заҳарли хашарот чаққан жойга суртиб даволаган.

Зиғир – бир йиллик ўт ўсимлик бўлиб, таркибида 30-48 фоиз мойлар, 5-12 фоиз шиллиқ моддалар, 18-33 фоиз оқсил моддалар, 12-26 фоиз углеводлар, ферментлар ва каротин мавжуд. Ундан тиббиёт ва фармацевтикада бир қатор дори препаратлари тайёрланади.

Зиғир мойининг фойдасини кўпчилик инсонлар билса-да уруғининг фойдасини ҳамма билмайди. Зиғир уруғи омега-3 ёғ кислотаси манбаи саналади. У ошқозонда яхши сўрилади ва овқат ҳазм қилиш тизимининг умумий ҳолатини яхшилайди.

Инсон организмида, хусусан ичакларда ҳар хил тошлар, паразитлар жойлашиб олади. Агар уларни мунтазам тозалаб турмаса, шу ҳолатда кўп касалликлар пайдо бўлиши мумкин. Ичакдаги заҳарли чиқиндилар инсон ҳаёти мобайнида қонни заҳарлайди ва жиддий хасталикларга олиб келади. Зиғир уруғи бутун ички организимни тозалаб, ичаклардаги захарли чиқиндиларни ташқарига ҳайдайди.

Фойдали тавсиялар:

1 қошиқ зиғир уруғи туйилади, 1 қошиқ асал ва 3-5 дона эзилган саримсоқ билан аралаштирилади ва ютилади, устидан сув ичилса, ич кетишини тўхтатади, ич қотишининг олдини олади.

1 қошиқ зиғир уруғи совуқ сув билан аралаштирилиб, устига латта қопланади ва 1-2 соат дамланади ёки 1 қошиқ зиғир уруғи 50 гр совуқ сув билан аралаштирилади ва 5-6 соат туради. Кейин уруғлари билан кунига 1 маҳал ичилади.

Зиғир енг, чиройингиз очилади

Зиғир уруғини мунтазам истеъмол қилинса юздаги доғларни йўқотиб, терини силлиқ ва текис қилиши мумкин. Ундан каппа отиб ёки овқат ва салатларга қўшиб истеъмол қилинса милк, юз, овоз мускуллари, кўкрак ва баданни соғломлаштиради. Унинг асал билан омухта қилинган малҳами танадаги ички ва ташқи шишларни кетказади, овоз бўғиқлигини йўқотади, буйрак ва қовуқ тошларини туширади.

Зиғир уруғидан оч қоринга кунига 2 ош қошиқ: эрталаб ва кечқурун талқон қилиб ейилса жинсий қувватни оширади, сийдик ажралишини фаоллаштиради, туғишни осонлаштиради, ошқозон-ичакларда овқат юришини равонлаштиради, сочларни қувватлантиради ҳамда яраларни тез битказади.

Зиғир уруғи кўк йўтал, зотилжамдаги йўтал ва ошқозон яраси учун жуда фойдали. Бу беназир неъмат ҳатто саратоннинг олдини олиб, янги шаклланаётган рак ҳужайраларининг ривожланишини тўхтатади. Шарти шуки соғлом турмуш тарзига амал қилиш, спорт билан шуғулланиш, парҳезбоп таомлар таркибида зиғир уруғини мунтазам истеъмол қилиш керак.

Қаҳва майдалагичда янги туйилган зиғир уруғи илиқ сув билан аралаштириб, эзилган ва шиш жойларга компресс қилинса жароҳатлар тез тузалади, шишлар йўқолади.

Янги қовурилган ва майдаланган зиғир уруғи зайтун ёғи билан аралаштирилиб, бош терисига сурилса, соч тўкилишини тўхтатади, сочларнинг ўсиши ва қалинлашишини таъминлайди.

Эслатма: майдаланган зиғир уруғини тез орада ишлатиш керак, акс ҳолда таркибидаги омега кислоталари ўзининг шифобахш хусусиятини йўқотади.

Қон босимини мувофиқлаштиради

Зиғир уруғи истеъмол қилиб юрадиган инсонларда кўп касаликлар ўз-ўзидан чекиниб, соғлиги тикланади. Мисол учун, қон босимини тушириш учун зиғир уруғи дамламасидан кунига бир маҳал ичилади. Бундай дамламани тайёрлаш учун бир ош қошиқча зиғир уруғига ярим стакан қайноқ сув қуйиб, тиндириб қўйилади ва 15-20 дақиқадан сўнг овқатдан ярим соат аввал ичиб юборади.

Зиғир уруғи юрак уришини яхшилайди, инсультнинг олдини олади, ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш ва тузатишга ёрдам беради.

Озмоқчимисиз – зиғир енг

Зиғир уруғи холестерин миқдорини туширади. Мазкур усулда озиш учун 20 кун етарли. 10 кун бир стакан қатиққа майдалаб, кукун ҳолига келтирилган зиғир уруғидан 2 ош қошиғини аралаштириб, оч қоринга ичиб юрилади. Кейинги 10 кунликда эса 3 ош қошиқдан қўшиб ичилади. Бу аралашмани ичгандан кейин 3 соат ўтказиб, сўнг овқатланиш керак. Ич қотиб қолмаслиги ва тезроқ озиш, ичаклар тозаланиши учун куни билан 2-2,5 литр миқдорида оддий сув ичилади. Овқатланиш рационидан хамирли овқатлар ва нонни чиқариш зарур. Ширинликлар, пишириқлар, қанд маҳсулотлари, газли сув умуман ичилмайди. Шу шартлар бажарилса уч ҳафта ичида камида 4-8 кг гача озиш мумкин.

Ичакларни тозалаш учун. Эрталабки нонушта ўрнига оч қоринга истеъмол киласиз. Биринчи ҳафта: 1 ош қошиқ зиғир уруғини 100 гр қатиқ билан аралаштириб ичасиз. Иккинчи ҳафта: 2 қошиқ уруғни 100 гр қатиқ ёки қаймоқ (сметана)га аралаштириб ичиш ҳам мумкин. Бу малҳамни қабул қилганда кунига 2 литр тоза сув ичишни унутманг.

Қомат ва юз чиройли бўлиши учун. Зиғир уруғи организмни тозалаб, тери рангини очади, тирноқ ва сочларни мустаҳкамлайди, вазнни камайтиради. Бунинг учун ҳар куни оч қоринга 1 ош қошиқ зиғир уруғини яxшилаб чайнаб, илиқ сув билан ютинг.

 Гормонларни меъёрига келтириш учун. Аёлларда эстроген гормони ошиб кетиши турли ўсмаларга, ҳатто саратонга олиб келиши мумкин. Зиғир уруғида омега-3 ёғ кислоталари кўп бўлгани учун эстрогенлар даражаси меъёрида бўлишини таъминлаб хавфли ўсмаларнинг олдини олади.

Эксперт: Доришунос Собир ҲАМИДОВ

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: