Фестиваллар шаҳрида миллий либослар фестивали бўлди

21-22 март кунлари Шаҳрисабзда II Халқаро миллий либослар фестивали бўлиб ўтди.

Наврўз умумхалқ байрами доирасида уюштирилган мазкур фестивалда МДҲ давлатларидан келган таниқли дизайнерлар ва модельерлар иштирок этди. Шу жумладан катта подиумда Ўзбекистоннинг “Raʼno collection”, “Sindor collection”, “Mohigul”, “Bukhara brilliant silk”, “Banoras”, “Guzal collection”, “Istorakhan”, “Nataly Kondra”, “Nodirabegim”, “Iroda Agzam Xoja”, “Dilorom collection”, “Azima”, “Kafa” брендлари остида фаолият кўрсатаётган либос дизайни усталари ҳамда Россиянинг “Asian spirit”, Озарбайжоннинг “Gulnara Khalilova”, Туркманистоннинг “Ayna izbasar”, Қирғизистоннинг “Kate Zabolotnova”, Қозоғистоннинг “Aynurа Maidanova”, Грузиянинг “Кетисашвили Мари” брендлари мутахассислари ўз коллекциялари билан қатнашишди.

Фестиваль доирасида Шаҳрисабзнинг тарихий ёдгорликлар жойлашган ҳудудида ўзбек миллий либослари, урф-одатлари, таомлари кўргазмалари, сумалак ва бошқа халқ сайиллари, дорбозлик ва кураш, тош кўтариш мусобақалари, фольклор дасталарининг чиқишлари, миллий таомлар тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ташкил қилинди. Шунингдек, хорижий дизайнерлар томонидан ёш дизайнерлар ва фестиваль меҳмонлари учун маҳорат дарслари ўтказилди.

Халқаро фестивалда Россия, Беларусь, Қозоғистон ва ўзбекистонлик экспертлар қатнашиб, иштирокчиларнинг маҳоратини баҳолаб боришди. Қизғин беллашувларда ўз ижод намуналари билан ҳакамлар эътиборини қозонган дизайнерлар: қирғизистонлик Катя Заболотнова ҳамда Алия Эдилова, юртимиздан Ирода Агзамхўжа, туркманистонлик Айна Избасар “Олтин игна соҳиби” деган эътирофга сазовор бўлишди. Шунингдек, қирғизистонлик Шаҳзада Балтабаева – “Bibihanum Award”, ўзбекистонлик Кумуш Мадумарова – “Miss Shahrisabz”, Диёра Камолова – “Top Model”, Ситора Исломова – “Fest Girl” номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.

Фестивальнинг сўнгги кунида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси” нодавлат ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида таълим ва туризм алмашинуви йўналишидаги фаолиятни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: