Қуйи Чирчиқда китобхонлик куни бўлиб ўтди

Баҳор ҳар бир ижодкорнинг қалбини жунбушга келтириб, қалбида илҳом булоғини жўш урдиради. Шу сабабли ижод аҳли бироз ўзини эркин сездими, ҳеч ўйламай севимли муштарийлари сари йўл олади. Улар билан учрашувлар, суҳбатлар, мунозарали баҳслашувлар ижодкорга битмас-туганмас куч-қувват, илҳом бахш этади.

Бу йилги баҳор, Наврўзи олам юртимизга ўзгача бир тароват билан кириб келди. Айниқса, юртбошимизнинг келажак авлод тақдирини ўйлаб, уларни буюк аждодларимиздан ўрнак олишга ундовчи чақириқлари, китобларга бўлган меҳр-муҳаббатларини уйғотувчи даъватлари – ҳар бир зиёлини, ижодкорни маърифат гўшаларига чорламоқда. Бунга жавобан таниқли адиблар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ўзларининг шахсий кутубхоналаридан китобларни олиб, янги нашрларни харид қилиб, туман ва қишлоқ кутубхоналарини бойитмоқдалар. Китоб баҳона жойларда унутилмас, бир умрга эсда қоларли учрашувлар, мушоира кечалари бўлиб ўтмоқда.

Яқинда ана шундай тадбирлардан бири — “Китобхонлик куни” Қуйи Чирчиқ туманидаги Санъат мактабида бўлиб ўтди. Бу учрашувга Тошкентдан таниқли устоз ижодкорлар — Ўзбекистон Санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, моҳир таржимон Адиб Иброҳим Ғофуров, истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад, шоирлардан Сирожиддин Рауф ва Яҳё Тоға, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор  Раззоқовлар ташриф буюришиб, кекса-ю ёш муштарийларга беминнат маърифат чашмаси бўлган китобларнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида қизиқарли ҳикоятларни сўзлаб бердилар.

Тадбирда кўплаб китобсеварларга совға қилинган қуйичирчиқлик журналист Холмурод Алланазаровнинг яқинда нашрдан чиққан “Умр йўллари” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Таниқли адиб-ижодкорлар иштирокидаги бугунги учрашув туманимизда анъана бўлиб қоладиган “Китобхонлик куни”нинг муҳим воқеаси бўлиб тарихга киради, — деди туман ҳокими Собиржон Муродов. — Эндиликда бундай тадбир “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Ёшлар Иттифоқи билан биргаликда ҳар ойда мунтазам ўтказилиб борилади. Ўша куни таълим масканларида, маҳаллаларда, истироҳат боғларида таниқли ижод аҳли билан қизиқарли учрашувлар, давра суҳбатлари, мушоира кечалари, билимдонлик беллашувлари ўтказилади, энг фаол аълочи ўқувчи ва талабаларга, меҳнат фахрийларига, кутубхоналарга янги китоблар тақдим этилади.

“Китобхонлик куни” нинг энг унутилмас онларидан бири — туман марказидаги ахборот-ресурс марказига, маҳалла кутубхоналарига туман ҳокими, етакчи корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг янги нашрдан чиққан китобларни топшириши бўлди. бу марказга жами 10 миллион сўмлик китоблар туҳфа этилди. Шу жумладан Тошкентдаги “Истиқлол” нашриёти ҳам бу ҳайрли тадбирдан четда қолмай, ўзида чоп этилган 42 номдаги 52 нусха китобларни (550 минг сўмлик) Санъат мактаби кутубхонасига тақдим этди.

Ушбу китоб байрамида шоир ва адиблар дастхатлари битилган китобларни, “Шарқ юлдузи” журналининг янги нусҳаларини ёш мухлисларга улашдилар. Учрашув устоз ва бўлғуси ижодкорлар мушоираси билан ўз ниҳоясига етди.

М.Бекжонова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: