Кўк пиёз вирусларни ўлдирадими?

Пиёзнинг асл ватани Жанубий-Шарқий Осиёнинг Эрон ва Афғонистон чўллари ҳисобланади. Ҳозирда бу ўсимлик курраи заминимизнинг барча ҳудудларида етиштирилади. Баррагина кўкпиёз лола ва марваридгулнинг яқин қариндоши эканлигини биласизми?

Албатта бу  кўклам даракчилари ҳам пиёздошлар оиласига мансуб. Фақат кўкпиёз лола ва марваридгулдек ҳуснда тенгсиз бўлмаса ҳам озиқликда ҳам шифода тенги йўқ, витаминга бой маҳсулотдир. Айниқса йирик-йирик қилиб тўғраб салатларга солинса ўзига хос иштаҳаочар таъм беради, уларнинг витаминлари миқдорини оширади.

Кўкпиёз оқсил, пектин, органик кислоталар, А, В1, В2, В3, С, Е витаминлари, фолат кислотаси, калий, кальций, магний, фосфор, темир, кобальт, марганец, рух каби фойдали моддаларга бой. Унинг илдиздан кейинги оқ рангли бош қисми айниқса фойдали ҳисобланади. Яшил барглари ҳам жуда дармонбахш бўлиб, барча кўкатлар каби овқатни хушхўр қилади. Кўкпиёз овқат ҳазмини яхшилайди, қон босимини меъёрлаштиради, юрак-қон томир тизими учун жуда фойдали. Шунингдек микроблар, вируслар, бактерияларга, организмдаги турли яллиғланишга қарши самарали таъсирга эга.

Уйқучанлик, бош айланиши, хасталиклардан кейинги дармонсизлик пайтида турли салатбоп сабзавотлар ва кўкпиёзни тўғраб истеъмол қилиш жуда фойдали. Кўкпиёз таркибидаги фитонцид моддалар эса ҳар қандай шамоллаш, шу жумладан грипп вирусларини ҳам нобуд қилади.

Барра пиёз – микроблар кушандаси

Кўкпиёз тўғралганда  тараладиган ачимтир ҳид унинг таркибидаги фитонцид моддалар туфайлидир. Улар ёрдамида пиёз ўсимликларга қирон келтирувчи зарарли ҳашаротлардан сақланади. Биз эса ана шу фитонцид моддалар ёрдамида ангина, бронхит, зотилжам касалликлардан фориғ бўламиз. Фитонцид моддалар ҳаводаги бўғма, ичбуруғ ва сил қўзғатувчиларини ҳам «қириб» юборишга қодир. Шунинг учун юқумли касалликка чалинган беморлар хонасига майда тўғралган ярим боғ кўкпиёз ёки бир бош саримсоқ пиёз қўйиш лозим.

Ярим боғ кўкпиёзни майда тўғраб, 2-3 дақиқа давомида ҳидлаш ёрдамида грипп юқишининг олдини олиш мумкин. Пиёз саратонга қарши курашчи ҳамдир. Унинг таркибидаги цистеин моддаси ҳаводаги кислород билан бирлашиб, организмда ўсма ҳужайраларининг ҳосил бўлишига йўл қўймайди. Франциялик олимлар бу борада илмий тадқиқот ўтказиб, кўкпиёз ва саримсоқпиёз таркибидаги биологик фаол моддалар кўкрак саратони хавфини камайтиришини аниқлашган. Шу билан бирга бир қатор тадқиқотларда кўкпиёз таркибидаги кверцетин моддаси организмни ёшартириши маълум бўлган.

Кўкпиёз таркибидаги глюкинин моддаси қондаги қанд миқдорини осонгина туширади, ортиқча суюқликдан халос қилиб, сафрони ҳайдайди. Болаларда гижжа пайдо бўлмаслиги учун таомларига 3-4 шохча кўкпиёзни майда тўғраб бериш тавсия этилади. Танада узоқ битмайдиган яралар пайдо бўлса ҳам кўкпиёзни тез-тез истеъмол қилиш буюрилади.

Барра пиёз хотирани  мустаҳкамлайди

Кейинги пайтларда хотирангиз панд бераётганини сезган бўлсангиз, тушлик ва кечки овқат пайтида ярим боғ кўкпиёзни бир пиёла қаймоқ билан аралаштириб, 2 бўлак қора нон билан истеъмол қилинг. Бу мия имкониятларини яхшиланишига, ақлий фаоллик ортишига хизмат қилади. Сабаби кўкпиёз бош мия ҳужайраларини зарарли хилтлардан тозалайди. Таркибидаги биологик фойдали моддалар организмга тез сингиб, қонга тушгач хотира ва ҳиссиётларни бошқарадиган марказлар ишини тезлаштиради.

Қулоқ оғриганда 3-4 шохча кўкпиёз ёки 1 дона ўртача оқбош пиёз майда тўғралиб, икки қават докага ўралади ва қайнаб турган сув буғида 5-6 сония иситилиб, сўнг оғриётган қулоққа қўйиб, иссиқ боғланади.

Чивин ёки ари каби хашаротлар чаққанда ҳам бир шохча кўкпиёзнинг орасини очиб шилимшиқ томони ярага қўйилади. Шу пайтда 1-2 дона кўкпиёзни чайнаб турсангиз ҳам оғриқ тез йўқолади.

Кўкпиёз юрак касалликларига чалинган беморлар учун ҳам фойдали. Шифокорлар ҳар бир инсон иммунитетни кучайтириш, дармонсизликнинг олдини олиш мақсадида ҳар куни ярим боғдан майда тўғралган кўкпиёзни овқатга солиб истеъмол қилишини тавсия қилишади. Бунда биринчидан, ошқозон шираси яхши ажралиб, овқатнинг тезроқ ҳазм бўлишига ёрдам беради. Иккинчидан, таркибидаги С витамини бу дармондорига бўлган эҳтиёжни тўла қондиради. Учинчидан, кўкпиёз таркибидаги хлорофилл қонни кўпайтиради. Кўкпиёзнинг илдиздан кейинги 2 см узунликдаги оқиш жойи энг мазали ва фойдали қисмидир.

Эҳтиёт шартлари

Рус халқи табибларининг таъкидлашича кўкпиёз эркаклар саломатлиги учун кони фойда экан. Шарқ табобатида ҳам кўкпиёздан жинсий қобилиятни тиклаш, бепуштликни даволашда кенг фойдаланилади. Бунинг учун ҳар куни 2-3 шохча кўкпиёзни майда тўғраб, бир ой давомида уйқудан олдин истеъмол қилиш керак. Жигар, буйрак, ошқозон-ичак касалликларининг зўрайиш даврида кўкпиёзни камроқ истеъмол қилиш керак. Акс ҳолда у жиғилдон қайнаши, ошқозондаги оғриқ, қорин дам бўлиши, бош оғриғи каби ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин.

Кўкпиёзнинг «катта акаси» – бошпиёзнинг фойдали хусусиятлари ҳам кўкпиёзникидан қолишмайди. Бу ҳақда қадимги мисрликлар жуда яхши билишган. Қадимги Миср эҳромлари деворларида пиёз сурати чизилгани ҳам бежиз эмас. Шунингдек, пиёз ҳақида маълумотлар тарихий солнома ва муқаддас китобларда ҳам қайд этилган. Ўрта аср халқлари орасида ичбуруғ ва С витамини етишмаслигидан вужудга келадиган цинга касаллиги тарқалганда айнан пиёз аҳолини ўлимдан асраб қолган. Ҳатто қироллар ҳар бир фуқаронинг кунига 3 донагача пиёз истеъмол қилишини буюришган экан.

КЎКПИЁЗЛИ  ОМЛЕТ

Керакли масаллиқлар: 1 боғ кўкпиёз, 3 дона тухум, 1 пиёла сут ёки сув, 1 ош қошиқ сариёғ, туз.

Тайёрланиши: тухум кўпиртирилиб  сут устига солинади, яхшилаб аралаштирилади, товада сариёғ қиздирилиб, тухумли аралашма қуйилади, устига кўкпиёз сепиб қовурилади. Дастурхонга тортишдан олдин устига сариёғ суртилади.

КЎКПИЁЗЛИ  САЛАТ

Керакли масаллиқлар: бир боғ кўкпиёз, бир чой қошиқ лимон шарбати, 2 дона сувда пиширилган тухум, 2 ош қошиқ майонез.

Тайёрланиши: кўкпиёз ва тухумни майда тўғраб майонез, лимон шарбати билан аралаштиринг. Салат картошкали пюре билан бирга дастурхонга тортилади.

Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: