Чустдаги артезиан қудуқ суви фойдаланишга яроқсизми?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманган вилояти, Чуст туманидаги фермер даласидан булоқ чиққани ва унинг суви шифобахшлиги ҳақида тарқалган шов-шувли хабарлар юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, Наманган вилоят ДСЭНМ мутахассислари томонидан 2019 йилнинг 22 май куни Чуст туманидаги «Томчи замин» фермер хўжалигидаги артезиан қудуқ сувидан лаборатория текширувлари учун сув намуналари олинган. Вилоят Давлат санитария эпидемиология марказининг аккредитациядан ўтган лабораторияларида бактериологик, санитария-кимёвий ва радиологик текширувлар олиб борилмоқда. Дастлабки санитария-кимёвий таҳлил натижаларига кўра олинган сув намунаси лойқалиги, водород кўрсатгичи (рн), умумий минералланиши (қуруқ қолдиқ), умумий қаттиқлиги, сульфатлар ва хлоридлар қолдиғи кўрсаткичлари бўйича зарарли ва аҳоли учун ичимлик суви сифатида истеъмолга берилиши мумкин эмас. Ҳозирда бактериологик таҳлиллар давом эттирилмоқда.

«Ҳар қандай минерал сувларнинг шифобахшлик хусусиятини аниқлаш учун аввало Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси томонидан тегишли таҳлиллар ўтказилиши ва ушбу таҳлил натижалари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Республика терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий маркази» томонидан баҳоланиши лозим. Агарда ўрганилган сувнинг шифобахшлиги аниқланса, сувдан фойдаланиш қоидаларига мос равишда сув манбасида белгиланган қурилиш ишлари олиб борилиб, сувнинг айнан қайси касалликларга шифолиги бўйича санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тартибларга риоя этган ҳолда фойдаланиш мумкин. Мутахассислар томонидан ўрганилмасдан, сувни ичиш, ювиниш, ванна ёки бошқа усуллар билан даво сифатида фойдаланиш организмда мавжуд касалликларни қўзғатиши, оғирлаштириши ёки бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, ушбу ҳолатда «Томчи замин» фермер хўжалигидаги артезиан қудуқ сувидан инсон саломатлиги йўлида фойдаланишни тўхтатиш лозим.

Сув – нафақат ҳаёт манбаи, балки кўпгина юқумли, жумладан ўта хавфли юқумли касалликлар ҳамда соматик касалликларнинг тарқалиш омили эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак», дейди Kun.uz сўровига жавобан Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари Баҳром Алматов.

Жорий ҳафтада Чустда «саратонга даво экани» айтилаётган булоқ катта шов-шув келтириб чиқарди. Айни вақтда республиканинг турли нуқталаридан минглаб кишилар Чустдаги «булоқ»қа шифо излаб келмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: