Кийик ўти – пешоб ҳайдовчи, қон босимини туширувчи восита

Кийик ўти Европа халқлари тилида «зизифора», форс тилида «фудиони жабали», арабчада эса «боклаътул ғаззол» деб аталади. Унинг барглари майда, наштарсимон, текис, бахмал тукли поялари ингичка, кулранг бўлади. Ўсимлик июнь-июль ойларида гуллайди, бинафшаранг гуллари ёқимли ҳид таратади.

Мазкур ўсимлик халқ табобати ва озиқ-овқат саноатида ишлатилувчи шифобахш ўсимлик бўлиб, тоғ ёнбағирларида ўсади. Асосан Чотқол, Зарафшон, Туркистон, Нурота ва Ҳисор тоғ тизмаларида, республикамизнинг Тошкент, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли туманларида кенг тарқалган.

Шифода ва ифорда тенгсиз 

Кийик ўти ҳозирги вақтда озиқ-овқат саноатида ҳам кенг қўлланилмоқда. Шунингдек уни қўшиб сифати бойитилган чойлар тайёрланади. Кийик ўти қўшилган чой ёз ойларидаги жазирама кунларда киши танасига роҳат бағишлайди, чанқоқни босади, овқатни яхши ҳазм қилади, қон босими ва юрак фаолиятини мўътадиллаштиради. Бу ўсимлик кўпгина халқларда таомларга маза ва ёқимли ифор берувчи зиравор сифатида ишлатилади. Шу каби сабзавотларни сақлашда, меваларни консервалашда, ҳатто шароб тайёрлашда ҳам қўлланилади.

Кийик ўти ва ундан тайёрланувчи чойлар халқ табобати усулида даволанганда томоқ оғриғида, меъда фаолияти бузилиши, кўнгил айниши, юрак санчиғи ва сиқилишида, шу билан бирга асабийликда ҳам тавсия этилади. Бундай фиточойлар иштаҳани очиб, овқат ҳазмини тезлаштириш, пешоб ҳайдаш хусусиятларига эга. Бундан ташқари буйрак, юрак, жигар ва ошқозон ичак хасталикларини даволашда ҳам ишлатилади.

Илмий табобатда ўсимликнинг дамламаси ва препаратлари юрак-қон томирлари тизими иш фаолиятини яхшилашда, артериал қон босимини пасайтиришда, ҳамда пешоб ҳайдовчи дори воситаси сифатида кенг қўлланилади. Ўсимликнинг ер устки қисмлари– пояси, барги ва тўпгуллари таркибида 2.5 фоизгача эфир мойлари, С, Е, А витаминлари мавжуд. Шунингдек, “Сафро ҳайдовчи Хожиматов йиғмаси”нинг асосий қисми ҳам кийик ўтидан иборат. Ҳозирги вақтда бу йиғма тиббиёт амалиётида жигар ҳасталикларини даволашда, айниқса сариқ касаллиги – гепатитни самарали даволашда ишлатилмоқда.

Кийик ўтидан тайёрланган дамлама захм, ичбуруғ, чиллашир, колит касалликларида ишлатилади. Ўсимлик таркибида илмий тиббиётда қўлланиладиган ментол моддаси кўп бўлади. Ўсимликнинг шифобахшлик даражасини янада оширадиган нарса шуки унинг таркиби организм учун зарур модда ва витаминларга, микроэлементлар, фойдали тузлар, озиқ-овқат кислоталарига бойдир.

Ўсимликнинг тиндирмаси юрак неврозида, эрта климаксда, ёшга оид ревмокардитда, қон айланиши издан чиққанда, юракнинг ишемик касаллиги, коронар атеросклерозда, бош оғриғида, миокардитда минераллар малмашинувини тиклашда яхши ёрдам беради. Шунингдек кийикўти тиндирмасидан нафас маромини яхшилаш, аритмияни даволаш каби мақсадларда ҳам фойдаланиш мумкин.

Балғам кўчиши қийин бўлганда, қон босимини туширишда ўсимлик барглари озгина асал билан дамлаб ичилади. Асабни тинчлантиришда, айрим тери хасталикларида зарарланган соҳани ювиш учун доривор исириқ билан қўшиб қайнатилади ва сузиб ишлатилади. Юраги хаста беморларга эса кийикўтга хонялпиз қўшган ҳолда қабул қилиш тавсия қилинади.

Ўсимликдан фойдаланиш шартлари

Даво мақсадларида ўсимликнинг пояси, барглари, илдизи, гуллари ишлатилади. Аммо шуни унутмаслик керакки, кийик ўти ўзининг шифобахш хусусиятиларини йўқотмаслиги учун уни табиатдан йиғиб-териш талабларига риоя қилиш зарур. Маълумки кийик ўти таркибидаги шифобахш омиллар гиёҳнинг айни гуллаш пайтида кўпаяди. Бу июль ойининг охири, август ойлари бошига тўғри келади. Шу пайтда гиёҳни керак миқдорда ўриб олиб, соя-салқин, ҳаволи жойда қуритса, фойдаси яхши бўлади. Умуман қон босими юқори бўлган кишилар ўланнинг қуритилган баргларини чойга қўшиб дамлаб ичиб турса босимни бир меъёрда ушлайди.

Ўсимлик жиддий ножўя таъсирлари бўлмаган ўсимликлар гуруҳига киради. Фақатгина гипотония (артерияларда қон босими паст бўлиши) ва тери касалликларида (аллергияда) кийик ўтини қўллашдан эҳтиёт бўлиш керак. Уни меъёридан кўп ичиш қон босими тушишига олиб келиши мумкин. Ўсимликларга аллергия бўлмаган оламлар бу ўланни бемалол чой ва зиравор сифатида организмни соғломлаштиришда ишлатсалар бўлади. Гипертониклар қон босими одатдаги турғун меъёрдан паст бўлганда кийикўт чойини қабул қилмаганлари маъқул. Шунингдек ҳомиладорликда ҳам кийик ўтига ружу қўйиш тавсия қилинмайди. Ибн Сино ҳомиладор аёл кийикўтдан нотўғри фойдаланса, ҳомиласи тушиши, пешобда қон пайдо бўлиши ҳақида эслатиб ўтган.

Миқдор ва меъёрлар

Ревматизм асоратлари кузатилган болаларга кийик ўти дамламасини берганда ер устки қисмидан тайёрланган хомашёнинг 3 ош қошиғи олинади ва майдаланади. Сўнг 0,5 л қайноқ сувда дамланадикунига 3 маҳал 2 ош қошиқдан қабул қилинади.

Катталарда невроз, неврастения ва қон томир хасталиклари бўлганда кийик ўтининг поя ва баргларидан 2-3 ошқошиқ (қуритиб майдаланган) олинади ва 0,5 л қайноқ сувда дамлаб, 30 дақиқа тиндирилади. Кунига оч қоринга 1-2 пиёладан ичилади.

Кўнгил айниши, ичак санчиқлари кузатилса, иштаҳа йўқолса қуритилган кийик ўтини майдалаб 250 мл суда 3-4 дақиқа қайнатасиз. Бироз тиндириб кунига 4 марта 1 ош қошиқдан ичасиз.

Гипертонияни даволашда 3 ош қошиқ хомашёни 0,5 л тиббиёт спиртига солиб, 10 кун давомида тиндириб қўйилади. Кейин ярим пиёла сувга 25 томчидан қўшиб кунига бир марта ичилади.

Кийик ўтили дамлама яллиғланиш жараёнларига қарши яхши самара беради. бир чойнакка бир ош қошиқ қуритилган ўсимликни дамлаб, 20 дақиқа тиндирасиз ва кун давомида оч қоринга бир пиёладан ичиб юрасиз. Бу дамлама билан ревматизм, подагра, тиш оғриғи ва милк касалликларини ҳам даволаш мумкин.

Фойдали муолажалар

Бод касаллигида ва бўғим оғриқларида 2 ош қошиқ қуритилган кийик ўти хомашёсини 1 стакан қайноқ сувда дамлайсиз. Кейин бу дамламани паст олвда 20 дақиқа қайнатасиз. Сўнг оловдан олиб 45 дақиқа совитасиз ва қайнаб совиган сув қўшиб олдинги миқдорига келтирасиз. Тайёр бўлган суюқликка бинтни ҳўллаб оғриқли бўғимларингизни ишқалаб артасиз. 2-3 марта муолажа қилингандан кейин фойдаси сезила бошлайди. Оғриқлар тўлиқ барҳам топгунча бу муолажани ҳар куни амалга оширасиз.

Простатит касаллигини даволашда ҳалқ табобати қуйидагича кийик ўтили шифобахш йиғмадан чой қилиб дамлашни тавсия этади: жўка ва дўлана гули, кийик ўти ва ялпиз ўти, оқ ва қизил атиргул гули, зира уруғи, смародина барги, қизилқонўт, қашқарбеда ўти.

Шунингдек, сурункали простатитда кийикўтни куйдаги шифобахш ўтлар йиғмаси таркибига қўшиб ванна қилиш мумкин. Далачой, қашқарбеда, кийик ўти, зангори маймунжон, парманчак, қайин, газанда, зубтурм, мойчечак ўтларидан кенг миқдорда олинади ва шу йиғмадан 100 г олиниб, устига 2 летр қайноқ сув куйлади ва бир соат ўраб, дамлаб қўйилади. Шу дамламадан қўшиб хафтада икки махал 15-20 дақиқадан ванна қабул қилиш тавсия этилади. Сув ҳарорати 37-38 даража бўлиши керак.

 Гулшан тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: