Узум қонни тозалайди

Ибн Сино битикларида шундай таърифлар келтирилади: “Узум мизожларни мўътадиллаштиради, қонни ҳайдайди, кўкрак ости ва ўпка аъзоларини ёмон хилтлардан тозалайди…»

Ҳозир айни пишиқчилик пайти. Барча мевалар қатори хилма хил узумлар ҳам бозор расталарида ўзини кўз-кўз қилиб турибди. Узум шифобахшлик хусусиятлари жиҳатидан энг яхши ва фойдали мевалар сарасига киради. Озиқликда ва қонни кўпайтиришда унга тенг келадигани йўқ.

Узум – ток, бўйи 30-40 м га борадиган кўп йиллик ўсимликдир. Мевалари сершира, тури, шакли, ранги ва катта-кичиклиги ҳар хил. Узум меваси таркибида 20 фоиз қанд ва 55 фоиз сахароза, 90 мг каротин, 13 мг никотин ва ошловчи моддалар ҳамда ҳар хил витаминлар бор. Юртимизда узумнинг ўнлаб турлари етиштирилади.

Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино узум ва майизини ичак оғриқлари, буйрак ва қовуқ нохушликларида ишлатган бўлса, барги ва жингалакларини бош оғриғи, кўз шамоллаши, меъда, қулоқ касалликларини даволашда фойдаланган. Қуритилган барг шираси билан дизентерия, поя ва шохларининг кули билан тери касалликларини даволаган.

Узум ҳақида айнан Ибн Сино битикларида шундай таърифлар келтирилади: “Узум мизожларни мўътадиллаштиради, қонни ҳайдайди, кўкрак ости ва ўпка аъзоларини ёмон хилтлардан тозалайди. Баданни семиртиради, агар ичидаги сувини сўриб, пўстини ташлаб юборилса, буйракдаги чарвини кўпайтиради, бироқ меъдаси ҳўл мизож ва ёмон ҳидли кишиларга зарар қилади, уларда ел пайдо қилади. Шу пайтда зира ва арпабадиён истеъмол қилса, зарари бартараф бўлади. Борди-ю, жигар ва талоқда тиқилма бўлса ҳам зиён етади, буйракка ҳам зарарли. Янги узилган узумнинг жуда ҳазми оғир, пўсти бироз юмшаб тиришгандан кейин ейилса ҳазми осонлашади. Шунда ел ҳосил қилиши камаяди. Танага қувват бағишлайди»”.

Замонавий тиббиётда кенг қўлланилади

Замонавий тиббиётда юрак, ўпка, буйрак касалликларида, подагра, камқонликда, юқумли касалликларда узум мевалари ёки суви организмни қувватга киргизиш ва ҳазм тизими ишини қўллаб-қувватлаш, чанқоқни қондириш, пешобни кучайтириш мақсадида тавсия этилади. Камқонлик, нефрит, сурункали бронхит ва бошқа касалликларда беморларнинг тикланиши, умумий қувватини ошириш учун тавсия қилинади. Одам ҳаддан ташқари озиб кетганида қувват берувчи, иштаҳа очувчи дори сифатида буюрилади.

Ток мевасининг доривор препаратлари кўп қон йўқотиш, қон томирлар тонусининг ўзгаришида, қон айланишнинг бузилишида ҳамда шокнинг олдини олишда қўлланилади.

Кишмиш, майизнинг фойдаси мўл

Токнинг баргининг шираси кўзни равшанлантиришда, дамламаси бод хасталигини даволашда тавсия этилади. Ток сувининг 20 г ига 5 г арпа уни қўшиб, бир суткадан кейин боғланса, темираткида яхши ёрдам қилади. Ток баргининг суви кўздан ёш оқишини тўхтатади. Бунинг учун уни пахтага шимдириб кўзни юмиб қовоқ устига қўйиб ётиш керак.

Ток баргидан жигар касаллигида ишлатиладиган препарати олинган ва тиббиётда холосос дориси сифатида ишлатилади. Холосос дориси холецистит ва гепатитни даволашда қўлланилади.

Узум майизи, айниқса, тоифи навининг майизи меъда, жигар, буйрак ва қовуққа яхши шифо бўлади, кўз нурини кўпайтиради.

Узум уруғидан ёғ олинади. Бу ёғ баданни беҳад иситувчи, қуюқ моддаларни ҳайдовчи, шишларни қайтарувчи, терини юмшатувчи ҳисобланади.

Организмда йирингли жараёнлар кечаётганида, қандли диабет, меъда ва ўн икки бармоқли ичакнинг яра касалликларида узум истеъмол қилиб бўлмайди.

Табиб маслаҳатлари

Доимо узум майизи еб юрилса сира тишлар оғримайди. Агарда майиз уруғини янчиб, 300 г ни уч литр сувда қайнатиб, ўн кун уч маҳал 50 г дан ичса, буйрак, қовуқдаги касалликларга фойда қилади.

Узум майиздан қайнатма тайёрлаш учун 100 г майиз янчилиб, устига 200 г сув қуйилади. Сўнгра 10 дақиқа қайнатилиб, совигач сузиб олиниб, таъмига қараб лимон қўшилади ва овқатдан олдин ярим стакан ичилади.

Узум баргидан малҳам тайёрлаб ичилса қандли диабет ва гипертонияда фойдалидир. Бунинг учун 40-50 гр қуритилган узум баргига 0,5 л қайнатилган сув қуйилади, паст оловда 10-15 дақиқа қайнатилади. Сўнгра сузиб олиниб, ҳар куни 4 ош қошиқ овқатдан олдин 3-4 маҳал ичилади.

Узум уруғи истеъмоли терини ёшартиради. Унинг майдалангани терига суртилса ўлик терини туширади, янги тери ҳосил бўлишини таъминлайди.

Узум шароб тиқилмаларни очади

Табиблар мусалласни маст бўлиш учун эмас, шифобахшлик фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун истеъмол қилишни тавсия қиладилар.  Қуёшда етилган май мусаллас дейилади. У аччиқ ва меъдадан тез чиқиб кетади, лекин терлатади, иситмани чиқаради.

Узум шаробининг шифобахшлик хусусиятларига келсак, суюқ шароб бадандаги тиқилмаларни очади, қуюқ шароб эса ҳазмни яхшилайди. Лекин иштаҳани бўғади, жинсий қувватни сусайтиради. Асабга куч бағишлайди, лекин бошни оғритади. Эски шароб аъзоларга заҳа етказади. У томирлар ва ичакларнинг ички деворларини яллиғлайди.

Узум сиркаси ҳазмни яхшилайди

Узум сиркасининг шифобахшлиги тўғрисида кўп гапириш мумкин. Масалан сиркани асалга аралаштириб суртилса, кўз остидаги кўкимтир доғни йўқ қилади, тери остидаги туриб қолган қонни тарқатиб юборади. Сирканинг ўзини ғарғара қилса, томоқ дардларига шифо бағишлайди. Агар тоза узум сиркасини илитиб ичилса, йўтални босади.

Сиркани иситиб ичилса қайт қилдиради, натижада меъдадаги заҳарли моддалар чиқиб, ошқозон тоза бўлади. Агар уни туз билан истеъмол қилинса баданга ўтган заҳарни даф қилади.

Аммо сирка мизожи совуқ кишиларга, кексаларга, қуруқ йўтали бор одамларга, шунингдек, боди бор, бўғимлари оғрийдиган, ички азоларида ва бачадонида хасталиги бор аёллар, асаби тез бузиладиганларга ҳам тавсия қилинмайди. Бир кунлик сирка миқдори 20-32 г. Сиркани хуш кўрмайдиганлар унинг ўрнига лимон истеъмол қилишлари мумкин.

 Шаҳризода ОТАБОЕВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: