Давлат геология қўмитаси: соҳага интерактив хизматлар жорий этилмоқда

Бугунги кунда қудуқларни бурғулаш учун рухсатномалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилмоқда.

Сўнгги йилларда бутун дунё бўйича ичимлик сувига бўлган талабнинг ортиб бориши натижасида уни асраб-авайлаш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан Ҳукуматимиз томонидан ичимлик сувларига, айниқса аҳолини ичимлик сувига бўлган талабининг 60 %ини қоплаб берувчи ер ости ичимлик сувларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 июндаги “Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 430-сон қарори билан ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатномалар бериш ҳамда ер ости сувларининг давлат мониторинги тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Ўтган 2 йил давомида ер ости сувларига қудуқ бурғулашга рухсатнома олиш бўйича 657 та ариза келиб тушган бўлиб, шулардан 614 тасига ижобий хулоса асосида рухсатномалар берилди.

Сўнгги йилларда муҳтарам президентимиз бошчилигида аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва янада такомиллаштириш бўйича “Ягона дарча” тамойили асосида республикамиз миқёсида 160 дан ортиқ давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар сони эса 100 дан ошди. Бундай давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши турли соҳаларда учрайдиган кўплаб бюрократик тўсиқлар, қоғозбозликлар, сансалорликлар ва энг асосийси коррупцияни олдини олишга хизмат қилиб, аҳолига хизмат кўрсатишда шаффофликни оширди.

Давлат геология қўмитаси ҳам юртимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган инновацион технологияларни кенг жалб этиш орқали ҳалқимизга, тадбиркорларга ва инвесторларга хизмат кўрсатиш сифати ва тезлигини оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу борада геология соҳаси бўйича бир қанча хизмат кўрсатиш турларини давлат хизматлари марказлари орқали ташкил этиш механизми йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 августда қабул қилинган “Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 672-сон қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланиб, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ушбу хизмат тури юридик шахсларга фақат давлат хизматлари марказлари ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириладиган бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 430-сон қарори билан таққослаганда ушбу маъмурий регламент билан қуйидаги енгиллик ва афзалликлар тақдим этилди:

 

  1. Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Бу эса қудуқ бурғуловчи ташкилотлар учун республикамизнинг исталган жойидан давлат хизматлари марказларига хоҳ ўзи келиб, хоҳ электрон тарзда мурожаат қилиш имконини беради. Олдинги низом бўйича аризачилар республикамиздаги 14 та гидрогеология станцияларига ўзлари келиб мурожаат қилиш имконига эга эди. Ҳозирги кунда республикамиз бўйича 160 дан ортиқ давлат хизматлари марказлари фаолият кўрсатаётганлигини ҳисобга олсак қудуқ бурғулаш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун кенг қулайликлар яратилди.
  2. Рухсатнома бериш муддати энди 6 кунни ташкил этади. Илгари бу муддат 10 кунни ташкил этарди.
  3. Рухсатнома бериш тизими тўлиқ Давлат геология қўмитаси таркибидаги рухсатномалар бериш бўлими орқали бажарилади. Бу ўз навбатида рухсатнома олиш учун топширилган ҳужатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, тезкорлик билан ҳудудий гидрогеология ташкилотларидан хулосалар олиш, рухсатномаларни ўз вақтида топшириш ҳамда энг асосийси ер ости сувларига қудуқларни бурғулашга рухсатнома бериш ҳисобини аниқ юритиш имконини беради.

Юқорида келтирилганларни инобатга олиб, шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 августда 672-сон қарори билан тасдиқланган ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти юртимизда “Электрон ҳукумат” тизимини янада такомиллаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси матбуот хизмати.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: