Тошкентда замонавий вакциналар омбори ишга туширилди

ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти кўмагида Ўзбекистон ҳудудларида 22 та вакцина сақлаш омборхоналари қурилиб ишга туширилди. Бугун Тошкент шаҳрида шундай иншоотнинг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Фото: М.Бекжонова

ЮНИСЕФ вакциналарни сақлашга мўлжалланган махсус объектни қуриб Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳар бўлимига фойдаланишга топширди. Мазкур янги иншоот вакциналарнинг сифатли бошқарувини таъминлашга ёрдам беради. Ушбу янги замонавий вакцина омбори автомат тарзда бошқарилувчи совуткичлар, ҳароратни мунтазам назорат қилувчи мосламалар ва бошқа махсус ускуналарга эга.

Янги вакциналар омбори бир ёшгача бўлган 125,523 болани эмлашга мўлжалланган 20,000 литр ҳажмдаги вакциналарни сақлаш имконини беради. Ичига кириб бемалол юриш мумкин бўлган совуткич камералари вакциналар сифатини таъминлаш учун зарур бўлган 2-8 даража ҳароратни доимий равишда таъминлаб туради.
Тошкент шаҳрида ва бошқа ҳудудларда беш ёшгача бўлган болалар сони ошганини эътиборга олиб қурилаётган янги вакцина омборлари ҳажмига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Фото: М.Бекжонова

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн янги объект пештахтасини Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори Бегзод Одиловга тантанали равишда топширди. Тадбирда, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика ва шаҳар санитария-эпидемиология хизмати вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этишди.

Вакциналар ёрдамида бутун дунёда 5 ёшгача бўлган миллионлаб болаларни юқумли касалликлар ва ўлим хавфидан омон сақлаб қолиш мумкин. Шу боисдан иммунизация келгуси авлодлар учун аҳоли соғлиғини сақлашга қилинган энг муваффақиятли ва иқтисодий жиҳатдан фойдали инвестициялардан ҳисобланади.
Фото: М.Бекжонова

ЮНИСЕФ ходимларни янги қурилмалардан фойдаланишга ўргатиш, уларни зарур қўлланмалар билан таъминлашда ҳам кўмак беради.

ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳудудларида яна 21 та шу каби объектларни қуриш ва уларни зарур ускуналар билан таъминлаш борасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига беминнат кўмак бермоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: