ТАСС: “Тошкент-66“ фильми ишланади

Москвада “Ўзбек киноси кунлари” бошланди.  Бу ҳақда ТАСС хабар берди. Беш кун ичида томошабинларга ўзбекистонлик режиссёрлар томонидан ишлаб чиқарилган 10 та бадиий ва учта ҳужжатли фильм намойиш этилади.

Тадбирнинг очилиш маросими кеча 1 октябрь сешанба куни Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасида бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадовнинг таъкидлашича, тақдим этилаётган фильмлар россиялик томошабинларга ўзбек киноси тарихи ва бугунги ҳолати билан яқиндан танишиш имконини беради.

“Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг юқори даражадаги ривожланишини қайд этиш мамнуният бағишлайди, буни кўп қиррали ҳамкорлик деб таърифлаш мумкин, ҳамкорликнинг асосини раҳбарларимизнинг дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ташкил этади“, дейди Асадов.

Ботиржон Асадов Россия Маданият вазирлигига фестивални ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўз навбатида, Россия Федерацияси Маданият вазири Владимир Мединский Ўзбекистон маданиятини севишини ва қадрлашини таъкидлади. Унга кўра, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликни киноларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

“Тадбирнинг энг асосий натижаси қўшма фильмлар ишлаб чиқарилиши бўлади. Сифатли фильмларни биргаликда яратиш керак“, деди Россия маданият вазири Мединский. Шунингдек у болалигида «Оловли йўллар» номли ўзбек сериалини севиб томоша қилганини тан олди.

Тадбир доирасида Россия ва Ўзбекистон вакиллари кинематография соҳасида бешта ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Хусусан, “Марс Медиа“ кино компанияси раҳбари Рубен Дишдишян ва “Ўзбеккино“ миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов “Тошкент-66“ фильмининг суратга олиш жараёнини Ўзбекистонда ташкил этиш тўғрисида келишиб олишди. Шунингдек, “Megogo” ва “Ўзбеккино“ Миллий агентлиги ўртасида “Хўжа Насриддин» фильмини ишлаб чиқариш тўғрисида меморандум имзоланди.

Режиссёр Юсуф Розиқов ТАСС агентлигига берган интервьюсида, режиссёр ва сценарист Рауф Кубаев билан “Тошкент-66“ номли фильмга сценарий ёзмоқчи эканликларини айтди. Кинокартина мелодрама жанрида суратга олинади.

“Биз ёшлигимиз, ҳатто болалигимиздаги унутилмас воқеалар ҳақидаги фильмларни суратга олишни хоҳлаймиз. Тошкентда даҳшатли зилзила бўлган пайтлар бизнинг ёшлик пайтларимизга тўғри келган. Аммо табиий офат ҳақида эмас, балки содир бўлган воқеалар, одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат ва ҳаётимизда қандай ўзгаришлар бўлганини эслаш ниятидамиз“, дейди Розиқов.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Фирдавс Абдухолиқов лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжудлигини ва “Ўзбеккино” икки мамлакатнинг кинематографик режаларини амалга оширишга ҳар томонлама ҳисса қўшишини таъкидлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: