Миллий театрда Қўчқор Норқобил асари асосидаги спектакль премьераси бўлиб ўтди

Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари яна бир ажойиб спектаклни саҳнага олиб чиқишди.

Таниқли адиб, драматург Қўчқор Норқобил серқирра ижод соҳиби. Унинг турли касб эгаси бўлган замонамиз қаҳрамонлари тимсоли акс этган бир қатор асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар театр мухлислари эътирофига сазовор бўлган. Драматург қаламига мансуб навбатдаги спектакль «Тоғлардек баланд бўл!» деб аталади.

Унда ўз қатъияти, инсоний фазилатлари билан барчага ўрнак бўлувчи бугунги кун қаҳрамонининг образи яратилган. Бу саҳна асарида оғир саноат тизимида, кон-металлургия соҳасида фаолият олиб борган, узоқ ҳаётий тажриба ва чуқур билимга эга инсон тақдири тўлақонли талқин қилинган.

Драмада замонамиз қаҳрамонинг типик вакили ўзи ишлаётган соҳа ривожи учун барча қийинчиликлар ва тақдир зарбаларига собит турган ҳолда матонат билан курашади. Яъни унинг оғир ҳаётий йўлни босиб ўтиб, масъулиятли раҳбар лавозимига кўтарилиши, бу инсоннинг поклиги, меҳр-мурруввати, халқ ва юрт бойлигини асраш йўлидаги, коррупцияга қарши кураш борасидаги жасорати чуқур таҳлил қилинади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур асарда замонавий қаҳрамон қиёфаси нафақат гап-сўзлари, хатти-ҳаракатлари, балки унинг ички дунёси, дарди ва қалб изтиробларини очиб бериш орқали акс эттирилган.

Спектални режиссёр Ғофур Мардонов саҳналаштирган. Ролларни Ўзбекистон халқ артисти Зуҳра Ашурова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Тоҳир Саидов, Меҳриддин Раҳматов, Махфуза Боботиллаева ва бошқалар маҳорат билан ижро этган.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: