Томир ва мушаклар нега тортишади? Бунда нима қилиш керак?

Оёқ ва бармоқ томирлари тортишиши деярли ҳаммада учрайди. Баъзан бу ҳолатда одам нима қилишни ҳам билмай қолади. Кўпчиликда саволлар пайдо бўлади: Томир тортишади? Бу хавфли эмасми? Нега чўмилганда оёқ тортишиб қолади? Ҳомиладорликда нима учун бу ҳолат кўп учрайди? Саволларга жавоб олиш учун мутахассис билан учрашиб, батафсил суҳбатлашдик.

Олий тоифали шифокор Феруза Исаева саволларга жавоб берди.

Томир ёки мушак тортишишига нималар сабаб бўлади? 

Оёқ томирлари тортиши оғриқли жараён бўлиб, бунда одамда оғриқ билан бирга қандайдир нохуш ҳиссиёт пайдо бўлади. Тортишишга қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:

Ҳарорат ўзгариши. Совуқ сувда чўмилганда ёки куннинг совуқ вақтида мушаклар бирдан тортишиб қолади. Шу сабабли томир ва мушакларда тортитиш пайдо бўлади.

Витамин ва микроэлементлар етишмовчилиги. Масалан магний, калций, калий, Д витамини нерв толалари бўйлаб импульс ўтказиш аҳамиятига эга. Уларнинг етишмаслиги импульслар ўтиши ҳамда мушаклар ҳаракатини бузади. Микро ва макроэлементлар етишмовчилигига эса нотўғри овқатланиш, зарарли моддаларнинг кўплиги (никотин, кофеин, танин ва шакар), оқсилли парҳез, дори воситалари қабули, озуқаларни ўзлаштира олмаслик кабилар сабаб бўлиши мумкин.

Стресс. Руҳий зўриқиш вақтида энг кўп зўриқиш мушаклардаги нерв учларига тушади. Бу эса мушаклар қисқаришига олиб келади. Шунингдек кортизол гормони ошиб кетиши ҳам микро ва макроэлементлар миқдори камайишига, айниқса кальций камайишига олиб келади. Калций етишмаса тортишиш пайдо бўлади.

Жисмоний зўриқиш. Спорт билан шуғулланиш вақтида кўп жисмоний меҳнат қилиш, машғулотдан олдин мушакларни қиздириб олмаслик, оғир бир хилдаги жисмоний ҳаракатлар айрим мушакларнинг ортиқча ишлашига, қувватининг нотўғри тақсимланишига олиб келади. Шунинг учун жисмоний фаолият вақтида тортишиш юзага келади.

Сувсизланиш. Кўп терлаганда микроэлементлар кўп йўқолади. Бу эса мушаклар қисқаришига таъсир қилади. Шу сабабли кунига камида 2.5 литр суюқлик ичиш лозим.

Модда алмашинуви бузилиши. Оёқ панжасидаги томирлар ва бармоқлар тортишишига танадаги модда алмашинуви бузилиши, томирлар атеросклерози ва қандли диабет сабаб бўлса, панжа тортишишига нерв бузилишлари ва яссиоёқлик сабаб бўлади. Қулай оёқ кийим кийганда бу тортишишлар кузатилмайди.

Касалликлар. Турли томир касалликлари, жароҳатлар тортишишнинг энг кўп сабабчисидир. Бундай ҳолатларда эндокринолог, невропатолог, флеболог ва бошқа мутахассислар билан маслаҳатлашиб даво муолажаларини қабул қилинг.

Томирлар нега кўпинча тунда тортишади?

Бунинг асосий сабаби қон оқими пасайишидир. Қон оқими секинлашганда мушакларга моддалар сўрилиши пасаяди. Шу сабабли уларда тортишиш юзага келади.

Модда алмашинувини яхшилаш ва организмни қувватлантириш учун калций, калий ва магнийга бой маҳсулотлар – маржумак, овсянка, дуккаклилар, чечевица, қуруқ мевалар, денгиз карами, қатиқ истеъмол қилиш керак.

Томирлар ўтказувчанлиги бузилган бўлса эса никотин, кофеин ва шакардан воз кечиш талаб этилади. Ҳайвон оқсиллари (гўшт маҳсулотлари) камайтириб, қуш (уйда боқилган товуқ, курка, ўрдак) гўшти истеъмолига кўпроқ эътибор беринг. Иложи борича кун давомида 1-2 марта очиқ ҳавода сайр қилинг. Уйқу сифатини яхшиланг. Ортопедик матрасли қулай ётоқ, бўйинни букмай турадиган валиксимон ёстиқ қон ва нафас оқимини яхшилаб, тунги тортишишларни камайтиради.

Ҳомиладорларда оёқ тортишишларига нималар сабаб бўлади?

Ҳомиладор аёлларда бу ҳолат кўп кузатилади. Айниқса ҳомила катта муддатда бўлганда томир тортишиши кўп учрайди. Бунинг сабаби В гуруҳ витаминлари, магний, калий, калций етишмовчилиги; гемоглобин камайиши; қонда қанд миқдори камайиши; оёқларда вена қони оқиб кетиши бузилиши; ортиқча кофеин; томир касалликлари, оёқ веналари варикоз кенгайишлари; кам ҳаракатлик.

Агар тортишишлар тез ўтиб кетмаса даволовчи шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ўз вақтида олиб борилган даво сиз учун албатта самара беради.

Мушак тортишишганда уй шароитида нима қилиш мумкин?

Бунда тортишган мушакни интенсив уқалаш, уни чўзишга ҳаракат қилиш керак. Болдир мушаклари тортишса болдир суягини ушлаб, ўзингизга тортинг. Бу машқни ўтирган ҳолатда бажаринг.

Агар болдирнинг олд юзасида тортишиш бўлса – тик туринг, тортишган оёқни тиззада букинг, товонни ушлаб, оёқ кафти устига ўтиришга ҳаракат қилинг.

Сон мушаклари тортишса – тик туриб тортишган оёқнинг товонида туринг, тортишмаган оёқни тиззадан букинг, секин аста тортишган оёқни чўзинг.

Оёқ тортишганда совуқ компресс ҳам ёрдам бериши мумкин.

Қон оёқларга яхши етиб борса оғриқ пасаяди ва ўтиб кетгач, мушакларга қон яхши бориши учун оёқларни бироз кўтариб ётинг.

Шаҳризода Атабаева тайёрлади