Аъзо кўчиришда донор бўлувчилар рўйхати кенгайтирилади

Сўнгги йилларда беморларни соғлом ҳаётга қайтаришда янги самарали усуллардан фойдаланиш оммалашмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра 2019 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд жарроҳлик операциялари ўтказилган. Шундан 1100 дан ортиғи юқори технология воситасидаги мураккаб амалиётлардир.

Шулар қатори юртимизда аъзони кўчириб ўтқазиш – трансплантация соҳаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Сўнгги икки йил давомида Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий амалий тиббиёт марказида 230 дан ортиқ буйрак, 5 та жигар, Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказида эса 68 та буйрак трансплантацияси операциялари ўтказилди. Умумий ҳисобда жами 300 нафардан зиёд фуқароларнинг мураккаб операция учун хорижга бориб келиши билан боғлиқ сарф-харажат ва оворагарчиликка чек қўйилди.

Шунингдек, ҳозирда Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг энг илғор йўналиши — илик ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, муваффақият билан амалиётда қўлашмоқда. Табиийки, бу фуқароларнинг қулай тиббий ёрдам хизматидан баҳрамандлик даражаси ошишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Шу билан бирга таъкидлаш керакки, юртдошларимиз орасида трансплантация ёрдамига муҳтож беморлар рўйхати ҳам кенгайиб бормоқда. Шу муносабат билан сўнгги икки йил давомидаги кузатувлар шуни кўрсатдики, фақат яқин қариндошларни донор сифатида белгилаш беморларни даволашда имконият доирасини чекламоқда.Бу эса амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қилмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида Вақтинчалик низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, трансплантацияни амалга оширишга рухсат берилган давлат тиббиёт муассасалари сонини ошириш, шу жумладан, ҳудудларда ҳам бу амалиётни йўлга қўйиш ҳамда аъзо кўчириб ўтқазишда донор бўлувчи шахслар рўйхатини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Яъни бу тартиб жорий қилинса 2020 йилдан беморнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи даражали қариндошлари ҳам унга донор бўлиши мумкин.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: