Хитойда коронавирус қурбонлари сони 41 нафарга етди. Шифокор ҳам вафот этди

Хитойнинг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 25 январга ўтар кечаси ҳолатига Хитойнинг 29 та провинциясида янги коронавирусдан 1287 та касалланиш ҳолати қайд этилган, 237 киши оғир аҳволда. 

Хитойнинг Хубэй вилоятида янги коронавирусдан вафот этганлар сони 24 нафардан 39 нафаргача, Хитой бўйлаб эса 41 нафаргача ошди. Бу ҳақда Global Times нашрига таяниб  ria.ru хабар берди.

Айни вақтда касалланганлар билан яқин алоқада бўлган 13 967 киши тиббий назорат остига олинган. Шу билан бирга янги коронавирусга чалинган 38 киши соғайиб кетгани маълум қилинган.

Хитойдан ташқарида, вирусдан Хитой маъмурий ҳудудлари ҳисобланган Ҳонгконгда 5 та, Макаода 2 та, Тайванда 3 та; Таиландда 4 та, Япония, Жанубий Корея, АҚШда 2 тадан, Сингапур, Франция, Вьетнамда 3 тадан, Непал ва Австралияда биттадан касалланиш ҳолати қайд қилинган.

Шунингдек, Ухандаги  “Синьхуа” шифохонасининг отоларингология бўлимида ишлаган 62 ёшли шифокор Лян Удун вирусдан вафот этди. 16 январда унда касаллик аломатлари пайдо бўлган, 18 январда у “Цзиньиньтан” шифохонасига жойлаштирилган, бироқ ҳамкасбларининг барча уринишларига қарамай 25 январда вафот этган.

South China Morning Post нашрининг вазиятдан хабардор аноним манбаларга таяниб хабар беришича, тиббий ходимлар орасида касалланганлар сони расмий рақамлардан анча кўпроқ. Манбалардан бирининг хабар беришича, “Ухандаги деярли ҳар бир йирик шифохонада вирусдан касалланган 15 дан кўпроқ тиббий ходим топиш мумкин”. Шифокорлардан бирининг таъкидлашича, бундай бўлишининг сабабларидан бири янги коронавирусдан касалланганлар дарҳол бошқа беморлардан изоляция қилинмагани ҳисобланади.

Шунингдек, Уханга эпидемия билан курашишга 450 ҳарбий шифокор жўнатилган. Шифокорлар шаҳарга 24 январь кечки пайт етиб келишган. Улар орасида баъзилари атипик зотилжам (SARS) ҳамда Эбола безгаги билан курашиш тажрибасига эга.