Хитой карантин якунланмагунча ўзбекистонлик талабаларни олиб чиқиб кетмасликни сўради

Вазирликнинг хабар беришича, 29 январь, чоршанба куни Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Саидов Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Европа ва Марказий Осиё департаменти директори Сунь Линьцзян билан учрашган.

Учрашувда чет эл фуқароларини Ухань шаҳридан эвакуация қилиш масалалари муҳокама қилинган. Хитойлик дипломат мамлакатдаги коронавирус инфекцияси профилактикаси ва даволаш бўйича чоралари тўғрисида маълумот берган.

Вазирлик вакили Хитой томони ҳозирда чет эл фуқароларини эвакуация қилиш масаласини кўриб чиқмаётганини яна бир бор тасдиқлади ва карантин режими якунланмагунча Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиб кетмасликни сўради.

Таъкидланишича, ҳозирда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус бошчилигидаги Ишчи гуруҳ Хитойда бўлиб турибди. ЖССТ бош директори ҳам чет эл фуқароларини эвакуация қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги позициясини маълум қилди.

ТИВ январь ойида Ухань шаҳридан Ўзбекистонга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалардан зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишни сўради.

Вазирликнинг маълум қилишича, Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда мамлакатнинг Пекин шаҳридаги элчихонасига +86 135 1102-4242 (Бобур Яҳёев), +86 139 1175-4476 (Шуҳрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига +86 131 2255-5772 (Азиз Улуғбеков) мурожаат қилиши мумкин.

Маълумот учун: Хитойнинг мураккаб эпидемик вазият қайд этилган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба қолган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан чекланишни тавсия қилган.

Шу кунга қадар АҚШ ва Япония Ухандаги фуқароларини эвакуация қилди. Япония эвакуацияни давом эттириш мақсадида Уханга яна икки самолёт жўнатишни режалаштирмоқда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: