Дунё мамлакатлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жамоат жойларида аҳолининг ўзаро яқин масофада бўлишларининг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Бу чора «ижтимоий масофаланиш» деб номланган. Бу ҳақда The New York Times га таяниб «Газета.uz» маълум қилди.

Ижтимоий масофаланиш нима?

Оддий қилиб айтганда, бу одамлар орасидаги тактиль алоқаларни чеклаш, улар ўртасидаги масофани 2 метр атрофида сақлашдир. Бундан ташқари, жамоат транспортларидан фойдаланмаслик, уйдан туриб ишлаш, оммавий тадбирлар ва одамлар кўп йиғиладиган жойларга бормаслик — буларнинг барчаси ижтимоий масофаланишга киради.

«Қариндошлар, дўстлар, ҳамкасблар ва бошқалар билан алоқаларни чеклаш вируснинг аҳоли ўртасида тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади», — дейди Жоржия штати университетининг аҳоли саломатлиги кафедраси мудири, профессор Жерардо Чоуэлл.

Ёш бўлса, бошқалар билан алоқада бўлишда давом эттириши мумкинми?

Иложи борича, ёшлар ҳам ижтимоий масофаланишга риоя қилишлари керак. Ушбу вирус асосан ёши катталарга хавфли бўлиши мумкин, лекин ёшлар тўлақонли бундан ҳоли дегани эмас. Вируснинг кам аломатларини кўрсатаётган кишилар ҳам уни бошқаларга юқтириши мумкин. Ҳаттоки инфекциянинг бошланиш даврида, яъни киши ўзининг касаллангпнини англашидан ҳам олдин бошқаларни зарарлантириши мумкин. Шунинг учун инфекция тарқалишининг давом этишига сабабчи бўлишнинг олдини олиш, ўзининг катта ёшдаги ёки инфекцияни юқтириш хатари катта бўлган қариндошларини асраш мақсадида ижтимоий масофаланиш муҳим. Бундан ташқари, инфекция билан зарарланган одамлар сонининг кўпайиши пандемия тарқалишини оширади. Оқибатда соғлиқни сақлаш тизимига бўлган босим янада кучаяди.

Мутахассислар айниқса ёшларнинг ижтимоий масофаланишга риоя қилишлари қийинлигини тушунишади, лекин учрашувлар ва гуруҳдаги одамлар сонини камайтириш ҳам вазиятнинг яхшиланишига ёрдам бериши мумкин.

Уйни тарк этишим мумкинми?

Албатта. Мутахассислар бу борасида якдил. Тоза ҳавога чиқиб жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш мумкин — велосипед ҳайдаш, сайр қилиш ва бошқалар. Асосий мақсад уйда ўтириш эмас, балки бошқалар билан яқин алоқани чеклаш.

Зарур нарсаларни харид қилиш ёки дорихонага бориш учун уйдан чиқиш керак бўлиши мумкин. Бунда оддий қоидалага риоя қилиб, ўзингиз ва бошқаларни вирусдан асрашингиз мумкин.

Уйни тарк этганингизда, тегишингиз мумкин бўлган юзаларни артинг, қўлларингизни алкоголли санитайзер билан тозаланг ва юзингизга қўлингизни теккизманг. Энг асосийси, қўлингизни тез-тез совунлаб ювиб туринг, айниқса кўчадан қайтганингизда, овқатланишдан олдин ёки ёши катталар ва кичиклар билан мулоқот қилишдан олдин.

Супермаркетга борсам бўладими?

Ҳа. Лекин қатновни камайтириш учун бир вақтнинг ўзида иложи борича кўпроқ маҳсулот харид қилишга ҳаракат қилинг ва камроқ одамлар бўладиган вақтда супермаркетга боринг.

Ҳар қандай жиҳознинг юзасида вирус бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Саватчаларнинг дастасини ушлашдан олдин уларни дезинфекция қиладиган салфеткалар билан артинг.

Мутахассислар қўлқоп киймасликни маслаҳат беришган, лекин уларни кийганда ҳам юзингизга қўлингизни теккизманг.

Жон Хопкинс университети эпидемиологи, профессор Кейтлин Риверс (Caitlin Rivers) харид вақтида телефонингизга тегинмасликни маслаҳат беради.

Ресторанга борсам бўладими?

Баъзи ресторан ва барлар бир неча ҳафтага ёпилган. Алабама университетининг юқумли касалликлар бўлими директори профессор Жинн Марраццо (Jeanne Marrazzo) фақат ўзингиз ишонадиган ресторанига боришни тавсия қилган.

Ресторанга боришдан кўра овқат етказиб бериш хизматларидан фойдаланиш маъқул. Агар сиз рестораннинг молиявий аҳволи ҳақида қайғураётган бўлсангиз, уларнинг баъзилари кейинроқ фойдаланиш мумкин бўлган совға сертификатларини таклиф этишмоқда.

Қариндошлар ва оила аъзолари кўргани келиши мумкинми?

Бу оила аъзолари орасидагиларнинг ёши ва саломатлигига боғлиқ. Агар улар орасида саломатлиги заифлар бўлса, унда мулоқотни чеклаш керак. Лекин оила аъзолари ёш ва соғлом бўлса, кичик гуруҳларда учрашиш мумкин. Ушбу вақтда оила аъзоларингизни қўллаб-қувватлаш ва уларга бўлган эътиборни ҳис қилишлари учун телефон қилиб ёки видеомулоқот орқали аҳволларидан хабар олинг.

Фарзандларимни болалар майдончаларига олиб чиқишим мумкинми?

Агар фарзандингизнинг коронавирусга тааллуқли бўлмаган касаллиги бўлса ҳам, уларнинг уйда бўлгани маъқул. Агар улар соғлом бўлса, даладаги машғулотлар, масалан велосипед ҳайдаш билан шуғулланишлари мумкин.

Болаларнинг оғизлари, бурунлари ва юзларига кўп тегинишларини ҳисобга олиб, улар болалар майдончаларига ўйнагани чиқишса, ўйин давомида тегиши мумкин бўлган ҳар қандай юзаларни аввал дезинфекция қилинг.

Болаларда коронавируснинг оғир кечиши кузатилган йўқ, лекин улар уйга қайтиб ўзларининг катта ёшдаги қариндошларига вирус юқтиришлари мумкин.

Болалар қўлларини тез-тез совунлаб ювиб туришлари шарт.

Ўзингизни ёлғиз ҳис қилмаслик учун нима қилиш керак?

Оила аъзолари ва яқинлар билан алоқада бўлиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим бўлиши мумкин. Вашингтон университининг Ижтимоий фанлар маркази директори профессор Жонатан Кэнтернинг (Jonathan Kanter) айтишича, одамлар стресс ҳолатида бир-бирларини қидиришади. Унинг фикрича, узоқ муддат яқинлар билан кўришмаслик кишининг руҳий аҳволига ёмон таъсир ўтказиши мумкин.

«Ижтимоий масофаланиш ижтимоий изоляция дегани эмас», — дейди профессор. Технологиялар сабабли одамлар ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва видео орқали алоқада бўлишлари мумкин.

Жонатан Кэнтер яқинларингиз билан ижтимоий тармоқлар орқали мулоқотда бўлиб туришни тавсия қилган: ўртоқларингиз билан видео-қўнғироқ орқали тушлик қилинг, телевизион дастурларни бир вақтда кўришни режалаштиринг, масофавий дарсларни бирга ўтинг.

Саломатлиги яхши бўлмаган ва катта хавф сабабли изоляция қилинган кишиларнинг аҳволидан хабар олишни унутманг.