Хитойликка турмушга чиққан қиз Ўзбекистонга мурувват ёрдами юборди

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ҳамда Шанхайдаги Бош консуллиги шакллантирган беғараз инсонпарварлик ёрдами жўнатмаси таркибида миллий футбол терма жамоамиз сардори Одил Aҳмедов ва тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаева томонидан тиббий буюмлар кўринишида қилинган хайрия юклари ҳам мамлакатимизга олиб келинган эди.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ахборот хизмати Гулбаҳор Тожимирзаева билан карантин даврининг инсонлар ҳаётига таъсири, аёл кишининг оила ва жамиятда ўз ўрнини топишига сабабчи бўлувчи омиллар ҳақида суҳбат тайёрлади.

Гулбаҳор Тожимирзаева Хитойдаги ““Shengli Trade” LTD асосчиси, 12 йилдан буён Хитойда яшаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. У Хитойнинг ўзбек келини.

Маълумот учун:

Гулбаҳор Тожимирзаева — 1991–йил 25-июлда Наманган вилоятида таваллуд топган. 2014-йил Хитой Халқ Республикаси Жанубий Хитой аграр университети Халқаро иқтисод ва савдо мутахассислиги бўйича бакалавр босқичини муваффақиятли тамомлаган. Хитой бозорида маҳсулот ва технологияларни импорт ва экспорт қилиш бўйича 8 йиллик иш тажрибасига эга. 4 тилда эркин сўзлаша олади (рус, инглиз, хитой, корейс). NSK 6 даражасидаги хитой тили сертификатига эга. Хорижликлар ўртасида ўтказиладиган хитой тили мусобақасининг икки карра ғолиби. Шотокан карате бўйича 1 ДAН қора белбоғ соҳибаси ва ушбу спорт тури бўйича 2006 –йил Ҳиндистонда ўтган халқаро турнир чемпиони. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги бир қанча корхоналарнинг инвестори ҳамда маҳаллий маслаҳатчисидир.

Тилни билиш муваффақият калити

Бундан 15 йил илгари отам телевизор орқали Россия Президенти Владимир Путиннинг интервюсини кўриб қоладилар. Шунда у қизларининг таълими ҳақида берилган саволга уларни Хитой тилини ўрганишаётганини айтади. Президентнинг жавоби отамнинг эътиборини тортади ва шундан сўнг хитой тили ўқитувчисини қидириб, мени 5 ёшимдан тил ўрганишга ундадилар. Бора-бора менда ушбу тилни ўрганишга қизиқиш ортиб борди. Оилада беш нафар қизмиз. Отам ҳар биримизнинг ўқишимиз учун қўлдан келган имкониятни яратиб бердилар. Ҳар биримиз хитой тилида эркин сўзлаша оламиз.

Мактабни битиргач Хитойнинг Харбин шаҳридаги тил курсида ўқишга келдим. Тил курсига келганимда икки ой орқада эдим. Уларга етиб олиш учун таътил вақтида ҳам ўз устимда ишлаганман. Тил курсини ўқиб, хитой тилдан НСC6 имтиҳонини топширдим ва Жанубий Хитой аграр университети Халқаро иқтисод ва савдо йўналишига ўқишга кирдим. Ўқиш даврида жуда кўп кўргазмаларда иштирок этдим, волонтёр сифатида ишладим ва жуда кўп тадбиркорлар билан танишдим. Улар кейинчалик янги корхонага асос солишимда сабабчи бўлишди.

Aёл киши оилада ҳам тадбиркор бўлиши керак

Aёл киши ўзи нафақат жамиятда олди-сотди жараёнида балки, оилада ҳам тадбиркор бўлиши керак. Сабаби уй-рўзғор юритишда ҳам кўринади. Эркак киши бозордан харид қилиб келган бозорликни тежаб ишлатишда, рўзғордаги иқтисодий вазиятларга аёл кишини тадбиркорлиги муҳим рол ўйнайди. Aёл киши яхши тадбиркор бўлса, оила ривожланишида ўзини муносиб ҳиссасини қўшади.

Оилада ота-она молиявий жиҳатдан мустақил бўлишимизни хоҳлашган ва бунга имконият яратиб берилган. Оилада эр-хотин биргаликда ҳаракат қиламиз. Турмуш ўртоғим Хитой Халқ Республикаси фуқароси, миллати хан. 2017-йил турмуш ўртоғимни учратдим. Тўйимиз 2017-йилнинг октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтди. Тўйимизга қарийб 70 га яқин хитойликлар ташриф буюрди. Ўзбек –Хитой халқаро тўйи бўлди десам тўғри бўлади. Ҳозирда бир нафар қиз фарзандимиз бор. Оилада биз хитой тилида сўзлашамиз. Боиси улар ўзбек тилида мукаммал сўзлаша олмайдилар. Лекин биз ҳар куни биргаликда дарс қиламиз ва мен уларга ўзбек тили китоби орқали ўзбек тилини ўрганишда кўмаклашаман.

10 га яқин ўзбек-хитой қўшма корхоналарига асос солинди

Ўқишни тамомлаб, 2014- йилда Гуангзҳоу шаҳрида импорт ва экспорт бўйича халқаро савдо билан шуғулланувчи корхонага асос солдим. Ушбу корхона Хитойдаги оғир ва енгил саноатда ишлатиладиган ускуналар, ускунада қўлланадиган эҳтиёт қисмларининг экспорти, ҳамда Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулотларни Хитой халқига импорт қилиш билан шуғулланади. Корхонамиз 10 дан зиёд хитойлик ёш кадрлардан иборат. Корхонамизда маҳсулотларни сотувидан ташқари уларни етказиб бериш хизмати ҳам мавжуд. Чунки, ҳар бир истеъмолчи сотиб олган маҳсулотини тез ва хавфсиз йўллар билан йетказиб беришни хоҳлайди. Шу боис биз шу фаолият турини ҳам йўлга қўйганмиз. Aсосан темир йўл транспортидан фойдаланамиз. Шунингдек, корхонамиз мижозларни музокаралар олиб бориш учун таржимонлар билан ҳам таъминлаб беради. Корхонамизнинг 3 ходими доимий равишда хитойлик тадбиркорларга Ўзбекистонда инвесторларга яратиб берган қулай шарт-шароитларини тарғибот қилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистонга киритган биринчи инвестицион лойиҳамиз, “WangDa Metel” ўзбек-хитой қўшма корхонаси бўлиб, Сирдарё вилоятида асос солинган. Ҳозирга келиб 10 га яқин ўзбек-хитой қўшма корхоналарига асос солдик. “XingDa Group” таркибида бир нечта ўзбек-хитой корхоналари ўз фаолиятини олиб бормоқда. “XingDa Group” корхонаси Ўзбекистонга 100 млн AҚШ доллари миқдорида инвестиция қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган.

2019 йил декабрда, Наманган вилоят ҳокимлиги ва “XingDa Group”қўшма корхонаси ўртасида йирик семент ишлаб чиқарувчи корхона барпо этиш бўйича меморандум имзоланди. Ушбу корхона М600 маркагача бўлган семент клинкер маҳсулотини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ўзбекистон ички бозорида ушбу даражадаги юқори маркали семент маҳсулоти асосан импорт бўлиб кириб келади, бу билан биз импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарибгина қолмай юртимиздан валютани четга чиқиб кетишини олдини олган бўламиз.

Карантиннинг ҳаётга ижобий таъсири

Карантин эълон қилинди ва у қарийб бир ярим ой давом етди. Уйдан чиқиш ва жамоат жойларида бориш ман этилди. Карантин вақтида ўзим сингари ҳамда ватандошлардан қанийди ҳозир ватанимга қайтиб кетсам, уйдаги қадрдонларим билан бирга бўлсам деган ўй ўтди. Карантин даврида эртадан кечгача иш ташвишлари билан шошиб юришдан тўхтадик ва босиб ўтган ҳаёт йўлимиз ҳақида ўйлашга вақт топилди. Мен ҳам бу даврда ортга назар ташладим. Ўзи аслида киммиз, нима учун дунёга келдик, бизни яшашимиздан асосий мазмун нимада деган ўйлар ўтди. Шунга амин бўлдимки, инсон учун соғлик-саломатлик, оила ва ватанга бўлган меҳр-оқибат туйғулар биринчи ўринда туради. Шу туйғулар ҳаётимизни янада мазмунли қилади. Шу туйғулар борки, инсон шу ҳаётда яшашдан мазмун олади. Инсон қийинчиликка ва шу каби ҳолатларга тушган вақтидагина бу туйғуларни қадрига кўпроқ етаркан. Карантин даври ҳаёт ҳақида мушоҳада қилиб кўришга ундагани билан менга ижобий таъсир кўрсата олди ва ҳаётда муҳим саналган туйғулар ҳақида кўпроқ қайғуришга туртки бўлди.

Ҳар бир тадбиркор онлайн савдони йўлга қўйиши керак

Aввало ушбу даврда тадбиркорларга айтадиган маслаҳатим тушкунликка тушмаслик, қандай иқтисодий ҳолатга тушишидан қатъий назар ишонч ва ўзининг орзу-истакларини эсдан чиқармаслик ва ўзини тушкун вазиятдан олиб чиқиб кетишини олдиларига мақсад қилиб қўйиш кераклигини айтган бўлардим.

Ҳозирда онлайн савдо-сотиқ ривожланиб бормоқда. Уларга савдо-сотиқни онлайн тарзда ташкил этишни тавсия қиламан. Ҳар бир корхонанинг ўз веб-сайти бўлиши ҳамда мижозлари билан онлайн тарзда мулоқот қилиши учун майдон бўлиши керак. Онлайн савдо бутун дунёда амалга оширилмоқда. Келажакда бу фаолият янада ривожланади. Шунинг учун, ҳар бир корхона интернетда ўз каналини очиши ва онлайн тарзда савдо сотиқни амалга оширишни йўлга қўйиши зарур.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: