АҚШда ҳам иккита дамба бузилиб, катта тошқин юз берди (фото, видео)

19 май оқшомида, бир неча кунлик кучли ёғингарчиликдан сўнг АҚШнинг Мичиган штатидаги иккита дамба бузилиши оқибатида тошқин рўй бериб, 10 минг нафардан зиёд аҳоли эвакуация қилинди.

Бу ҳақда интернет манбалар асосида Кун.уз маълум қилди.

Сенфорд дамбаси / Фото: TC VORTEX via REUTERS

Тошқин кузатилаётган Мидленд округида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

CNN телеканали хабарига кўра, 10 мингдан ортиқ киши шошилинч эвакуация қилинган, 3500дан ортиқ хонадон сув остида қолган.

Расмийлар жароҳат олганлар ёки қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот келиб тушмаганини айтмоқда.

Эденвилл дамбаси
Фото: Ryan Kaleto via REUTERS

Мичиган штати губернатори Гретхен Уитмернинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда ҳудудда кузатилаётган кучли ёмғир оқибатида Титтабавасси дарёси ҳавзасидаги Эденвилл ва Сенфорд дамбалари дош бера олмаган.

«Келгуси 12-15 соат ичида Мидленд округининг қуйи ҳудудларини тахминан 9 фут (2,7 метр – таҳр.) баландликда сув босиши мумкин. Биз штат учун тарихий кўламдаги йирик тошқин рўй беришини тахмин қиляпмиз», – деган губернатор офатдан сўнг бир неча соат ичида ташкил этилган матбуот анжуманида.

Фото: Kaytie Boomer / AP

Штат раҳбари Титтабавасси дарёсининг ҳам шарқий, ҳам ғарбий қисмларида яшовчи аҳолини иложи борича юқорироқ ҳудудларга кўчиб ўтишга ундаган.

«Илтимос, иккиланиб ўтирманг. Штатнинг бошқа ҳудудида яшайдиган қариндошингиз ёки бошқа яқинларингиз бўлса, ҳозироқ ўша ерга йўл олинг. Агар бундай яқинларингиз бўлмаса, округ бўйлаб ташкил этилаётган бошпана манзилгоҳларига кўчиб ўтинг», – деган Гретхен Уитмер.

Эвакуация ишларига Миллий гвардия хизматчилари жалб этилган. Вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилганлардан тиббий ниқобни ечмаслик сўралмоқда.

Reuters агентлигининг хабар беришича, сўнгги кунлардаги кучли ёғингарчилик сабабли Мичиган штатидаги Титтабавасси ва Райфл дарёлари АҚШ Миллий об-ҳаво хизмати томонидан «тошқин хавфи юқори» дея тоифаланган бўлган.

USA Today нашри маълумотига кўра, сешанба куни аввалига Эденвилл, сўнгра Сенфорд дамбаларида рўй берган авариялардан олдин Титтабавасси дарёсининг юқори оқимларидаги бошқа бир нечта дамбалар ҳам маълум даражада бузилган ёки зарар етмаган бўлса-да, назорат қилиб бўлмас сув тошиб чиқиши кузатилган.

Фото: Kaytie Boomer / AP

Маълумот учун, Мичиган – АҚШнинг Канада билан чегарасидаги Буюк кўллар ёқасида жойлашган. Штатнинг маъмурий маркази – Мидленд округи. Округ аҳолиси 80 мингга яқин, шунинг ярми Мидленд шаҳрида яшайди.

Айни пайтда Мичиган АҚШда коронавирус қурбонлари сони юқорилиги бўйича тўртинчи штат бўлиб турибди: бу ерда Covid-19`га чалинган 5 мингдан ортиқ киши вафот этган. Жами кейслар сони 50 мингдан зиёд, ҳозирда даволанаётганлар 19 минг нафарни ташкил этади.

Фото: Kaytie Boomer / AP
Фото: Kaytie Boomer / AP
Фото: Kaytie Boomer / AP
Фото: Kaytie Boomer / AP
Фото: Kaytie Boomer / AP
Чикаго дарёси ҳам ўзанидан чиққан.
Ashlee Rezin Garcia/Chicago Sun-Times via AP
Фото: Ashlee Rezin Garcia / Chicago Sun-Times via AP
Фото: Kaytie Boomer / AP

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: