Қурилиш соҳасида янги техник меъёрлар жорий этилади

2020 йилда жами 60 та янги нормаларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги ишларни 2025 йилга қадар давом эттириш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунида ҳамкорликда бевосита мулоқот ташкил этилди. Унда журналист ва блогерлар, вазирлик масъуллари иштирок этди. Қурилиш вазирлиги мутахассислари соҳада бугун диққат марказида бўлиб турган долзарб мавзулар доирасида тақдимот қилишди.

Тадбир «Tоshkent City» массивидаги «Hilton» меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Аввало Қурилиш вазирлигининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов журналист ва блогерларни байрам билан қутлади. Шу пайтгача соҳадаги муаммоларни биргаликда бартараф қилишга ҳисса қўшаётган ОАВ вакилларига миннатдорлик билдириб, келгусида ҳам якдилликда фаолият олиб боришга чақирди.

Вазирлик мутахассислари Алижон Алимуҳаммедов, Артём Крескаслар қурилишдаги тендер ва пудрат рейтинги тартиблари, вазирлик қошидаги ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази раҳбари Санжар Абдуғаниев қурилишда шаффофлик мавзуларида тақдимот ўтказди.

Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш маркази раҳбари Рустам Қўчқоров меъёр ва стандартлар борасидаги янгиликлар ҳақида гапирди.

“O‘zGAShKLITI” давлат унитер корхонаси бўлим бошлиғи Азимжон Примов эса ишга туширилаётган “Геопортал” ҳақида тушунча бериб ўтди. Тақдимотчилар йиғилганларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Матбуот анжуманида Ўзбекистонда қурилиш соҳасига оид долзарб мақолаларни ёритган журналистлар байрам муносабати билан тақдирланди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатда қурилиш соҳасида тендерларга риоя қилинмаётгани ва охирги 2 йил ичида давлат дастурлари доирасида бор йўғи 182 та тендер ўтказилгани айтилиб, ўринли танқид қилинган эди. Президент тавсияларидан келиб чиқиб, айни пайтда соҳада сезиларли ўзгаришлар, сифат ва самарани оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлик масъулларининг қайд қилишича, илғор давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда муҳим норма ва стандартлар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек чет эллик мутахассислар кўмагида қурилиш тендерлари бўйича ягона мукаммал портал яратиляпти. Бу портал ишга тушса, давлат дастурлари ягона тизим орқали рақамли шаклда тақдим этилади ва бу қурилиш жараёнидаги шаффофликни таъминлайди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда соҳада хали хануз эски меъёрлар ва нормалар мавжуд. Улар ҳозирги вақт талабларига жавоб бермаяпти. Шу сабабдан жорий 2020 йилда жами 60 та янги нормаларни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги ишлар 2025 йилга қадар давом этиши назарда тутилган.

Булардан мақсад шуки, ҳозирда юртимизда мураккаб лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларга шароит яратиб берилмоқда. Уларга замонавий мураккаб объектларни қуришда ҳеч қандай муаммо юзага келмаслиги керак. Шаҳарларимиз кўриниши тубдан ўзгариши, юртимизда ҳам илғор давлатлардаги каби кўркам бинолар барпо этилиши, улар халқимизга хизмат қилиши лозим, – деди Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.

Қурилиш соҳасида рақамлаштиришни тўлиқ жорий этишда Геоахборот тизими ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.  Бу тизимга Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик генпланлари жойлаштирилади. Жорий йилнинг 1 июнида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилган “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимига Геопортал ҳам интеграциялаштирилган. Эндиликда юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда қандай қурилиш ишларини олиб боришларини мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олишлари мумкин.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: