Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти тиббий ёрдам ололмай, уйида вафот этди (аудио)

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Азиз Абдуҳакимов «Ўзбекистон 24» телеканали орқали 26 июль куни эфирга узатилган интервьюсида Ипак йўли халқаро туризм университети магистранти вафот этганини маълум қилди.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда амал қилаётган карантин чекловларининг 15 августга қадар узайтирилиши сабабларини изоҳлар экан, ушбу қарор аҳолига қандайдир ноқулайликлар келтириш мақсадида эмас, балки ҳаётий зарурат бўлгани учун қабул қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Фақат карантингина касалланиш занжирини узишга имкон беради. Бусиз биз касаллик тарқалишининг олдини ололмаймиз. Ҳатто ёшлар ҳам касалликка чалинаётгани, охир-оқибат ушбу ҳолатлар фожиали якун топаётганига доир кўплаб мисолларни келтиришим мумкин.

Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти ҳам, афсуски, икки кун аввал ҳаётдан кўз юмди. Бунга шифокорлар ўз вақтида ёрдам кўрсата олмагани сабаб бўлди», — деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Марҳумнинг дўстига таяниб«Дарё» мухбири хабар беришича, 33 ёшли йигит, Ипак йўли туризм халқаро университети магистранти Ўткир Темиров 2020 йил 24 июль куни COVID-19’ вирусидан вафот этган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда самарқандлик 33 ёшли эркак вафот этгани, марҳум ўлимидан 10 кун олдин, 14 июль куни COVID-19’ вирусини юқтириб олгани, унда коронавируснинг барча белгилари бўлса-да, тест топшира олмагани, касалхонага ҳам ёта олмагани ҳақида хабарлар тарқалган, унинг 20 июль куни тез ёрдам хизмати билан телефон сўзлашуви аудиоси эълон қилинган эди. Аудио:

«Бизлар кеча тез ёрдам чақирган эдик. Келиб, ҳеч нарса қилмасдан худди жўрамдай суҳбат қилиб кетди. ‘Бизлар ҳеч қандай ёрдам беролмаймиз, поликлиникага мурожаат қилинглар, эртага тест олади’, деди. Тест аниқ борми десам, ‘ҳа, бор, улар келади’, деб айтди», — дейди суҳбат жараёнида марҳум Ўткир Темиров.

Марҳум Ўткир Темировнинг тез ёрдам навбатчиси билан бўлган мулоқотидан у поликлиникага телефон қилганини, аммо поликлиникада тест йўқлигини айтганини билиш мумкин. Бунга жавобан тез ёрдам навбатчиси эса беморлар вилоят Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази ёки яшаш манзилидаги поликлиникада тест олиши лозимлиги ҳақида кўрсатма беради.

«Биринчи бўлиб ўзингизнинг поликлиникангиздан тестдан ўтишингиз керак. Поликлиника бош врачига мурожаат этсангиз, балки ўзи ҳал қилиб берар. Бемор контакда бўлган бўлса, тўғридан-тўғри бизникилар (Тез ёрдам вакиллари назарда тутилмоқда. Таҳририят) боролмайди. Тест топширмоқчи бўлсангиз, вилоят Санитария ва эпидимиология осойишталик маркази ёки поликлиника орқали ҳал бўлади», — деган тез ёрдам вакили.

Саккиз кундан буён иситмада бўлган Ўткир Темиров тез ёрдам вакили билан суҳбатда «Мовий тоғлар ёки Тян-Шан» номли фильмни эсга олиб, уларга фильмдагидек беморларни сарсон қилишаётганини, тест топширишнинг иложи бўлмаётганлигини билдирган.

«Йўқ нарсани қаердан топширади? Осмондан тест тушадиган куни бўлса айтинг, қараб ўтирайлик осмонга. Тест деяпсизлар, касаллик аломатлари исботланган нарса. Нима керак майнабозчилик қилиб», — деган Ўткир Темиров.

Тез ёрдам навбатчиси эса беморга агар поликлиника ёрдам қилолмаётган бўлса, вилоят Санитария- эпидимиология осойишталик марказига чиқиши мумкинлигини айтган. Ва бошқа мутахассисга гўшакни берган. У ҳам бемордан нима безовта қилаётганини сўраган.

«Температура безовта қиляпти, йўтал безовта қиляпти. Ҳолсизлик безовта қиляпти. Тест топширмадик. Сўраб ўтирманг. У йўқ. Ҳозир исботлаб бўлинди. Аломатлар худди шу коронавируснинг аломатлари. Тест топшириш керакми?, — деган Ўткир Темиров. — Менга битта нарса керак. Мен уйда дадам билан касал бўлганман. Дадамга тўрт кун бўлди, менга саккиз кун. Врачларнинг тавсияси билан ҳамма муолажаларни олдим. Менга ‘фойдаси йўқ, ҳеч қаерга мурожаат қилиб ўтирма’, деб айтишди. ‘Мана шу муолажа билан даволанасан’ дейишди. Ҳозирги аҳволимга кўра, менга аҳволни кўриб, қай даражада, нима кераклиги ёки керак эмаслигини, олиб кетиш керак ёки керак эмаслигини айтиб берадиган томирида қони бор одам керак, тамом. Мен билан жўрачасига суҳбат қуриб кетадиган эмас».

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Ўткир Темировнинг дўсти унинг дафн маросимида қатнашганини, ўша куни марҳумнинг отасининг аҳволи яхши эканлигини, бироқ айни кундаги вазиятдан бехабарлигини маълум қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд шаҳрида қайд этилган, бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан тилга олинган ушбу ҳолат юзасидан ҳозирча ахборот бергани йўқ.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: