2021 йил 10 январга қадар 8 та мамлакатга ўзаро авиарейслар тўхтатилади

Республика махсус комиссиясининг қарори мувофиқ, жорий йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берди.

Шу билан бирга, Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.

Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: