Хоразмда 20 млрд.лик тендерни ҳоким ўринбосарининг укаси “ютди”

Сал аввал Жиззахдаги “икки томонлама фойдали” тендер танловлари ҳақида таҳлилий материал берган Davletov.uz вилоят раҳбарларининг “куракда турмайдиган ақлли” тендер танловлари борасидаги таҳилларини чоп этишда давом этмоқда. Бу сафар ажабтовур хоразмча тендер ҳақида гап кетади.

Хуллас, эндиги навбатда Хоразмда тайинланганига бир йил ҳам бўлмаган вилоят “зам ҳокими”нинг укасига тегишли компания 20 млрд сўмлик давлат буюртмаси бўйича танловни ютган. Афсуски, бу тендерда ҳам ҳоким ўринбосари тендер комиссияси раиси бўлган.

Маълум бўлишича, Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Қурбанов Баҳром Шарипович тайинланганига ҳали кўп бўлгани йўқ. У бу лавозимда 2020 йилнинг мартидан бери ишлаб келади. У вилоятда қурилиш комплексида пудрат, лойиҳа ишларига бўлган давлат буюртмасини тендер асосида жойлаштиришни, шунингдек унинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди.

Шу йилнинг 25 июнь куни Қурбанов Бахром Шарипович раислигида Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш бўйича тендер савдо комиссияси мажлиси бўлиб ўтади. Комиссия қиймати 20 млрд сўмдан ортиқ бўлган иншоотни қуриш учун “Bunyodkor” МЧЖни ғолиб сифатида танлаб олади. Мазкур корхона улушлари, юридик шахслар реестрига кўра, тўлиғича Қурбонов Улуғбек Шариповичга тааллуқли. Биздаги маълумотларга кўра, у вилоят ҳокими ўринбосари, тендер комиссияси раиси Бахром Қурбановнинг яқин қариндоши — укаси ҳисобланади.

Мазкур компания, шунингдек, Урганч шаҳар Ашхобод маҳалла фуқаролар йиғинидаги ичимлик сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тендерда ғам ғолиб бўлган. Тендер натижалари 2020 йил сентябрь ойида эълон қилинган. Қарийб 7 млрд сўмлик объект бўйича тендер комиссияси раиси Уй-жой ва коммунал хўжалик вазири бўлган, лекин у йиғилишда “узрли сабабларга кўра қатнаша олмаган”.

Бизнинг-ча, назорат органлари мазкур компаниянинг Баҳром Қурбоновнинг эски лавозимларда ишлаган пайтида олган буюртмаларини ҳам ўрганиб кўриши лозим.

P.S.: Давлат буюртмалари, таъбир жоиз бўлса, катта қозон. Ундан барча тадбиркорлар тенг ва тўсиқларсиз фойдалана олиши керак. Шундагина ривожланиш бўлади, шундагина рақобат муҳити қарор топади. Модомики давлат буюртмаларини мансабдор шахсларга тааллуқли компаниялар олар экан, бу компаниялар қанчалик зўр ва кучли бўлмасин, охир-оқибатда бошқа тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига, уларнинг кенгайшига тўсқинлик пайдо бўлади, бозорда бир тарафда маҳаллий бозорни монопол қилган, иккинчи тарафдан эса чала, ўғри, откат билан ишлайдиган, фақат сифатсиз қурилиш қиладиган компанияларнинг куни туғади.

Шунинг учун маданиятли жамиятларда бундай давлат буюртмаларида чиновникнинг корхонаси иштирок этмайди, ҳеч қачон амалдор укаси ёки акаси номидаги компания иштирок этаётган тендерда комиссия раиси бўлмайди. Бу абсурд. Бу жиноят. Бу коррупция. Юқоридаги ҳолатлар, манфаатлар тўқнашуви, қонун бузилиши жойларда чуқур илдиз отганини, муаммога тизимли ечимлар излаш кераклигини кўрсатмоқда”, деб масъулларни фаолликка чорламоқда блогер.

Ўйлаймизки, унинг хавотирларида жон бор. Мансабдор шахсларнинг бундай номақбул хатти-ҳаракатларига чек қўйиш вақти келди назаримизда.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: