Юз терисини торттиришда биргина хато фалажликка олиб келади

Иплар жойлаштирилаётганда қайсидир нерв толасига тегиб кетилса ҳам юз мимикаси йўқолади

CCВ Матбуот хизматининг пластик жарроҳлик ҳақидаги саволларига Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Бобур Тоиров жавоб берди.

— Бурун шаклини ўзгартириш операциялари хавфли эмасми?

— Бурун шаклини ўзгартириш, туғма нуқсонларни бартараф этиш ва нафас йўллари билан боғлиқ ўзгаришларни олдини олиш ринопластика усулида бажарилади. Шунингдек, бурун дўнглиги, шакли қийшайиши, бурун ўлчамининг катта ё кичиклигини коррекция қилиш ҳам мазкур амалиёт сирасидандир.

Муолажа 1,5-2 соат давомида маҳаллий анастезия ёки вена орқали анастезия ёрдамида амалга оширилади. Операциядан сўнг бир ҳафта давомида гипс боғлами тақилади. Натижа 1-1,5 ойда сезила бошлайди.

Ринопластика амалиёти заргарлик ишига тенглаштирилади. Сабаби бурун шакли ўзгартирилгач, юз тузилишига қанчалик мос келиш-келмаслигини олдиндан айтиш қийин. Шифокорлар фақат тахмин қилишади, холос.

Аммо натижа гипс боғлами олиниб, шишлар тарқалгачгина маълум бўлади. Ринопластика нотўғри бажарилганида эса бурунни қайта коррекциялашга тўғри келиши ҳам мумкин. Аммо кўп марталик қайта ўтказилган амалиётлар бурун кемирчагининг бузилишига олиб келади.

— Юз терисини таранглаштириш операциялари кутилганидек чиқмаслиги ҳам мумкинми?

— Тўғри, лифтинг муолажасининг бир тури бўлган мезоиплар ёрдамида терини таранглаштириш, афсуски, доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Масалан, бундай муолажадан сўнг гематомалар, терининг кўкариб қолиши, иплар нотўғри жойлашганида тери юзаси текислигининг йўқолиши, ҳатто мезоиплар ўрни йиринглаб кетиши ҳам мумкин.

Баъзан шишлар таъсирида юз мимикаси ҳаракатига жавобгар нерв толалари сиқилиб қолади. Оқибатда юзнинг маълум қисми ишламай қолиши мумкин. Ёки иплар жойлаштирилаётганида қайсидир нерв толасига тегиб кетилса ҳам юз мимикаси йўқолади.

Мезоиплар ҳаддан ташқари тортилган бўлса, юзнинг табиий кўриниши йўқолади. Бунда қошлар юқорига кўтарилиб қолиши, ёноқлар яққол ажралиб туриши сезилади ва баъзан тери юзасида тўлқинсимон бурмалар юзага келади.

Амалиёт гигиена қоидаларига риоя этилмаган ҳолда бажарилса ёки мутахассис керакли малакага эга бўлмаса, терига инфекция тушиши эҳтимоли ортади. Бу эса ўтказилган муолажадан сўнг ортга қайтариб бўлмас асоратлар ва хунук чандиқларни пайдо бўлишига олиб келади.

Иплар тузилишига кўра фарқланади. Агар у жуда ингичка бўлса, маълум вақтдан сўнг йиғилиб қолиши ва тери юзасида сезилиши мумкин.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: