Ҳайвонларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиз

Ҳайвонлар-бизнинг дўстимиз, уларни асраб-авайлаш, жониворларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлишга йўл қўймаслик ғоялари миллий қадриятларимиздан бири бўлиб келган. 

Зеро, бугун экологик муаммолар исканжасида қолаётган инсоният олдида ягона йўл бор, у ҳам бўлса, табиат билан уйғунлигини ҳис қилиш, уни асрашдир, қаровсиз қолган ҳайвонларни уларга шафқатсиз муомала қилаётганлардан асраш, уларнинг азоб тортиши ва нобуд бўлишининг олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда вояга етмаган болалар томонидан ҳайвонларга нисбатан ғайриинсоний муносабатлар акс эттирилган лавҳалар тез тез учрамоқда. Мана шундай муносабатлар, яъни ит ва мушукларни жиғига тегиш, эҳтиётсизлик билан қилинадиган ҳаракатлар натижасида аҳоли ўртасида ҳайвонлар тишлаши ҳолатлари кузатилмоқда. Ушбу тишланишлар оқибатида ўта хавфли касалликлардан бири қутуриш касаллиги келиб чиқиши эҳтимолини юзага келтирмоқда.

Қутуриш — ўта хавфли ўткир ўтувчи вирусли касаллик бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади. Одам ва барча турдаги сут эмизувчи иссиқ қонли ҳайвонлар бу касаллик билан касалланиши ҳамда ўлим билан якунланиши мумкин. Касалликни фильтрланувчи нейротроп вирус келтириб чиқаради. Вирус касал ҳайвоннинг бош миясида кўпаяди ва сўлаги орқали ташқи муҳитга чиқади.

Касаллик қўзғатувчисининг манбаи бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлар ҳисобланади ва улар касаллик вирусини табиатдаги барқарор яшаб қолишини таъминлайди. Кўпинча ит ва мушуклар, кемирувчидар одамлар орасида касалликни тарқатувчи манбалар ҳисобланади.

 Касалликни яширин даври ўртача 1 ойдан 3 ойгача давом этади, бу давр баъзи ҳолларда 7 кундан 1 йилгача ва ундан ортиқ ҳам давом этиши мумкин. Касаллик яширин даврининг муддати жароҳат етказилган жойга, унинг чуқур ёки юзакилигига боғлиқ бўлади.

 Ҳайвон тишлашидан жабрланган одамни қутуриш касаллигидан асрашнинг ягона йўли — бу қутуришга қарши ўз вақтида эмлатишдир! Ит ёки мушуклар тишлашидан ёки тирнашидан жабрланганлар (эгаси маълум ёки қаровсиз (дайди) қолганлигидан қатъий назар) тиббий ёрдамга мурожаат қилиши ва антирабик (қутуришга қарши) эмланишлари зарур.

  Тишланган жойнинг жойлашувига қараб эмлашдан бошқа қўшимча даво чоралари ҳам кўрилиши мумкин.

 Қутуриш касаллигининг ўта хавфлилиги сабабли, Тошкент шаҳрида республика ва шаҳар миқёсидаги жами 20 та ДПМларида травмопунктлар туну-кун фаолият олиб боради. Ушбу травмпукнтларда жароҳатланганларга бепул тиббий ёрдам ва эмлаш ишлари олиб борилади. Жами ҳайвон тишлашидан жароҳатланганларнинг барчаси эмлаш билан қамраб олинган. Бугунги кунда барча травмпунктларда антирабик ёрдам кўрсатиш учун вакцина ҳамда антирабик иммуноглобулин етарли миқдорда таъминланган.

Барча туман даволаш-профилактика муассасаларида (ҳар бир туманда травмпунктларда) ҳам қутуришга қарши эмлаш хизматининг фаолияти куну-тун узлуксиз ташкил этилган.

Қутуриш касаллигига мойил бўлган уй ҳайвонлари (ит, мушук) эгаларининг ҳуқуқлари:

1. Ҳар қандай ҳайвон, эгасининг мулки ҳисобланади ва ҳар қандай мулк сингари қонун билан муҳофаза қилинади.

2. Ҳайвон, эгасидан суднинг қарорига кўра ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича олиб қўйилиши мумкин.

3. Итнинг эгаси ўз итини боғланган ҳолда ва тумшуқбоғда чекланган вақт мобайнида ёлғиз қолдириш ҳуқуқига эга.

Итларнинг эгалари қуйидагиларга мажбур:

1. Атрофдаги одамлар ва ҳайвонларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган зарур чораларни кўриш;

2. Итларнинг қўшнилар тинчлигини бузиб тинимсиз вовиллашига йўл қўймаслик чораларини кўриш;

3. Итлар ва мушукларнинг умумфойдаланишдаги жойларни (кириш жойларини, зинапоя майдончаларини, лифтларни, болалар майдончаларини, йўлкаларни, йўлакларни, кўкаламзорлаштирилган ва ободонлаштирилган ҳудудларни ва ҳоказоларни) ифлос қилишига йўл қўймаслик;

4. Умумфойдаланишдаги жойларда итлар ва мушуклар қолдирган экскрементларни олиб ташлаш;

5. Итлар ва мушуклар қолдирадиган экскрементларни дарҳол йиғиштириб олиш учун ўзи билан анжом олиб юриш;

6. Итларни сотиб олишда ва бошқа жойга кўчганда уларни тегишли ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек зарур маълумотларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига маълум қилиш;

7. Итларни ветеринария паспортини тақдим этиш ҳамда итларни текшириш ва касалликнинг олдини олувчи эмлаш учун ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига олиб келиш;

8. Тегишли ҳудудга киришда ит борлиги тўғрисида огоҳлантирадиган тахтача ўрнатиш;

9. Ит ёки мушук одамларни ёки ҳайвонларни тишлаган тақдирда уни дарҳол текшириш ва 10 кун муддат ажратиб қўйиш учун ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига олиб келиш ҳамда биринчи ва такрорий ветеринария кўриги ҳақидаги маълумотномани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларидан олиш ва уни тишлашдан жабрланган шахсга дарҳол топшириш;

10. Ҳайвонлар қутуриш касаллигига чалинганлиги ҳақидаги ҳар бир шубҳаланишда дарҳол ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларини хабардор қилиш ва уларни ажратиб қўйиш учун зарур чоралар кўриш;

11. Касал итлар ва мушукларни ҳайвонлар ажратиб қўйиладиган махсус хизматларга топшириш.

Ҳар бир жониворнинг, ҳатто кўчада бошпанасиз юрган кучук ва мушукларнинг ҳаётимизда муайян роли бор. Масалан, мушуклар шаҳардаги кемирувчилар (каламуш, сичқонлар)ни камайтириб, ўлат, лептоспироз, қутуриш, стрептобациллёз эпидемиясининг олдини олишга ҳисса қўшади.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ва ҳудудий бўлим ходимлари томонидан доимий равишда “Ҳайвонлар-бизнинг дўстимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда, бунда тадбир иштирокчиларига жонли табиат билан танишиб, улар билан мулоқот қилиш, уларни асраб-авайлаш, ҳайвонларга меҳр-шавқатли бўлиш ҳақидаги маьлумотлар соҳа ходимлари томонидан тушунтирилмоқда.

Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат

саломатлиги бошқармаси ОАВ ҳамда жамоатчилик билан ишлаш бўлими.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: