Дунёда қўзиқоринларнинг 100 мингдан ортиқ тури мавжуд. Ўзбекистонда 100 дан ортиқ тури ўсади. Шундан атиги 25 туригина истеъмолга яроқли ҳисобланади. Қўзиқорин қуритиган, қайнатилган, қовурилган, тузланган, маринадланган кўринишда истеъмол қилинади. Ўрмон ҳудудларида яшайдиган мамлакатларда аҳолиси қўзиқоринларни хомлигича истеъмол қилиш усулларини ҳам ўзлаштириб олишган.
Антибиотик сифатида ишлатиладиган пенициллин дориси қўзиқориндан олинган. Бугунги кунда ҳам бу маҳсулот экстракти фармацевтикада кенг қўлланилади.
Қўзиқорин – шифобахш моддалар кони
Қўзиқоринлар таркибидаги шифобахш моддалар уларнинг тури, ўсиш жойи, ёши ва бошқа омилларга боғлиқ. Энг кўп истеъмол қилинадиган турларида А, Д, Е витаминлари, ПП, В гуруҳи дармондорилари, калий, кальций, фосфор, темир, олтингугурт, йод каби микроэлементлар мавжуд. Аксариятида каротин (А витамини), В1 ва В2 витаминлари, микроунсурлардан калий, фосфор, кальций ва қалпоқчасида темир моддаси мавжуд. Қўзиқорин таркибидаги протеин миқдори гўшт, тухум ёки сут маҳсулотларидан камроқ, аммо сабзидагидан тўрт марта кўп. Бу маҳсулотда ортиқча ёғлар умуман кузатилмайди, аминокислоталар, эфир мойлари, ферментлар ва бошқа керакли моддалар ҳам етарли миқдорда бўлади. Қўзиқорин оқсилнинг конидир. Унда оқсил тухумдагидан икки баробар, гўштдагидан уч баробар кўп.
Ўзида гелвелат кислотаси мавжуд бўлган замбуруғлар, жумладан вешанка ва шампиньон кабиларни олдин сувда қайнатиб, сўнг турли турли таомлар тайёрлаб истеъмол қилиш мумкин. Маданий шароитда етиштирилган қўзиқоринлар санитария-эпидемология лабораторияларида текширувдан ўтказилиб, зарарсиз деб топилгандан кейингина сотувга чиқарилади. Одамлар ўзи билар-билмас териб олган қўзиқоринларни овқатга ишлатишдан эҳтиёт бўлишлари керак.
Шифобахш хусусиятлари
Қўзиқоринларнинг фойдали хусусиятлари жуда кўп. Мисол учун бу маҳсулот иммунитетни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади, томирларни тозалаш ва холестеринни камайтиришга ёрдам беради, атеросклерознинг олдини олади.
Қўзиқорин таркибида биологик антибиотиклар бор. Шу боис шампиньонлардан олинган бирикмалар йирингли яраларни даволашда, говорушка номли туридан олинган доривор моддалар сил касаллигига қарши препаратларда ишлатилади. Ёмғирдан кейин чиқадиган қўзиқоринлар экстрактидан тайёрланган суртма теридаги жароҳатларни даволашда яхши самара беради.
Томирлар деворини мустаҳкамловчи ва қон ҳосил бўлиш жараёнида иштирок этувчи ПП витамини қўзиқоринда мол жигаридагидан ҳам кўпроқ. Шунинг учун айниқса жигар учун бу энг зарур маҳсулот саналади. Организм минерал моддалар ҳамда В ва С витаминига эҳтиёж сезганда баҳор пайтларида қўзиқорин истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Қўзиқорин асаб тизими учун ҳам фойда, у ортиқча ҳаяжондан халос қилади, ақлий қобилиятни кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Ортиқча тана вазнидан қутулмоқчи бўлган одамлар ҳам қўзиқориндан шифо топишлари мумкин. Лекин киши дастлаб ўзида қўзиқоринга аллергия йўқлигига ишонч ҳосил қилиши, кейин парҳезшунос маслаҳати асосида ҳафтасига 2 марта овқатланиш рационга бу маҳсулотни киритиши тавсия қилинади. Қўзиқорин танадан радиоактив моддаларни ҳам чиқариб юборади.
Қандай қўзиқорин нимага фойда?
Хитой табобатида қўзиқорин қадимдан саратон ва диабет хасталиклари билан курашишда, қон айланишини фаоллаштириш, ичакларни тозалаш мақсадларида ишлатилган.
Ойстер номли қўзиқорин иммунитетни кўтариб, организмни ҳар хил касалликлардан ҳимоя қилади. Бу хусусият улар таркибидаги ПП витамини билан боғлиқ.
Оқ қўзиқорин тери, соч ва тирноқлар саломатлигини яхшилашга кўмаклашади. Шунингдек, қалқонсимон без фаолияти бузилишининг олдини олади.
Шампиньон деб аталувчи қўзиқорин шифокорларнинг таъкидлашича бош оғриғини даволашда самаралидир.
Шиитаке номли қўзиқорин инсон саломатлиги учун жуда фойдали ҳисобланади. Японияда улардан саратон ва бошқа ўсма касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун қўлланилади.
Мазкур маҳсулот ошқозонга крахмалли таомларни парчалашга кўмаклашади. Рус халқ табобатида юрак-қон томир касалликларида фойдалилиги тан олинган.
Заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг!
Қўзиқориннинг фойдали жиҳатлари кўп бўлгани билан уни истеъмол қилишда эҳтиёткорлик талаб этилади. Биринчидан, заҳарли турлари, иккинчидан экологик жиҳатдан ноқулай шароитда ўсган ёки консервациялаш жараёни нотўғри бажарилган қўзиқоринларни истеъмол қилиш инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради. Шундай ҳолатлар бўлганки, айрим ҳолларда заҳарсиз деб ҳисобланган қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Жумладан, катта йўллар бўйида, кимёвий заводлар ёки кимёвий моддалар сақланадиган омборхоналар яқинида ўсган еса бўладиган қўзиқорин турларини ҳам истеъмол қилиб бўлмайди. Чунки қўзиқоринлар атмосфера ҳавоси, сув ва тупроқдаги заҳарли кимёвий моддаларни ўзига сингдириб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун баъзида истеъмолга яроқли қўзиқоринлардан заҳарланиш ҳолатлари ҳам учраб туради.
Истеъмолга яроқсиз ўзиқоринлар таркибидаги заҳарли моддалар қайнатилганда ёки қовурилганда ҳам сақланиб қолади. Умуман қўзиқорин ҳазми мураккаб озуқа бўлиб, ҳаммага ҳам тўғри келавермайди. Уни истеъмол қилгандан сўнг қандайдир нохушлик сезилса, тезлик билан шифокорга мурожаат қилиш шарт.
Фойдали маслаҳатлар:
Уч ёшдан кичик болалар, қўзиқоринга аллергияси борлар бу маҳсулотни истеъмол қилмагани маъқул.
Қўзиқоринли таомларни нўхат ва дон маҳсулотлари, спиртли ичимликлар билан аралаштириб ейиш тавсия этилмайди. Бунда ҳазм қилиш билан боғлиқ меъда-ичак муаммолари келиб чиқиши мумкин.
Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга, ёш болалар, шунингдек, ошқозон-ичак тизими фаолияти бузилган беморларга қўзиқорин таомлари ва салатларини истеъмол қилиш тавсия қилинмайди.
Қўзиқоринни истеъмол қилишдан аввал, албатта, яхшилаб ювиб, тозалаб, қайнатиш ёки майдалаб, қовуриш керак.
Гулшан тайёрлади.