Шивит (укроп) – овқатланишда энг кўп ишлатиладиган шифобахш кўкат. Бу ўсимлик таркибида жуда кўп витамин ва минерал моддалар мавжуд. Шивитнинг майин барглари ва нозик танаси аскорбин кислота, каротин, пектин, углевод, калий, фосфор, темир, кальций каби кўплаб витамин ва микроунсурлар манбаи. Шунингдек, шивитда кўп миқдорда оқсил, олеин ва линоль кислоталари, ўзига хос ифорга эга эфир мойлари бор.
Шивит таркибидаги магний тузи ва темир моддаси қон айланиш жараёнини кучайтиришга ёрдам беради. Бу ўсимлик айниқса юрак ва қон томирлар фаолиятини яхшилайди. Таркибидаги шифобахш моддалар миядаги қон томирларни кенгайтириб, юрак мушагини мустаҳкамлайди. Нафас олиш аъзолари касалликларида, қон босимининг кўтарилиши, кўришнинг пасайиши ҳолатларида ҳам шивит шифобахш омил сифатида ишлатилади.
Халқ табобатида шивитнинг уруғидан тайёрланган тиндирма иштаҳани очиш, ҳазм қилиш, уйқуни яхшилаш ва буйракнинг яллиғланиш касалликларини даволашда самара беради. Бундан ташқари, шивит бавосир (геморрой)да ичнинг меъёрий келишини таъминлайди. У сиртқи яраларни тузатишда ва аллергияни енгишда ҳам кенг қўлланилади. Бу ўсимликдан шунингдек она сутини кўпайтиришда ҳам фойдаланилади.
Шивит ичак ва қорин бўшлиғидаги бошқа аъзоларнинг силлиқ мушакларини бўшаштирувчи, меъда-ичак йўли ҳаракат фаоллигини кучайтирувчи, моддалар алмашинувини меъёрий ҳолатга келтирувчи, ел ҳамда сийдик ҳайдаш, балғам кўчирувчи, бироз сурги, тинчлантирувчи ва оғриққа қарши таъсирларга эга. Шунинг учун уруғи ва ер устки қисмининг қуритиб, майдалангани таомлар билан истеъмол қилиб турилса ва дамлама сифатида мунтазам қабул қилинса фойдадан ҳоли бўлмайди.
Қорин оғриқларини енгишда, меъда шираси кислоталиги камайиши билан кечадиган гастрит, қорин дам бўлиши (метеоризмда), кучли семириш, жигар, ўт қопи, буйрак касалликлари ва юрак-қон томир тизими фаолияти етишмовчилигида билан боғлиқ касалликларда ҳам шивит истеъмол қилиш тавсия этилади.
Тиббиётда қўланилиши
Шивит меваси таркибидаги биологик фаол моддалардан қорин санчиқларида ёрдам берувчи табиий анетин дориси ишлаб чиқарилади.
Илмий тиббиётда юрак ва қон томирларининг сурункали етишмовчилигини ва спазмларини, стенокардия (юрак сиқиши) касаллигининг олдини олиш, невроз, бронхиал астма (нафас қисиши), меъда-ичак ва қорин бўшлиғидаги бошқа аъзолар спазмларини даволашда қўлланиладиган дори-дармонлар таркибига киритилади. Ҳайвонларда ўтказилган тажрибаларда шивитнинг юрак ишини кучайтириб, пешоб ажралишини кўпайтириши аниқланган.
Ҳар куни эрталаб икки чой қошиқ шивит кукуни шакар билан қўшиб ейилса ёки бирон мева ё сабзавот шарбати билан аралаштириб ичилса ични жуда яхши тозалайди, ҳар хил токсинларни, заҳарли моддаларни, паразитларни чиқаради. Шу тариқа уйқусизликдан қутқаради, асабларни тинчлантиради.
Фойдали маслаҳатлар
Болаларингизнинг юзида оқ доғ бўлса, оғзидан сув оқса (айниқса кечаси ухлаганда), тишларини ғижирлатса, “қорним оғрияпти” деса, ичи кетса ҳар замонда қўркмасдан шивит кукунини уч кун давмида эрталаб икки қошиқдан шакарга аралаштириб, сув билан ичиринг.
Уйқусизликнинг давоси – 500 мл узум шаробини олиб, ичига 50 гр шивит уруғини соласиз ва 20 дақиқа паст оловда қайнатасиз. Кейин бир соат дамлаб қўйиб, ухлашдан олдин 50 мл ичиб ётасиз.
Кўзларингиз шишиб кетса ёки кўзнинг тепа қовоғи осилса (отёк) кўз чарчаганда, қизарганда – 200 мл қайноқ сувга бир қошиқча шивит уруғини ва бир қошиқ кукунини солиб, 10 дақиқа қайнатасиз. Ва докадан ўтказиб, сувига пахта ботириб, кўзингизнинг устига қўйиб қўясиз.
Сийдик йўллари шамолашида – 2 қошиқ шивит кукунини ярим литр қайноқ сувга солиб, бир соат дамлаб қўясиз. Кунига уч маҳал 70 мл дан овқатдан 30 дақиқа олдин истеъмол қиласиз.
Ошқозон оғриганда –1 қошиқча майдаланган шивит уруғини бир стакан қайноқ сув солиб, ўраб икки соатча қўясиз. Кунига уч маҳал ярим стакандан истеъмол қиласиз.
Ошқозон яллиғланиши (гастрит)да – шивит кукунини овқатдан олдин бир ош қошиқда сув билан ичиб юборасиз. Сўнг бир пас туриб овқатланасиз.
ШИВИТ ОШИ
Шивитнинг нафақат ўзи, салати ва дамламалари, балки ундан тайёрланувч таомлар ҳам шифобахшдир. Хусусан, Хоразм ошхонасининг машҳур шивитли таоми — шивит оши, хоразмча лағмон, яшил лағмон номлари билан таомномаларга киритилган. Уни айниқса баҳор ва ёз фаслида оила аъзоларингизга тайёрлаб берсангиз уларни касалликлардан асрашга, организмини витаминлар билан бойитишга ҳисса қўшган бўласиз.
Керакли масаллиқлар:
Қайласига: 500 гр гўшт, 2 бош пиёз, 2 та қизил қалампир, 2 та кўк қалампир, 2 та картошка, 2 бўлак саримсоқпиёз, 1 та каттароқ помидор.
Хамирига: 1 та тухум, 200 гр сув, 300 гр ун, 100 гр янги узилган шивит.
Соусига: 100 гр қатиқ, 100 гр сузма, Озроқ туз.
Тайёрланиши: Олдин хамир тайёрланади. Бунинг учун шивит яхшилаб ювилиб, гўшт майдалагичдан чиқарилади ва устидан бир пиёла сув қуйилади. Тайёр аралашмага тухум, туз ва ун солиниб хамир қорилади. Хамир яшил пластилинга ўхшаш шаклда бўлади. 20-30 дақиқа тиндириб қўйилгач, лағмон қалинлигида ёйилади. Ёйилган хамир рулет қилиниб, 1 см катталикда кесилади ва қайнаб турган шўр сувда 2-3 дақиқа қайнатиб олиниб, совуқ сувга чайилади.
Алоҳида идишга қатиқ, сметана ва озроқ туз солиб яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган соус устига пишиб чиққан “яшил лағмон”ни солиб қорилади.
Шивит ошининг қайласи учун гўшт майдароқ, картошка, қизил ва яшил қалампир куб шаклида, пиёз одатдагидай ярим ой шаклида тўғралади. Помидор қирғичдан ўтказилади. Саримсоқпиёз майдаланади.
Товага олдин гўшт, гўшт пишгач пиёз, устидан помидор солинади. Бироздан сўнг картошка, сал ўтиб қалампир, саримсоқпиёз ва зираворлар солиниб, тузланиб, пишгунча димлаб қўйилади.
Қайла тайёр бўлгач, лаганга қатиқ ва сузмага аралаштирилган яшил лағмон, устидан қайла солиниб дастурхонга тортилади.
Гулшан тайёрлади