2019 йил 20 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Телеграмм” ижтимоий тармоғидаги “Ҳуқуқий ахборот” расмий каналида хабар қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида бўлган Чотқол биосфераси, Зомин, Сурхон, Нурота ва Қизилқум давлат қўриқхоналари, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ҳамда Давлат қўриқхоналари, миллий боғлар ва овчилик хўжаликлари бошқармаси Давлат экология қўмитаси тизимига ўтказилади.
2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қуйидаги 5 та: “Жанубий Устюрт” давлат қўриқхонаси; “Белтов”, “Оқпетки” ва “Оқдарё-Қозоқдарё – икки дарё оралиғи” давлат буюртма қўриқхоналари; “Судочье” давлат буюртма қўриқхонаси негизида “Судочье кўллар тизими” давлат буюртма қўриқхонаси муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилади.
Шунингдек, Давлат экология қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бош бошқармаси ташкил этилади.
Қарор билан, 2019-2022 йилларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.