Унга милоддан аввалги IV асрда асос солинган ва милодий I аср бошларига қадар мавжуд бўлган. Яъни Амударёдаги йирик порт шаҳарлардан бири бўлган қадимий Окс Александрияси харобалари бугунги кунда Ўзбекистондан топилди.
Олимларнинг ушбу оламшумул кашфиёти ўзбек ва дунё ҳамжами илм олами ҳамда ОАВ ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Шу муносабат билан Ўзбекистонда “Ўзбекистон – йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” Маданий мерос ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – цивилизацилар чорраҳаси” археологлар конференцияси ташкил қилинди. Унда академик Э.Ртвеладзе бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан сўнгги йилларда ўтказилган улкан ишлар натижалари илк марта эълон қилинади ва Кампиртепа шаҳарчаси машҳур Окс Александрияси эканига исботлар келтирилади.
Қайд этиш жоизки, олимларнинг кашфиёти Ўзбекистон туризм соҳасини ривожлантириш учун қўшимча туртки бўлади, бутун дунё сайёҳларини жалб этади ва мамлакатимиз маданий меросининг хорижда оммалашишига хисса қўшади.
“Бу кашфиёт – Ўзбекистон тарихий ва археология илмининг ҳақиқий ютуғи. Бу ғаройиб янгилик ёшларимизда тарихимиз ва маданий меросимизни янада чуқурроқ ўрганишга қизиқиш уйғотишига аминмиз”, – дея қайд этди Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. У ушбу нодир тарихий ёдгорликни кенг миқёсда ўрганиш, бутун дунёда оммалаштириш лозимлигини ва бу борада махсус дастур ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича бу ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш ва улар ёдгорликни томоша қилишлари учун қулай шароитларни яратиш мақсадида мувофиқ инфратузилмани яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Окс Александриясига бағишланган музей ҳам очилиши кўзда тутиляпти.
Маҳаллий халқ орасида Кампиртепа деб номланиб келувчи минг йилликларга алоқадор шаҳар қолдиқлари айнан Окс Александриясига тегишли экани ҳақидаги тахмин ва далилий ашёлар, бир неча йил давомида олиб борилган археологик қазилма ишлари, бу жараёнда топилган оламшумул асори атиқалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе шундай дейди:
“Капиртепа шаҳарчаси 1979 йилда Амударё водийси археологик ёдгорликларини тадқиқ этиш мақсадида Термизда бошланган қазилма ишлари вақтида очилган. Ўшанда ҳаво жуда иссиқ эди. Шунга қарамай кун тиғида қазиш ишларини олиб бордик. Бу жараёнда кўҳна тепалик қаъридан топилган қалъа элементлари менда катта таассурот уйғотди. Шаҳарча кичик ва ихчам эди. Биз қадимий грек ибодатхонаси, цитадекль, дарвоза, Амударё бўйлаб пастга кетувчи йўлни кўрдик. Эллинизм давридан сақланиб қолган сопол бўлаклари ҳам ана шу ердан топилган”.
Олим ўз тахминларининг исботланиши учун ўн йиллардан бери тадқиқот олиб бораётганини ва фикрларини асослаб беришини қўшимча қилди. Демак Э.В Ртвеладзе сўзларига кўра, қадимий грек тарихчи ва географлари асарларида ёдга олинган ва Марказий Осиёдаги эллинизм маданиятининг ғаройиб ёдгорлиги саналган Окс Александрияси Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашганига ҳеч қандай шубҳа йўқ!
Ана шу фикрни тасдиқлайдиган археологик маълумотлар орасида энг аввало Окс бўйлаб Ғарбдан Шарққа 400 метрдан кўпроқ чўзилган фрурион – дарвозали қалъа, тош кўча ва ибодатхона, некрополь ва гавань, маёқли портни мисол қилиб келтириш мумкин. Савдо расталари ва сопол ҳунармандчилиги устахоналари мавжуд бўлган кема тўхташ жойларини ўз ичига олган, барча шарт-шароитлари билан тараққий топган шаҳарсозлик ечимларига эга порт-шаҳар… Буларнинг бари Окс Александрияси тамаддунидан дарак беради.
Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим ва ғаройиб топилма. У нафақат мамлакатимиз туризмини ривожлантиришга, балки халқимиз тарихи ва маданиятини чуқурроқ ўрганишга туртки беради, археологик қидирувларни янада кенгроқ олиб бориш, ўрганиш ва тадқиқ қилишга ёш мутахассисларни қизиқтириш имконини беради”, — деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш дунё жамияти раиси Фирдавс Абдуҳолиқов.
“Ўзбекистон – йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” мавзуидаги маданий мерос ҳафталиги давомида ўзбек илм-фани тарихида илк марта Окс Александриясининг 3 D форматидаги инсталляцияси тақдимоти ўтказилади. У қадимий шаҳарчани тиклаб, ана шу буюк археологик ёдгорликнинг илк кўриниши билан батафсил танишиш имконини беради.
Шунингдек, кенг оммани тарих ва маданиятнниг машҳур ёдгорликлари билан таништириш мақсадида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш дунё жамияти томонидан pocket book кўринишида “Окс Александрияси (Кампиртепа) ва Кушонлар: сулолалар, халқ, ёзув” брошюрасининг тақдимоти ўтказилади.
Эслатма: “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси” мавзуидаги халқаро археология форуми жорий йилнинг 24-25 август кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтади.