Таянч-ҳаракат тизимининг жиддий касалликларидан бўлган яссиоёқлик ҳақидаги саволларимизга ортопед-травматолог шифокор Саидазизхон Саидаҳмадхонов батафсил жавоб берди.
–Яссиоёқлик ҳақида тушунча бериб ўтсангиз. Бу касаллик болаларда қандай келиб чиқади?
–Яссиоёқлик, ясситовонлик таянч-ҳаракат аъзоларида энг кўп учрайдиган, кўпчилик адашиб зарарсиз деб ҳисоблайдиган касалликлардан бири. У оддий кўринса-да жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Бунда оёқ панжа қисмининг, яъни товоннинг ўзига хос амортизация вазифаси бузилади. Хуллас таянч аъзо – панжа ўз вазифасини бажара олмай қолади.
Яссиоёқликда товон таги тўлиқ ерга тегиб туради. Шунинг учун юриш вақтида ҳамма куч, силкиниш болдир, чаноқ-сон бўғимига, бел умуртқа поғонасига тушади ва бунинг оқибатида бўғим касалликлари — артрозлар, умуртқалар поғонаси қийшайиши – сколиоз келиб чиқади.
Ясситовонлик касаллиги қанча тез аниқланиб, даволаниши қанча барвақт бошланса, юқорида айтилган касалликларнинг олдини олиш мумкин.
Энди сабабларига тўхталадиган бўлсак, одатда ясситовонлик болаликда ривожланади. Бундан ташқари семизлик, рахит касаллиги ва нотўғри танланган оёқ кийими ҳам унга сабаб бўлиши мумкин. Доимий тарзда тор, пошнасиз поябзал кийганда ҳам товон осон деформацияланади, таянч мускуллари зўриқиб, касаллик ривожланишига шароит яратилади.
Катталарда эса оғир меҳнат ёки кам ҳаракатланиш, товон, тизза бўғими, тўпиқ суягининг шикастланиши, шунингдек ноқулай оёқ кийими, доимий шиппакда юриш ясситовонликка олиб келиши мумкин.
–Яссиоёқликни қандай аниқлаймиз?
–Ёш болаларда яссиоёқликни аниқлаш жуда қийин. Ҳатто 5-6 ёшгача бунинг иложи йўқ. Чунки чақалоқлар ва энди юришни бошлаганда болаларнинг оёқ панжаси таги гўштдор, шишгандек, таги ясси кўринишда бўлади.
Бола улғайгандан кейин бу муаммони оддий кўз билан аниқлаш қийин эмас. Агар болангиз сайр пайти тез чарчаса, оёқ кийими қийшайган бўлса, оёғини қийшиқ босса ортопед шифокорга мурожаат қилиш керак. Асосийси, вақтни ўтказмасдан касалликни аниқлаш ва ривожланишига йўл қўймаслик.
Агарда касаллик вақтида даволанмаса, унда кишининг юриши ўзгариб, танаси букчайиб, умуртқаси қийшайиб бораверади. Натижада эса юқорида айтилган артроз, остеохондроз, сколиоз каби касалликларга чалиниб қолиши ҳеч гап эмас. Оёқ панжасида, тизза бўғими ва белда оғриқ, узоқ пиёда юролмаслик, кечга бориб панжа шишиши касалликнинг асосий белгилари ҳисобланади.
–Болалардаги яссиоёқлик хасталиги қандай даволанади? Ота-оналарга қандай маслаҳатлар берасиз?
– Яссиоёқликни болаликда аниқлаб даволаса бўлади. Аммо катта ёшда бу муаммони фақат коррекция қилиш мумкин. Даволашда кўпроқ физиотерапевтик муолажалар – парафин, ионофорез, дарсенваль, даволаш гимнастикаси, массаж (махсус уқалаш) яхши натижа беради. Касалликнинг бошланиш даврида энг фойдали муолажа уқалаш бўлиб, у қон айланишини нормал ҳолатга келтиради, товон бўғимлари ва пайларининг тўғри ривожланишига кўмаклашади.
Ота-оналарга маслаҳатим шуки, уй шароитида шифокор айтган тавсияларга амал этиб, боланинг оёқларини кўпроқ парвариш қилиш лозим. Касаллик аниқлангач, боланинг оёғига доимий равишда коррекцияловчи ортопедик оёқ кийим кийдириш талаб этилади. Ҳар куни эрталаб бадантарбия машқларини бажариш, оёқлар учун илиқ ванна, оёқ чигилини ёзиш учун сайр қилиш фойдали. Иложи борича болани сузиш машғулотларига бериш лозим. Шу билан бирга оёқяланг юришнинг фойдаси катта. Шу жумладан ёзда майда тош, қум ва майсалар устида ялангоёқ юриш ҳам самара беради. Уй шароитида олча данакларини ювиб, қуритиб ёстиқча шаклида тикиш мумкин. Бу ёстиқчага оёқни босиб юриш фойдали. Олча данакларини бўш тоғорага солиб ичига оёқни тиқиб, уларни босиб, ўйнаб ўтириш ҳам яхши ёрдам беради.
–Яссиоёқлик ривожланмаслиги учун қандай профилактика чоралари мавжуд? Катта ёшда ҳам яссиоёқлик ривожланиши мумкинми?
–Касалликнинг олдини олишда биринчи навбатда пойафзални тўғри танлашга эътибор қаратиш керак. Айниқса ўсиб келаётган болаларга синтетик, товони жуда текис поябзал сотиб олмаслик, иложи борича тўғри қолипда тикилган, белгиланган стандартларга мос оёқ кийими харид қилиш талаб этилади. Аввало поябзалнинг чиройига эмас, унинг қулайлигига аҳамият қаратинг. Оёқ кийими табиий чармдан бўлса янада яхши. Пойабзал оёққа мос ўлчамда бўлиши, сиқмаслиги, катта ҳам бўлмаслиги лозим.
Болалар оёқ кийимида товоннинг ердан баландлиги камида 2 см бўлиши зарур. Агар шундан кам бўлса яссиоёқлик ва қомат қийшайиши пайдо бўлади.
Пойафзал сотиб олаётганда унинг таг қисми осон букилишига эътибор қаратиш лозим. Доимий спорт поябзалида, макасина ва кроссовкаларда юриш ясситовонликка сабаб бўлиши мумкин.
Катталарда оёқ кафти шаклининг ўзгариши кўпинча жисмоний фаоллиги етарлича бўлмаган ёки ҳаддан ташқари кўп бўлган ортиқча вазнли кишиларда ривожланади.
Доимий равишда баланд пошнада юрадиган аёлларда бош бармоқнинг қийшайиши ва ясситовонлик кўп кузатилади. Аёлларга иложи борича 4 см.дан ошмаган пошнадаги оёқ кийимларда юриш тавсия этилади. Шунда тана вазни оёқ товонига бир хил тақсимланади, оёқ мускуллари зўриқмайди.
Панжа суяклари ҳолати ўзгармаслиги учун баланд ва паст пошнали поябзални алмаштириб кийиш лозим. Эсда тутинг! Пойафзалнинг учи ҳам муҳим! Унинг уч қисми қанчалик тор ва пошнаси баланд бўлса, у шунчалик панжа ҳаракатланишига тўсқинлик қилади. Тана доимий равишда олдинга интилиб ҳаракатланиши натижасида умуртқа ҳам поғонаси қийшаяди. Бу мускулларнинг зўриқишига ва чарчашига, асаб тизимининг бир талай муаммоларига ҳамда кўпгина таянч-ҳаракат аппарати касалликларига олиб келади.
ТАВСИЯЛАР:
Ўзингизда яссиоёқлик бор ёки йўқлигини уйда ҳам текшириб кўришингиз мумкин:
- Бир варақ қоғоз ва бўёвчи модда (масалан, гуаш, йод) ёки ёғли крем олинг. Оёқларингиз кафтига суринг ва авайлаб қоғознинг устига туринг.
- Излар қуригандан кейин товондан бош бармоқнинг бўртиб турувчи қисмига томон тўғри чизиқ ўтказинг. Бу чизиққа вертикал равишда кафтингизнинг энг тор жойидан иккинчи чизиқни тортинг.
- Агар изнинг энг тор жойи узунлиги биринчи чизиққача бўлган масофанинг ярмини ёки ундан ҳам кўпроғини ташкил қилса, у ҳолда сизда яссиоёқлик мавжуд.
ЯССИОЁҚЛИККА ҚАРШИ МАШҚЛАР
Оёқ бармоқларингизни букиб 10 қадам, кейин эса очиб 10 қадам ташланг.
Бармоқлар учида кейин товонда юринг.
Кунига бир неча марта 10–15 дақиқа панжанинг ташқи четида юринг.
Полда ётган ҳолда оёқ панжасини айлантиринг.
Ётган ҳолатда оёқ учлари билан қумни текислаган каби ҳаракатлар қилинг.
Бир неча марта оёқ учига кўтарилиш ва ўтириш.
Бу машқни эрталаб бажарган маъқул. 20-30 сония оёқ учида туринг. Буни 5-10 марта такрорланг. Мазкур машқ заиф мушакларни ва болдир пайларини мустаҳкамлайди.
Ерга бир неча шарчаларни қўйинг. Оёғингиз бармоқлари ёрдамида ҳар бир шарчани навбатма-навбат идиш ичига жойлаштиринг. Ижобий самарани кучайтириш учун бошқа машқларга ҳам эътибор бериш лозим. Шу тариқа оёқларингизга енгиллик, ўзингизга эса яхши кайфият қайтганини сезасиз.
Суҳбатни Гулшан ёзиб олди.