Яллиғланиш ва аллергияни қандай фарқлаймиз?

Саволларга ЛОР шифокори Р.ХЎЖАЕВА жавоб беради.

— Бир неча ҳафтадан буён менда кўз ёшланиши ва бурун битиб, сув оқиши кузатиляпти. Бу аллергиями ёки бурун шиллиқ қавати яллиғланишими, қандай ажратиш мумкин?

Назира, Хива шаҳри

— Аллергик тумов, одатда, баъзи бир аллергеннинг организмни қўзғатиши натижасида юзага келадиган реакция бўлиб, кутилмаганда пайдо бўлади, қаттиқ қичишиш, кўп бурун оқиши ва аксириш билан бирга келади.

Шунга ўхшаш аломатлар ила кечадиган яллиғланиш билан боғлиқ тумовда эса камида енгил иситма кузиталади, баъзи ўзига хос белгилар мавжуд бўлади. Масалан, бу томоқ қизариши ва лимфа тугунлари шишиши мумкин.

Бурун битиши узоқ давом этса, нима қилиш керак?

— Кейинги вақтда бурнимдан нафас ололмаяпман. Бу ҳолат бир неча ҳафтадан бери давом этяпти. Бу қандай касаллик аломати бўлиши мумкин. Бурун битиши ўтиб кетиши учун нима қилишим керак?

Одилжон Исмоилов, Жондор тумани

— Одатда бундай ҳолатда ЛОР шифокорига мурожаат қилиш керак, чунки узоқ муддатли бурун битиши турли сабабларга кўра юзага келади. Бу аломат баъзан аллергия мавжуд бўлганда, бурундаги турли ўсмаларда, бурун тўсиғи билан боғлиқ муаммоларда, шунингдек, яхши сифатли полиплар ва эҳтимол хавфли ўсмаларда ҳам кузатилади.

Фақатгина қулоқ, томоқ, бурун шифокори томонидан тўлиқ текширув ўтказилганидан сўнг аниқланган касалликка кўра тўғри даво усулини танлаш мумкин. Таъкидлаб айтамиз, саломатлик борасидаги ҳар қандай муаммо ёки касалликда шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг, ўз-ўзингизни даволаманг!

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: