Саволларга қулоқ, томоқ, бурун шифокори Р.ХЎЖАЕВА жавоб беради.
— Ёшлигимдан ЛОР касалликлари бот-бот такрорланиб туради. Шифокорлар кўпинча антибиотик ёзиб беришади. Бироқ антибиотикларни кўп қабул қилиш иммунитетга салбий таъсир қилади деб эшитдим. Бундай касалликларда дори-дармонсиз мустақил даволаниш мумкинми?
Шоира, Гулистон шаҳри
— Маълумки қулоқ, томоқ, бурун касалликлари одатда вирусли касалликлар билан бир хил тарзда даволанади: шифокорлар бу ҳолатда вирусга қарши ёки яллиғланишга қарши препаратларни 2-3 кун давомида қабул қилишни тайинлашади. Агар яхши томонга ўзгариш бўлмаса, асоратларнинг олдини олиш учун антибиотиклар буюришади. Бироқ умуман фойдаланишни талаб қилмайдиган бир қатор касалликлар мавжуд. Масалан оддий тумов (ринит) шулардан бири. Ва аксинча, антибиотикларсиз ва, албатта, уй шароитида мустақил даволаб бўлмайдиган хасталиклар ҳам бор. Мисол учун йирингли отит шулар жумласидан. Шу сабабдан ЛОР аъзоларида, айниқса қулоқ соҳасида яллиғланиш ёки оғриқ билан боғлиқ муаммо туғилса, дарҳол ЛОР шифокорига мурожаат қилишингиз керак.
Гулшан тайёрлади