Зарарли пальма ёғи импорти даҳшатли суръатда ортиб бормоқда

 Яқинда ТВда эълон қилинган бир болалар бўтқаси рекламаси эътиборни тортди: «Мазкур бўтқанинг бошқаларидан афзаллиги унга пальма ёғи қўшилмаганидир». Ҳолбуки, Ўзбекистонда амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига асосан болалар озиқ-овқати маҳсулотларига пальма ёғи қўшиш таъқиқланган. Пальма ёғининг истеъмол маҳсулотларига қўшилиши натижасида инсон организмига етадиган зарарлардан бугунги кунда кўпчилигимиз хабардормиз…

Аммо айрим «учар» тадбиркорлар бойлик орттириш мақсадида ўзлари ишлаб чиқараётган озиқ-овқат маҳсулотларига сақланиш муддатини узайтириш, таннархини арзонлаштириш мақсадида сарёғ ўрнига бу зарарли ёғни аямай қўшмоқдалар.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, охирги уч йил давомида мамлакатимизга 50 минг тоннадан (!) ортиқ пальма ёғи олиб кирилган. Шу ўринда жорий йил январь-май ойларининг ўзида 31 минг тоннадан ортиқ пальма ёғи импорт қилингани аниқланган. Ушбу статистик маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати томонидан “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида эълон қилинган “Пальма ёғи ортидаги муаммо: депутатлар нимадан хавотирда?” сарлавҳали мақолада келтирилган. Жорий йилда пальма ёғи импорти ўтган йиллардагига нисбатан даҳшатли даражада ўсгани маҳаллий тадбиркорларнинг пальма ёғини озиқ-овқатларга яна ҳам кўп миқдорда қўшаётганини кўрсатади. Нега бундай қилишлари ҳам сир эмас: чунки пальма ёғи барча ёғлардан сезиларли даражада арзон.

Хўш, пальма ёғи инсон саломатлиги учун қанчалик хавфли?

Фойдаси йўқ, зарари беқиёс…

Пальма ёғи пальма мевасидан 40 даражагача ҳароратда қайта ишлаш жараёнида олинади. Бу ёғ эритилганда ҳам 38-40 даражада парчаланади. Инсон танаси ҳарорати эса бор-йўғи 36,6 даража. Демак, овқат таркибида организмга кирган пальма ёғи ҳазм бўлмай қолиб кетади. Бора-бора томирларга ва аъзоларга йиғилади. Қон томирлар йўлини тўсиб, атеросклероз, гипертония, инсультга ва ҳатто саратонга олиб келади. Шу сабабдан одам кам еса ҳам, кўп ҳаракат қилса ҳам семираверади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пальма ёғини импорт қилувчи 23 та мамлакатда ўтказган таҳлиллар шуни кўрсатдики, мазкур мамлакатларда юрак-ишемик касалликлари билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўрсаткичи жуда юқори экан. Ўзбекистон эса юрак-қон томир касалликларидан вафот этаётганлар бўйича 1-ўринда туради…

Шундай экан, мамлакатимизга олиб кирилаётган пальма ёғининг ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани ташвиш уйғотмайдими?

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга пальма ёғи олиб кирилиши 2000 йиллардан бошланган ва дастлабки импорт миқдори 5 минг тонна бўлган…

Тузилишига кўра пальма ёғи мум ёки парафинни эслатади. Бу ёғ таркибида фойдали компонентлар йўқ, шунингдек, пальма ёғи юқори ҳароратда қайта ишланганда унда кўп миқдорда зарарли моддалар ҳосил бўлади.

Даҳшатли статистика

Маълумки, дунёдаги кўпгина ривожланган давлатлар пальма ёғини мамлакат ҳудудига умуман киритмайди. Бизда ҳам вазирлар Маҳкамаси томонидан импорт қилинаётган пальма ёғини озиқ-овқат саноатида ишлатиш билан боғлиқ вазиятни ўрганиш бўйича масъулларга вазифалар юклатилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қаҳрамон Эргашев юқоридаги фактларни инобатга олган ҳолда ОАВдаги чиқишида ўз муносабатини билдириб ўтганди. Яъни депутат маълум қилишича, олиб борилган текширувларда маргарин ва пишлоқ маҳсулотларида бегона ёғлар миқдор кўрсаткичи бўйича 4 фоизгача қўшиш белгиланган бўлса-да, харид қилинган намуналарда улар миқдори 8,8 фоиз, яъни 2 баробардан ҳам кўплиги қайд этилган. Бу амалдаги “Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент” шартларига зид демакдир.

Депутатнинг фактларига қўшимча равишда таъкидлаш мумкинки, дўконларда сотилаётган музқаймоқ, маргарин, сарёғ, пишлоқ каби маҳсулотлар маркировкасида (қадоғида) таркибида пальма ёғи борлиги умуман кўрсатилмайди. “Ўзстандарт” агентлиги ходимлари шунга ўхшаш маҳсулотларга қанчадир фоиз пальма ёғи қўшишга рухсат берилганлигини айтади. Аммо маҳсулот йўриқномасида бу ёғ қўшилгани нега қайд этилмайди? Бу саволнинг очиқ қолиши эса истеъмолчилар ҳуқуқларига дахл қилади, буни сир тутиш эса мижозни алдаш бўлади. Негаки, бугунги кунда пальма ёғининг зарари ҳақида билган истеъмолчи у қўшилган маҳсулотни харид қилмасликка ҳақли.

Аммо зарарли ёғнинг озиқ-овқатларга қўшилганини унинг ёрлиғида кўрсатиб ўтиш билан кўп нарсага эришиб бўлмайди. Пальма ёғини мамлакатга олиб киришни бутунлай тақиқлаш керак. Негаки ҳозирда бозорларимизда нафақат корхоналарда ишлаб чиқарилган, балки хонадонларда тайёрланган сут-қатиқ (сузма, қатиқ, сметана, пишлоқ ва ҳ.к.), ширинлик (холва, торт, пирожное, шоколад ва ҳ.к), пишириқ, нон маҳсулотлари ҳам сотиляпти. Уларга ҳам пальма ёғи қўшилаётгани сир эмас. Бундай маҳсулотларда сифат сертификати ҳам, маҳсулот ёрлиғи ҳам йўқ…

Бир қатор ривожланган мамлакатларда пальма ёғи олиб киришни тақиқлаш билан муаммо ҳал қилинган. Фуқаролар саломатлигини асраш ва беморларни камайтириш эвазига тиббиётдаги исрофгарчиликларнинг олдини олишда бу жуда муҳим.

Хулоса ўрнида

Зарарли пальма ёғи мавзусида бахс кетганда “Ўзстандарт мутахассислари тадбиркор олиб келган маҳсулот лицензия олишда таркиби меъёрий бўлиб, навбатдаги ишлаб чиқаришлар жараёнида ўзгарган бўлиши мумкин, дейишди. Жуда қизиқ, агар тадбиркор хоҳлаган пайтида маҳсулот таркибини бузса, уни стандартлаштиришнинг нима кераги бор?

Олий Мажлис қонунчилик палатаси Халқ депутатлари кенгашлари сайлови дастурларига бағишлаб ўтказилган демократик дебатларда ОАВ вакиллари томонидан мамлакатимизда истеъмол маҳсулотларига қўшилаётган пальма ёғи масаласида ҳам савол ўртага ташланди. Ўшанда партиялардан бири томонидан бунга қарши курашиш режада борлиги маълум қилинди. Яъни аввало истеъмол маҳсулотларига қўшилаётган пальма ёғи миқдорини ёрлиқларда кўрсатиш шарти, кейинчалик эса умуман тақиқлашга босқичма-босқич эришилиши билдирилди. Аммо бу борада барча масъуллар ва партиялар олдига аниқ талаб қўймоқчимиз: пальма ёғи импорти ва уни истеъмол маҳсулотларига қўшилишини тақиқлаш зудликда ҳал этилиши лозим.

Яна бир таклиф: озиқ-овқат таркиби бузилганига шубҳа туғилганда хоҳлаган пайтда бепул текширтиришга имкон берилса ёки бу статистика қўмитаси ёки бошқа холис баҳо бера оладиган ташкилотга юклатилса, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга кафолат ошган бўларди.

Дарвоқе

Юқори ташкилотлар зарарли пальма ёғини чеклаш масаласини ҳал қилгунга қадар соғлигингизни йўотмай десангиз, истеъмол қилаётган маҳсулотингизга эҳтиёт бўлинг.

Хўш, маҳсулот қадоғида таркиби тўлиқ ёзилмаган бўлса, унга пальма ёғи қўшилганини қандай аниқлаймиз? Айтайлик, табиий сутдан олинган ёғ 28–32 °C ҳароратдаёқ эрий бошлайди. Агар тоза сариёғ совиткичга солинмай столда қолиб кетса (қаймоқ ёки пишлоқ ҳам) нордон-ачимтир таъмга эга бўлиб қолади. Творог ёки пишлоққа ёки бошқа сут маҳсулотига эримайдиган пальма ёғи қўшилган бўлса, хона ҳароратида қолиб кетса бироз юмшамайди ҳам. Усти юпқа сариқ қобиқ билан қопланиб айнимай тураверади.

Ўзингиз ҳам тадқиқот қилиб кўришингиз мумкин. Масалан, ликопчага музқаймоқ солиб, 20-30 дақиқа қолдирсангиз, агар у табиий бўлса эриб суюлиб қолади. Пальма ёғи қўшилгани эса узоқ вақтгача эримайди, эриса ҳам ранги ўзгариб хира тортиб қолади.

Қаймоқ

Сохта қаймоқ маҳсулотининг ҳақиқий қаймоқдан фарқи унга жонивор ёғининг ўрнига пальма ёғи қўшилган бўлади, сут оқсили соя дарахти оқсили билан алмаштирилган бўлади.

Агар сиз бир қошиқ қаймоқни қайноқ сувга солсангиз, у бутунлай аралашиб кетади. Сохта қаймоқ бундай ҳолатда аралашмай, қайноқ сув солинган идиш тагига чўкади.

Сут

Келаётган даромадни кўпайтириш мақсадида нопок ишлаб чиқарувчилар сутга пальма ёғи, меламин, сода ёки крахмал аралаштиришади.

Сохталаштирилган сутни харид қилмасликнинг биргина тўғри йўли – ишончли қўллардан, синалган сотувчилардан сотиб олишдир.

Пишлоқ
Пальма ёғи қўшилган қаттиқ пишлоқни ўзига хос совунга ўхшаган таъмидан билиб олиш мумкин. Агар сиз кесиб олган бўлак қаттиқ ва резинага ўхшаб қийин чайналадиган бўлса ёки кесган вақтда уваланиб кетса, демак таркибида пальма ёғи мавжуд. Сохта пишлоқ очиқ ҳолда қолса тезда қотиб қолади ва унда ёриқлар пайдо бўлади.

Агар тоза пишлоқ қуёш нури остида қолса у юмшайди. пальма ёғи қўшилган пишлоқ эса аксинча ундан ҳам қаттиқроқ бўлиб қолади.

Сариёғ
Сунъий қўшимчали сариёғни еганда тишлар орасига ёпишиб, тил а оғиз бўшлиғида ёғли караш пайдо қилади. Ҳақиқийси эса оғизга солишингиз билан эриб йўқ бўлиб кетади. Табиий сариёғ хона ҳароратида юмшаб қолади, пальма ёғи қўшилган бўлса қотиб, шаклини ўзгартирмай тураеради. Агар қизиган товага бир бўлак табиий сариёғ ташласангиз у эрийди ва юзида кўпик пайдо бўлади. Пальма ёғи қўшилган сариёғ ёки маргарин эса бир хил консистенциядаги суюқликка айланади.

Зайтун ёғи

Таажжубланарли, лекин факт. Италия мафиячилари сохталаштирилган зайтун ёғидан оладиган даромадлари гиёҳванд моддалар савдоси фойдаси билан рақобатлашади. Нопок ишлаб чиқарувчилари унга энг арзон ёғлардан қўшишади. Зайтун ёғининг ҳақиқийлигини унинг нархи қимматлигидан билса бўлади.

Кичкина эксперимент: пахтадан пилик ўраб, зайтун ёғига ботириб олиб ёқилади. Агар олов яллиғи тиниқ ва қурумсиз бўлса, демак шишадаги ёғ шубҳасиз, зайтун ёғидир. Сохта ёғ қора рангда тутаб, чирсиллаб ёнади.

Афсуски, булочка, кекс ва пряникларга зарарли ёғ қўшилганини аниқлаб бўлмайди. Шунинг учун таркиби ишончсиз маҳсулотни харид қилгандан кўра яхшиси уйда тайёрлаган маъқул.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: