Альцгеймер – мия ҳужайраларининг нобуд бўлиши, ақлий салоҳиятининг пасайиб бориши билан кечувчи касаллик. Бу хасталикни илк маротаба немис патологоанатоми ва психиатри Алоис Альцгеймер тадқиқ қилган.
Одатда Альгеймер хасталиги 65 ёшдан ошган инсонларда учрайди. Касалликнинг асосий белгиси бемор воқеалар, ҳолатлар, ўз одатлари, хотиралари, ҳатто ўз яқинларини ҳам унутиб қўяди. Америкалик психиатр Нейл Бухгольц оддий паришонхотирлик билан Альцгеймер ўртасидаги тафовутни тушунтириб берган: агарда сиз калитларни қаерга қўйганингизни унутсангиз, бу Альгеймер аломати эмас. Калит қандай вазифани бажаришини унутиб қўйсангиз – буни жиддий муаммо деб айтиш мумкин. Альцгеймер касаллигида асаб толаларига зарар етади. Бу бета-амилоид оқсилидан ҳосил бўлган бўртиқчалар мия ҳужайраларини “бўғиб” қўйиши натижасида содир бўлади. Дунё мутахассислари бир неча йиллардан буён ўз тадқиқотларини шу бўртиқчаларнинг ҳосил бўлиш жараёнини ўрганиш ва уларга қарши кураш чорасини излашга бағишлашмоқда. Бироқ амилоидли бирикмаларни йўқотишга мўлжалланган дори-дармонлар клиник синовларда яхши натижа бермади.
Яқинда португалиялик тадқиқотчилар мазкур касалликни даволашда “боши берк кўчадан” чиқиб олиш йўлини топишди. Яъни мия учун заҳарли бўлган бўртиқчаларга қарши самарали курашиш учун аввало уларнинг қандай ҳосил бўлишини аниқлашга киришдилар.
Шу пайтгача Альцгеймер хасталигига герпес вируси сабаб бўлади деган таҳминлар бор эди. Эндиликда эса халқаро олимлар гуруҳи бу касалликнинг ривожланиш жараёнларини бир бошдан таҳлил қилиб, бошқача хулосага келишди. Уларнинг таъкидлашича, миядаги нейронларнинг зарарланишига вируслар эмас, бактериал инфекциялар сабаб бўлар экан. Аниқроғи милк яллиғланишини чақирувчи порфиромонада деб аталувчи бактериялар Альцгеймер касаллигига етаклайди.
Олимлар бир қатор тажрибаларда милк яллиғланиши билан боғлиқ периодонтит хасталиги ва нутқ, хотира бузилиши ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилишди. Уларнинг фикрича бактериялар оғиз бўшлиғидан одам миясига ўтади ва миядаги нейронларда яллиғланиш бошланади. Натижада одамда когнитив бузилишлар, яъни Альцгеймер касаллидаги каби белгилар пайдо бўлади.
Тадқиқотчилар сичқонларда тажриба ўтказиб кўришди. Унда аён бўлдики, порфиромонадалар чиндан оғиздан тарқалиб мияга ҳужум қилади. Бунинг оқибатида миянинг асаб толаларида емирувчи пилакчалар ҳосил бўлади ва мия ҳужайраларини ишдан чиқаради.
Аниқланишича, оғиздаги патоген бактериялар мияга ўтиб, у ерда нейронларни нобуд қилувчи гингипаин заҳарли бирикмасини ишлаб чиқаради. Олимлар фикрича ушбу жараённи тўхтатиб, миядаги нейронлар фаолиятини тўғри изга солиш мумкин.
Тадқиқотчилар ўз хулосаларига таяниб, касалликка сабаб бўлувчи бирикма фаоллигига тўсиқ бўлувчи дори ишлаб чиқишди. Препарат синовдан яхши ўтди. У бактериали инфекциялар таъсирини сустлаштириши аниқланди. Шу билан бирга бу дори Альгеймер хасталиги аломатлари ҳамда миядаги яллиғланишларни камайтириб, касалликка олиб келувчи амилоидлар ишлаб чиқарилишини блоклайди.
Мутахассислар ушбу касалликнинг олдини олиш учун гигиена қоидаларига амал қилишнинг аҳамиятини чексиз дея таъкидлашмоқда. Дарҳақиқат, тишлар саломатлигига эътиборли бўлиш нафақат Альгеймер, балки барча касалликлар профилактикасининг, умуман соғлом турмуш тарзининг муҳим асосидир.