TELEGRAMдан эҳтиёт бўлинг!

Одамлар дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, Интернет тармоғи орқали мулоқот қилиш, ахборот олиш, танишиш, музокаралар олиб бориш, ахборот тарқатиш ва шунингдек, содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан воқиф бўлиш, уларга фикр билдириш имкониятларига эга.

Замондошларимиз оддий қўл телефонисиз бир кунини тасаввур қила олмаслигининг ўзи бунга яққол мисолдир. Қўл телефонининг Интернетга уланиш имкониятлари одамнинг ишлаш тарзидан тортиб то дам олиш вақтини ҳам белгилайди. Ҳар томонлама фойдаланишга қулай Интернет ижтимоий тармоқлари ва мессенжер алоқалар бугунги кунда энг оммавийлашган мулоқот воситасига айланди. Ана шундай алоқа дастурларидан бирининг асосчиси Павел Дуров дунё ҳамжамиятига энг интерактив алоқа турини тавсия этди. 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида кенг оммавийлаша бошлаган мазкур алоқа тизимидан бугунги кунга келиб, аҳолининг 60 фоизи фойдаланмоқда.

Telegram ўзи нима?

Бу тизим турли форматдаги медиафайллар ва хабарлар билан алмашлашиш имконини берувчи кроссплатформа мессенжери бўлиб, АҚШ ва Германияга қарашли бир нечта компаниялар қуввати ёрдамида ишлайди. Мазкур алоқа тизими махфий код остида GNU GPL томонидан лицензияланган хусусий мулкдир. У бир нечта манба кодли мижозлар билан узвий боғлиқ ҳолда фаолият юритади. Кроссплатформа фаолияти Павел Дуров томонидан йилига 13 млн АҚШ доллари миқдорида молиялаштириб турилади. Тизим сифатида Telegram энг фаол алоқа воситасидир. 2018 йилнинг март ойи маълумотларига кўра, дунё бўйича телеграм-канали фойдаланувчиларининг умумий сони 200 млнга етди. Шундан ўртача 18 млн фойдаланувчи ўзбекистонликлардан иборат.

Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, мазкур алоқа тизимининг асосий контингентини 15-55 ёшлилар ташкил этади. Телеграмдан талабалар, ўқувчилар, ўқитувчилар, идора, корхона, офис, ташкилот ходимлари томонидан тузилган гуруҳлар, хизмат кўрсатиш соҳаси идораларининг Botлари, каналлари ва идивидуал мижозлар ўта фаол тарзда фойдаланади. Бунга сабаб, аввало, телеграм одамларнинг интерактив мулоқотга бўлган эҳтиёжини қондириши бўлса, яна бир сабаби канал техник жиҳатдан мураккаб дастурлаш жараёнларини талаб этмайди. Шу маънода мазкур алоқа тури одамларнинг “узоғини яқин, оғирини енгил” қилди. Аммо сўнгги вақтларда телеграм-алоқанинг хатарлари ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда.

Телеграмнинг хавфи нимада?

Асосий хавф бу тармоқнинг одамлар онгига нейролингвистик психологик таъсиридадир. Бу ҳолат айниқса, интерактив тарзда кечадиган “онлайн-диалог” мулоқотда кўпроқ учрайди. Яъни бир шахс иккинчи бир шахс билан телеграм орқали (улар бир-бирларини таниш ёки танимасликларидан қатъий назар) “онлайн” мулоқот майдонига кириб борадилар. Ушбу мулоқот ёзишмалари зарур ва нозарур вақтларда муттасил давом этаверса икки киши ўртасида яқин муносабатлар шаклланиб боради. Муттасил ёзишмалар одатда, фикрлари, дунёқараши жиҳатидан бир-бирига ўзаро мос кишилар ўртасида кечиши мумкин.

Телеграм алоқаси бор ҳар қандай абонент биргина қўнғироқ қилиш орқали ҳам мижоз рақамидаги мессенжерга автоматик тарзда уланади. Оқибатда бир-бирига бутунлай нотаниш бўлган одамлар ҳам мулоқотга киришиш имкониятига эга бўлиши табиий. Бунинг устига, махсус қидирув (поиск) дастури мавжуд бўлиб, у орқали исталган жумла ёки исм ёзилиши кифоя, дунёнинг исталган ерида истиқомат қилувчи бирор бир телеграм канали ёки Botлари саҳифасига кириш мумкин.

Телеграм мулоқотнинг айнан нейролингвистик психологик таъсири шундаки, бунда бир ёки ундан ортиқ бўлган мулоқотчилар ёзишмалари орқали бир-бирларига эмоционал ҳолатини, кайфияти ва муносабатини билдиради. Ушбу ёзишмаларда мулоқотчиларнинг ўзаро суҳбати жонли алоқада (интерактив тарзда) кечиши сабабли харфларнинг катта-кичиклиги, тиниш белгиларининг қўлланилиши, махсус белгилар масалан: ))) ёки ((( кабилар орқали руҳий кечинмалар ифодаланади. Бундан ташқари, сервер хизматининг дастурида Табассумчалар (смайликлар)нинг турли қиёфадаги кўринишлари мавжуд бўлиб, улар: хурсандлик, жаҳл, кесатиқ, бетоқатлик, уялиш, хижолатланиш, шодонлик, шўхлик каби руҳий холатларни акс эттиради. Шунингдек, турли ҳайвонлар, гуллар, белгилар ва стикер тасвирлар орқали ҳам мулоқотчилар ўз эмоционал ҳолатини суҳбатдошига етказиш имкониятидан фойдаланиши мумкин. Аммо ёзма мулоқот бу алоқада энг кўп қўлланилади ва қулай восита сифатида қадрланади.

Ёзувлар кайфиятни ифодалайди

Телеграм алоқада ёзилган икки бир хил сўз “қаердасан” ва “Қаердасан?”нинг ёзилиш услуби ҳамда “кайфияти”да катта фарқ бор. Биринчи ёзувда мулоқотчининг кайфиятида тушкунлик ва бироз бефарқлик сезилади. Иккинчи ёзувда эса қатъийлик ва талабчанликни яққол ҳис этиш мумкин. Ёки “бордим…” ва “БОРДИМ!” сўзларининг ёзилишига эътибор беринг: биринчисида ўша тушкунлик, бефарқлик ва афсусланиш белгилари сезилади (жумланинг уч нуқта билан тугатилиши). Иккинчи ёзувда эса қатъий норозилик кайфияти ҳукмрон. Агарда “Бордим” деб, яъни сўз бош харфдан бошланиб, нуқтасиз тугаса айтилган манзилга борганлигини билдирувчи шунчаки маълумот берувчи “юмшоқ” эмоционал ҳолатни ифодалайди.

“Нима гаплар)))” ва “нима гаплар ((“ бу икки жумлада ҳам турли эмоционал ҳолатлар ўз ифодасини топган. Биринчи ёзувда жумла риторик савол тарзида бўлиб, ундан мулоқотчининг яхши кайфияти “уфуриб турибди”. Иккинчи жумлада мулоқотчининг норозилиги, бефарқлиги сезилиб,  савол шунчаки одоб юзасидан ҳол-аҳвол сўрашиш тарзида берилганини ҳис этиш мумкин.

Бундан ташқари, телеграм мессенжер алоқада турли орфографик, морфологик, пунктацион, диалектик хатоликлар туфайли ёзишмалар қайси тилда бўлишидан қатъий назар адабиий тил нормалари ва мезонларининг бузилишига сабаб бўлади. Бу ҳолат ҳар қандай тилни лингвистик жиҳатдан “ўлик тил”га айлантириши билан хавфлидир. Масалан: “nma qvos”, “qattasiz” (диалектизм, пунктуацион хатоликлар), “obedlandizmi” (полиглотик термин) ёки харф (шрифт)ларни бутунлай ноўрин ва нотўғри қўллаш: “chundim”, “wumi” (шуми) каби ҳолатларни алоқа ёзишмаларида кўплаб учратиш мумкин.

Энг ачинарлиси шундаки, бундай хатоликлар зиёлиларнинг ёзишмаларида ҳам кузатилмоқда: “Қош қўяман, деб кўз чиқаргандек, энг чатоғи, компьютерда тез ёзганда кўп имловий хатолар ўтиб кетибди-да. “Сиз катта иш қиляпсиз” деган гапимда “к” ўрнига “л” ҳарфини босиб юборибман (ўша иккита ҳарф битта клавишда жойлашгани чалкаштиргандир), “баъзи хомкаллалар”да “х” тушиб қолибди. Ундан ҳам баттар айқаш-уйқаш сўз ва иборалар бижғиб ётибди…” деб ёзади устоз-журналист Тўлқин Эшбек “Тил – “тел”га айланган..ми?” номли ҳажвий мақоласида.

Бир қарашда кулгили туюлган бу ҳолатнинг аслида келажак асоратлари жиддий бўлиши тайин. Оммани ёппасига саводсизликка етаклайдиган ушбу муаммо кўзга кўринмас, аммо талофати вақт ўтиши билан йириклашиб борадиган хатардир.

Қулай мулоқот воситаси деймиз, аммо…

Инсоннинг кўриш, эшитиш ва ҳис этиш каби жисмоний имкониятларининг ўзи унинг ахборот-психологик жиҳатдан очиқ тизим эканлигини белгилайди. Бунда ахборотнинг 90 фоизи кўз, 70 фоизи қулоқ ва 50 фоизи ҳис этиш (контактли алоқа, ҳид сезиш каби) орқали қабул қилинади. Қабул қилинган ахборот эса ўз вақтида истеъмолчининг ҳатти-ҳаракатлари ва руҳий ҳолатини бошқаради.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ушбу мессенжер алоқа мулоқотга киришган шахслар ўртасидаги руҳий ҳолатни бошқарибгина қолмай, психологик таъсир доирасига тушиб қолган мулоқотчининг кейинги ҳаракатларини ҳам белгилайди. Шу сабабли дунё бўйлаб инсониятга хавф солаётган террористик хатарлар айнан мессенжер алоқалар орқали кенгайиб бормоқда. Маънавияти бўш, кайфияти тушкун бўлган аҳоли қатламининг радикал мухолифатчилар таъсирига тушиб қолиш хавфи жуда юқори. Сўнгги пайтларда ўзи билмаган, танимаган шахсларнинг турли ваъдалари-ю, алдовларига учиб, нафақат ўзи, балки бутун оиласи, фарзандлари ҳаётини хавф остига қўяётган содда одамларнинг чет элларга кетиш ҳолатлари кўпайди.

Ўзбекистон телеканалларининг бирида телеграм орқали нотаниш эркак билан онлайн-мулоқотга киришган аёл оилали, фарзандли бўлишига қарамай, унинг таъсирига тушиб, турмушга чиқиш учун чет элга борганлиги, террористик гуруҳга аъзо бўлгани ҳақидаги кўрсатув эътиборимни тортди. Бир неча ойлик сарсонгарчиликдан сўнг юртимизга аранг қайтган бу аёлнинг тележурналист билан бўлган суҳбатида айтишича, у ўзи танимаган, билмаган одамнинг ёзишмаларига маҳлиё бўлиб, унинг: “сиз жуда меҳрибон аёл экансиз”, “сизга ўхшаган ақли расо аёллар бизга жуда керак”, “сизни борган сари ёқтириб қоляпман” деган сўзларига ишонган.

Ушбу мессенжер ёзишмаларнинг хатари ҳам шундаки, аввало у интерактив тарзда кечади ва “у томонда”ги  мулоқотчининг ёзишмалари “бу томон” мулоқотчига психологик таъсир кўрсатади. Чунки мулоқотчилар бир-бирини кўрмай, эшитмай туриб фақат ёзишмалар орқали муносабат қурадилар. Мулоқотнинг бу шакли айниқса, руҳий-психологик жиҳатдан ўта эмоционал бўлган аёлларга кучли таъсир кўрсатади. Табиатан аёл романтикага мойил бўлганлиги учун ҳам “у томон” мулоқотчининг ташқи кўриниши ва овозини хаёлан тасаввур қилади. Натижада у ўзи учун идеал бўлган бир шахсни гавдалантиради. Мулоқотдаги шахс қандай одам бўлишидан қатъий назар (у бадбашара, совуққон ва ҳатто қотил бўлиши мумкин) аёл реал ҳаётида маълум бир шахс билан мулоқот қила туриб, хаёлидаги идеал шахс билан уни “адаштиради”. Оқибатда эса юқорида айтиб ўтилганидек, аёл кучли психологик эмоционал ҳолатга тушади.

Яна бир хатар – профиль маълумотларининг очиқлиги

Телеграм фойдаланувчиси ўз саҳифасининг муаллифи сифатида профиль майдонига истаганича суратлар, стикерлар, афоризмларни жойлаштириши мумкин. Энг хатарлиси эса ўз суратлари, оила аъзолари иштирокидаги воқеалар акс этган суратларни профилга жойлаштирилишидир. Чунки юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу мессенжер дастурлари дунёнинг исталган еридан туриб, қидирув тизимига уланиш, мулоқотга киришиш имкониятларини яратган. Демакки, телеграм абоненти ўзи ҳақидаги маълумотларни профили орқали бутунлай нотаниш одамларга тарқатиши ва ўзи билмаган ҳолда ҳаётини хавф остига қўйиш эҳтимоли бор.

Профилга ўз суратини қўймаса-да, мулоқотчи турли пейзаж, машҳурлар портрети, натюрморт, гуллар тасвирланган, турли жанрлардаги суратлардан фойдаланиши билан ўта шахсий  маълумотларни, ҳатто ўз руҳий кечинмаларини ифода этади. Масалан, профилдаги суратлар, афоризмлардан мулоқотчининг аёл ёки эркак эканлиги, ёши, ижтимоий аҳволи, қизиқишлари, иш ёки ўқиш жойи, дунёқараши ва савияси ҳақидаги маълумотларни “тушуниб олиш” учун психолог-мутахассис бўлиш шарт эмас. Айниқса, афоризм-профиллар орқали инсон ўзининг шахсий кечинмалари, руҳий ҳолати, характерининг заиф жиҳатлари ҳақида ахборот тарқатади (профиль-маълумот тарқатиш борасида ҳам эркакларга қараганда аёллар етакчилик қилмоқда). Бу эса бадният шахслар учун жуда қўл келадиган хатарли вазиятдир.

Телеграм алоқанинг кенг қулайликларидан бири бу: онлайн-мулоқотдагиларнинг бир-бирларига турли форматдаги ҳужжатлар, жонли тасвир, фотосурат, аудио-хабар, видео-хабар узатиш имкониятидир. Мулоқотчилар компьютер, ноутбук, нетбук, уяли телефон, планшет, смартфон, гаджетларнинг техник имкониятларидан максимал даражада фойдаланадилар. Бу эса алоқа (чат) интерактивлигини, тезкор, “қайноқ” хабарлар айланмасини таъминлайди.

Аммо мессенжер алоқа воситасининг ахборот манбаи сифатида фаолият юритиши жамият турмуш тарзига жиддий зарар етказиш эҳтимоли кучли. Зеро, бу алоқа тури Интернет сарҳадларидаги энг фаол тизим. Чунки бугунги кунда ихтиёрида техник воситаси бўлган ҳар қандай шахс ахборот йиғиш ва уни тарқатиш имкониятига эга. Гарчи, бу шахс ахборот мутаҳассиси сифатида махсус билимга эга бўлмаса-да, дунё миқёсида ахборот йиғиш, сақлаш, уни қайта ишлаш ва тарқатиш борасидаги мавжуд қонунлардан бутунлай бехабар бўлишидан қатъий назар унга буни таъқиқлашнинг имкони йўқ.

Халқаро тармоққа қўйилган ҳар қандай хабар, у тўғри ё нотўғри, текширилган ё текширилмаган, манбали ё манбасиз бўлишидан қатъий назар истеъмолчига етиб боради ва ҳатто, бу истеъмолчилар сони минглаб, миллионлаб бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Дунё миқёсида каечаётган “хабарлашиш” жараёнларида телеграм мессенжер алоқасининг “ҳиссаси” салмоқлидир. Бу алоқа турининг қулайликлари, фойдали жиҳатлари тарозининг бир палласига қўйилса ва унинг хатарли оқибатлари бошқа паллага жойлаштирилса, тарози паллалари тенглашади. Фақат бу икки палланинг биридаги истеъмолчилар сон жиҳатдан “хатарли палла” истеъмолчиларига қараганда афсуски, озчиликни ташкил этади.

Давлатларда қонун устуворлиги қанчалик муҳим бўлмасин, ахборот истеъмоли масалаларида ҳар бир шахснинг индивидуал ёндашуви мавжуд. Интернет имкониятларидан тўғри фойдалана билиш кўникмаларини тарбиялаш борасида миллий қадриятлар, анъаналарни одамлар онгига сингдириш орқалигина Онлайн хатарларга қарши иммунитет ҳосил қилиш мумкин. Айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқ керак. Қонунлар билан таъқиқлаб, имкониятлардан фойдаланиш ҳуқуқларини чеклаш билан ёшларимизни Интернет хатарлардан ҳимоя қила олмаймиз. Аксинча, биз катталар улар билан ёнма-ён замонавий коммуникация технологияларини фаол ўзлаштириб боришимизни давр тақозо этмоқда. Бунинг учун эса медиатаълим йўналишини такомиллаштириб, болалар боғчаси, умумтаълим мактаблари, ОТМлар ўқув дастурига киритиш лозим. Ўсмир ва ёшлар, болаларда медиаодоб нормалари борасидаги кўникмаларни тарбиялаш зарур.

 Муҳайё САИДОВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети ўқитувчиси, журналист.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: