Аҳолини кўп гўшт ейишда айблаб чиққан Испаниянинг истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича вазири Альберто Гарсон кескин танқидларга нишон бўлди. Жаноб Гарсонга кўра, Испанияда ҳар йили 70 млн бош чорва моллари ва қушлар сўйилмоқда. Вазир испанияликлар Европа Иттифоқида энг кўп гўшт истеъмол қилаётган миллат эканини даъво қилиб, камроқ гўшт тановул қилишга чақирган.
Пандемия даврида хийла руҳий толиқишга учраган жамият вазирнинг бу сўзини ғазабнок кайфиятда қабул қилди. Фермер ҳамда чорвадорлар-ку вазирни сихга тортиб кабоб қилиб юборишларига бир бахя қолди!
Испания гўшт ишлаб чиқарувчилар уюшмалари вазирни 2,5 миллион киши иш билан банд бўлган ва давлат ғазнасига ҳар йили 9 миллиард евро даромад келтираётган соҳани обрўсизлантиришда айблаб чиқди.
Мухолиф партиялар ҳам истеъмолчилар ҳуқуқлари бўйича вазирнинг ташаббусини кескин қоралади. «Вазирнинг ушбу фикри унинг оддий халқ ҳаётидан қанчалар узоқлашиб кетганини кўрсатади», – деб баёнот берди «Овоз» партияси. Халқ партияси эса гўштдан парҳез қилишга чорлаётган вазирнинг онги коммунизм ғояси билан заҳарланганини иддао қилди.
Қизиғи, Альберто Гарсоннинг ҳукуматдаги ҳамкасблари ҳам унга хайрихоҳлик кўрсатишмади. Масалан, Испания қишлоқ хўжалиги вазири Луис Планас камроқ гўшт ейиш ҳақидаги фикрни муваффақиятсиз ташаббус деб атади. Бош вазир Педро Санчес эса қўл остидаги амалдорнинг бемаврид таклифига муносабат билдирар экан, қулинг ўргилсин бифштексдан воз кечиш ниятида эмаслигини билдирди.
Танқид бўрони остида қолган А.Гарсон давлат телеканали орқали чиқиш қилиб ўзини оқлашга уринди. Хусусан, гўштхўрликдан бутунлай воз кечишни таклиф этмаётгани, балки мутахассислар тавсиясига риоя этишга ундаётганини маълум қилди. Қайд этилишича, ўртамиёна турмуш кечираётган испан ҳафтасига 1 килодан ошиқ гўшт истеъмол қилмоқда. Испания ваколатли идоралари эса бу кўрсаткични 200-500 граммга тушириш лозим деб ҳисоблайди.
Аввалроқ Ўзбекистон фермерлар кенгаши ва либерал-демократик партия раиси Актам Ҳайитов ҳам «Жуда кўп гўшт емоқдамиз» деган даъвоси ортидан интернет юлдузига айланган эди.
«Гўшт нархи нега қимматлаб кетяпти деб ўйлайсизлар? Тўғри, озуқа етишмаслиги биринчи сабаб, иккинчидан, бугун биз жуда кўп гўшт истеъмол қиляпмиз. Шунчалик кўп гўшт емоқдамизки, бунинг натижасида кўпгина касалликлар пайдо бўляпти», – деган эди А.Ҳайитов 2019 йилнинг сентябрида.
Жамоатчиликнинг кескин эътирози сабаб сиёсий арбоб кейинроқ баёнотига батафсил изоҳ беришга мажбур бўлган эди.