Куни кеча Туркиянинг Истамбул шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Наргиза Асадованинг «Müjde» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда уюшма Ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Истамбулдаги бош консуллиги томонидан ташкил этилган тақдимот маросими Турк дунёси маданият маҳалласи (Türk Dünyası Kultur Mahallesi)да бўлиб ўтди.
Тақдимотни Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консули Амирсаид Аъзамхўжаев кириш сўзи билан очаркан, ўзбек ва турк халқлари дўстлиги, биродарлиги азалдан мустаҳкам эканини, бу ҳамкорликка адабий алоқалар ҳам ўзига хос катта улуш қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари вакиллари, шоирлари сўзга чиқиб, ўзбек адабиётида Алишер Навоий асарлари, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби устозларнинг беқиёс ижоди ҳақида тўхталиб, шоира Наргиза Асадовани янги китоби билан самимий муборакбод этишди.
Тақдимот давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган китоблар қардош халқларга совға қилинди. Ўзбекона дастурхон ва миллий палов меҳмонларни янада хушнуд этди.